05.12.2016

САЙЛОВЧИЛАР УЧУН ҲАММА ШАРОИТ ЯРАТИЛДИ

Зайнабхон МАМАЖОНОВА, Бухоро давлат университети талабаси:

— Яқинда 18 ёшга тўлдим ва бугун биринчи марта ўз сайлов ҳуқуқимдан фойдаландим. Сайлов­олди тарғиботлари жараёнида Президентликка номзодларнинг дастурлари билан танишдим. 131-сайлов участкасига чиқиб, улар орасидан ўзим танлаган муносиб номзод учун овоз бердим. Овоз бериш пайтида катта ҳаяжон ва масъулият ҳис қилдим. Чунки фуқаролик бурчимни адо этиш, мамлакатимиз тараққиёти, ҳаётимиз фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшиш имкониятидан фойдаландим.

Сайлов кунига қадар номзодларнинг дастурий мақсадларини таҳлил этдим, ўзим яшаётган маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб уларни таққосладим. Чунки мен қўллаб-қувватлаган номзод эртага менинг, яқинларим манфаатини ҳимоя қилиши, мамлакатимизни тараққий эттириши керак. Демак, сайлов сайловчи учун катта масъулият, мен каби йигит-қизларга билдирилган юксак ишонч, дегани. Бугун ана шу ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.

 

Абдуманноб ФАТТОХОВ, Кўзи ожизлар жамияти Сирғали туман бўлими раиси:

— Бу йил 70 ёшга тўлдим. Ўтган умрим давомида кўплаб ҳаёт ҳақиқатларини англадим. Бизнинг юртимизда ҳар бир инсон юксак қадрланади. Гапни узоқдан бошлашимдан мақсад барчага тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилган ватанда яшаётганимдан мамнунлигимни айтиш.

Бунга мисол қилиб бу йилги сайлов жараёнларини олишимиз мумкин. ­Имконияти чекланган ёки сайлов куни овоз бериш ­участкасига кела олмайдиган фуқаролар учун ҳам барча шароитлар яратилди. Айниқса, брайль шрифтли сайлов бюллетенларининг жорий этилиши мени жуда қувонтирди.

Бугун биринчи марта бировнинг кўмагисиз номзодларнинг дастурлари билан танишиб, шахсан ўзим, овоз бериш имконига эга бўлдим. Очиғини айтсам, бу йил сайловда илк бор овоз бергандек ҳис қилдим ўзимни. Мамлакатимиз янада тараққий топишига тўла ишонч билан ўзим муносиб, деб билган номзодга овоз бердим.

 

Султонбой АЗИЗОВ, Наманган шаҳридаги 26-сайлов участкасидаги ЎзХДП кузатувчиси:

— Участкамизда 2330 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Уларнинг 11 нафари муддатидан олдин овоз берди. 65 нафари эса биринчи марта сайловда иштирок этди.

Кузатувчиларнинг сайловдаги иштироки сайловнинг очиқ-ошкора ўтишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Сайлов жараёнини диққат билан кузатиб бордим. Овоз бериш қонунда белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилди.

Яна бир нарсани айтишни истардим. Овоз беришга келган юртдошларимизнинг кўтаринки кайфиятини кўриб, хурсанд бўлдим. Тинчлигимиз ва тараққиётимизга ишончим янада ортди.

 



Мунира МИРДАДАЕВА, меҳнат фахрийси (Тошкент шаҳри):

— Ёшим 66 да. Фар­зандларим, набираларим эрта тонгдан сайлов участ­касига боришди. Уларнинг тайёргарликларини кўрган одам байрамга кетаяпти, деб ўйлаши мумкин. Ҳавас билан уларни кузатиб қолдим.

Оёғим оғрийди, яхши юра олмайман. Овоз беришга чиқолмаганимдан кайфиятсиз ўтирган эдим. Бир пайт уч киши уйимга келди. Сўрасам, 212-сайлов участкасиданмиз, де­йишди. Улар менга ўхшаб, сайловга чиқа олмайдиганларнинг уйларига бориб, оғирини енгил қилаётган экан. Барака топишсин.

Сайлов ҳуқуқидан фойдаланишимиз учун яратилган имкониятлардан мамнунман. Фарзандларим, набираларим келажаги, Ватанимиз тарақ­қиё­ти учун овоз бердим.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.