05.12.2016

ҲАЙРАТ ВА ҲАВАС УЙҒОТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган хорижий давлатлар, турли халқаро ташкилотлар кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқандда ҳам сайлов жараёни билан танишди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, ҳурмат бажо келтирди. Мухбиримиз айрим кузатувчиларнинг таассуротлари билан қизиқди.

 

Лиза УИЛЬЯМС, конгрессмен, Э.Фалеомеваеги маъмурияти раҳбари (АҚШ):

— 2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов суҳбатидан баҳраманд бўлган эдим. Буюк давлат ва сиёсат арбоби билан бўлган ўша суҳбат кечагидек эсимда. Ушбу мулоқот чоғида халқаро иқтисодий сиёсат бобида кўп нарса ўрганганман. Шу боис, ­Самарқандга ташрифимни у кишининг қабрини зиёрат қилишдан бошладим.

Сайлов жараёни ҳақида айтадиган бўлсам, Президентликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган сайловолди ташвиқоти билан танишиб чиқдим ва уларнинг ҳар бирига матбуот саҳифалари, телевидение ва радио орқали чиқиш қилиши учун тенг имкониятлар яратилган. Бу Ўзбекистоннинг умумэътироф этилган демократик қадриятлар тарафдори эканидан далолатдир.

 

Бахтиёр ХУДОЁРЗОДА, Тожикистон Республикасининг сайлов ва референдумлар бўйича марказий комиссияси раиси:

— Ўзбекистон сайлов тизимидан яхши хабардорман. Мамлакатингиз сайлов қонунчилиги халқаро стандартларга тўла мос келади. Сайловчиларнинг конституция­вий ҳуқуқи ва жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган демократик принциплар таъминланмоқда. Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистонда ижтимоий ва давлат қурилиши соҳасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон йилдан-йилга ўзгариб, янгиланиб бормоқда. Айниқса, Самарқанд шаҳри менга жуда ёқди. Бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари — замонавий иншоотлар, кенг йўл ва кўприклар, турли боғ ва хиёбонлар, замонавий муҳташам майдонлар кишини мафтун этади.

 

Исмини КРИАРИ, Афина Пантеон ижтимоий ва сиёсий фанлар университети ректори, конституциявий ҳуқуқ профессори (Греция):

— Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги бир неча сайлов участкаларида бўлдим. Қайси сайлов участкасига бормайлик, у ердаги тозалик, озодалик, одамлар юз-кўзидаги кўтаринкилик, байрамона кайфият хорижлик кузатувчилар руҳиятига ҳам ижобий таъсир этди.

Участкаларда сайловчилар учун барча шароит яратилган. Уларда сайловчилар умумий рўйхатидан ташқари сиёсий тадбирда илк бор қатнашаётган, шунингдек, ногирон сайловчиларнинг рўйхати алоҳида-алоҳида шакллантирилган. Айниқса, кўзи ожизлар учун брайль алифбосидаги сайлов бюллетенлари ташкил қилингани мамлакатингизда барча фуқаролар тенг имкониятга эгалиги, инсон қадр-қиммати, манфаатлари ҳар нарсадан устувор экани далилидир.

Сайлов участкаларида она ва бола хонасининг ташкил этилгани эътиборимни тортди. Бизнинг сайлов тизимимизда оналар ёки болалар учун бундай имконият яратилмаган. Бу тажрибани дунё миқёсида оммалаштиришни таклиф этган бўлардим.

 

Ги Оливье ФОР, Сорбонна университети профессори, халқаро музокаралар бўйича мутахассис (Франция):

— Ўзбекистонда ушбу сиёсий жараёнга халқаро талаблар даражасида тараддуд кўрилган. Айниқса, сайловчилар учун тарқатилган таклифнома эътиборимни тортди. Унга номзодлар рўйхати, сайловчининг ҳуқуқий мақоми, сайлов қонунчилигига доир меъёрий ҳужжатлардан содда ва лўнда қилиб бандлар киритилган.

Участка раиси, ўринбосари ва аъзолари бир неча тилда бемалол суҳбатлашаётгани мени ҳайратлантирди. Бу Ўзбекистонда чет тилларни ўрганишга алоҳида аҳамият берилаётгани исботидир.

 

Давид ГЕЕРТС, Бельгия парламенти вакиллар палатаси аъзоси:

— Сайлов участкаларини кузатиб, Ўзбекистон ва Бельгия сайлов тизимидаги муштарак жиҳатларга гувоҳ бўлдик. Участка сайлов комиссиялари аъзолари самарали фаолият кўрсатмоқда. Тизимга юқори тажрибали мутахассислар жалб қилингани, сайлов жараёнида халқингизга хос миллий-маданий жиҳатлар акс эттирилгани диққатга сазовор.

Самарқанд ҳақида кўп эшитганман. Бу шаҳар юксак цивилизация, йирик мада­ният марказидир. Бугун уни то­моша қилиб, лол қолдим. ­Самарқанд мен ўйлаганимдан ҳам гўзал ва мафтункор экан. Тарихий обидалар ва замонавий иншоотлар жуда кўп. Бу қадимий обидаларнинг тарихи, уларда сақланаётган ноёб ашёлар ҳақида маълумотларни тинглаб, ўзбек ­халқи тарихи нақадар қадимий ва бой эканига амин бўлдим. Бу маданий бойлик авлоддан-авлодга безавол етказилаётгани алоҳида эътиборга сазовордир.

 

ЎзА мухбири

Ғ.ҲАСАНОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.