06.12.2016

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигимиз талаблари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойил­лари асосида очиқ ва ошкора ўтказилганини таъкидлади.

Хусусан, сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчининг 17 миллион 951 минг 667 нафари овоз беришда иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 87,73 фоизини ташкил этади. Шундай қилиб, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, Президент сайлови ўтган, деб ҳисобланади.

Анжуманда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчилар кузатиб борди.

Бундан ташқари, сайловда иштирок этган 4 та сиёсий партиянинг 37 мингдан зиёд вакиллари ҳам овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатиб борди. Сайлов комиссиялари томонидан уларнинг фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Сайлов кампаниясини мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 нафардан ортиқ вакили кенг ёритмоқда.

Овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнида сайловга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилгани ҳақида Марказий сайлов комиссиясига сайловчилар, сиёсий партиялар кузатувчилари, халқаро ва хорижлик кузатувчилардан мурожаатлар келиб тушмаган.

Марказий сайлов комиссияси раиси кеча, яъни 4 декабрь куни овоз бериш якунлангач, сайлов участкаларида Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатуви остида ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқиш ишлари бошланиб, бу жараён охирига етганича танаффуссиз давом эттирилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан кўрсатилган номзод Сарвар Садуллаевич Отамуратовни ёқлаб, 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган — сайловчиларнинг 2,35 фоизи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партия­сидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевни ёқлаб, 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 88,61 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Хатамжон Абдурахмонович Кетмоновни ёқлаб, 669 минг 187 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 3,73 фоизи, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажидович Умаровни ёқлаб, 619 минг 972 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 3,46 фоизи овоз берган.

Брифинг иштирокчиларига ҳозирги пайтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённома ва бошқа материалларни кўриб чиқаётгани ҳақида ахборот берилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ зарурат бўлса, айрим участка сайлов комиссияларининг материаллари ҳам синчиклаб текширилади ва шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаси бўйича қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай, яъни 2016 йил 14 декабрга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: