06.12.2016

ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР МИССИЯЛАРИ ЎЗ ХУЛОСАЛАРИНИ БАЁН ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб борган халқаро ташкилотлар миссияларининг якуний матбуот анжуманлари бўлиб ўтди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси матбуот анжуманида миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов миссиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига бағишланган баёнотини ўқиб эшиттирди.

Р.Алимов ташкилот кузатувчилари сайлов кампаниясининг бориши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси билан танишганини таъкидлади. Миссияга Президентликка номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида тўлиқ ахборот тақдим этилди.

Миссия баёнотида Президентликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар берилгани, сайловолди ташвиқотини олиб боришда қонунни бузиш ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган.

Овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини сарҳисоб қилишни холис баҳолаш мақсадида миссия участка сайлов комиссияларининг фаолияти билан ҳам танишди. Ўз фаолияти давомида миссия 13 сайлов округида 235 сайлов участкасида бўлди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти, турли даражадаги сайлов комиссиялари аъзолари, сайловчилар, маҳаллий кузатувчилар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссиялари аъзолари билан учрашувлар ўтказди.

ШҲТ кузатувчилари миссияси баёнотида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилган сўнгги йиллардаги ислоҳотлар юқори баҳоланди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган материалларнинг ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, рус, тожик тилларида тарқатилгани, оммавий ахборот воситалари орқали 15 тилда чоп этилганига эътибор қаратилди.

Миссия овоз бериш куни ёшларнинг юқори фаоллигини, шунингдек, сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёш авлод вакилларига участка сайлов комиссиялари томонидан алоҳида эътибор кўрсатилганини қайд этади.

Миссия кузатув якунлари бўйича Президент сайлови Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги, Марказий сайлов комиссиясининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ҳамда демократик вазиятда ўтгани таъкидланди.

Миллий сайлов қонунчилиги меъёрларига зид келадиган қонунбузилиш ҳолатлари миссия томонидан қайд этилмади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев бошқарди.

С.Лебедев Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигига кейинги йилларда киритилган ўзгартишлар уни янада такомиллаштирганини таъкидлади.

— Биз сайлов жараёнини эркин кузатишимиз учун барча шароит яратиб берилди, — деди Сергей Лебедев. — Сайлов комиссиялари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан учрашдик, фуқаролар, сиёсий партиялар кузатувчилари билан суҳбатлашдик. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлиб, жойларда сайловга тайёргарлик ишлари билан танишдик, овоз бериш жараёнини кузатдик. Сайлов юксак савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Сиёсий партиялар кузатувчилари ва халқаро экспертлар билан фикр алмашиб, сайлов очиқ ва ошкора ўтгани ҳақида якдил хулосага келдик.

Миссия вакилларининг таъкидлашича, Марказий сайлов комиссияси томонидан қисқа муддатда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган. Бунда миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш янада такомиллашгани алоҳида қайд этилди. Округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари, мамлакат сайлов амалиётида биринчи марта “Press klub: Saylov.uz – 2016” пресс-клуби фаолиятининг йўлга қўйилгани, МДҲ кузатувчилари фикрича, бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

МДҲ кузатувчиларида ёши улуғ кишилар билан бир қаторда ёшлар ҳам сайловда бирдай фаоллик кўрсатгани катта таассурот қолдирди. Айниқса, илк бор овоз берган 550 мингдан зиёд йигит-қизнинг сайловчилар рўйхатида алоҳида қайд этилгани диққатга сазовор. Сайлов участкаларига кела олмаганларнинг овоз бериши ва муддатидан олдин овоз бериш учун яратилган шароитлар юксак даражада ташкил этилди.

* * *

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини миссия раҳбари, ассоциация Бош котиби Ким Ён Хи бошқарди.

4 декабрь — сайлов куни миссия вакиллари Тошкент ва Бухоро шаҳарларидаги сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш ҳамда уларни санаб чиқиш жараёнини кузатгани таъкидланди. Миссия раҳбарининг фикрича, сайлов юксак ташкилий даражада ўтди, сайловчилар овоз беришда фаол иштирок этди, овозларни санаб чиқиш жараёни очиқ ва ошкора амалга оширилди.

— Кузатув давомида сайлов қонунчилиги бузилганига гувоҳ бўлмадик, — деди Ким Ён Хи. — Сайлов участкаларида овоз бериш учун барча шарт-шароит яратилган, комиссия аъзолари юқори тайёргарликка эга. Юқори электорал фаоллик аҳолининг мамлакат келажаги учун ўз сайлов ҳуқуқини амалга оширишдан манфаатдорлигидан далолат беради. Бу Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясининг барча босқичлари юқори даражада ташкил этилганини кўрсатади.

* * *

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги баёнотини эълон қилди.

Миссия раҳбари, элчи Йохан Петер Трауготт Тейлер Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан самарали сайловолди ишлари ташкил этилгани, мазкур тадбирлар қонунда кўзда тутилган муддатларда бажарилганини қайд этди. Тўрт сиёсий партиядан Президентликка кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари сайловчилар умумий сонининг беш фоизидан бир фоизига қисқартирилгани, сайлов комиссияларининг ошкоралик ва холисликни таъминлаш борасидаги ишлари ижобий баҳоланди.

— ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистон билан бундан кейин ҳам ҳамкорликни давом эттиришга тайёр, — деди П.Тейлер.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун таклиф этилгани мамлакатимиз эркин, очиқ ва адолатли сайлов ўтказишда Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига қатъий риоя қилганининг ёрқин далилидир.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: