05.12.2016

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ЖОРИЙ ЯКУНЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз беришнинг жорий якунларини эълон қилди. 

4 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 20 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида овоз бериш якунланди. Ўзбекистон Республикасининг Миср, Европа давлатлари ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда. 

Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда 17 миллион 941 мингдан зиёд сайловчи иштирок этди. Бу жами сайловчиларнинг 87,83 фоиздан ортиғини ташкил этади. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида халқаро кузатувчилар, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда шу ҳақда маълум қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунларда мустаҳкамланган халқаро демократик меъёр ҳамда тамойилларга риоя этилган ҳолда очиқ ва ошкора ўтгани таъкидланди. 

Мамлакатимиз фуқаролари сайловда юксак сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этди. Соат 11 га қадар сайловчиларнинг 33 фоизидан ортиғи овоз беришда иштирок этгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Айни пайтда сайлов участкаларида ҳар бир номзод учун берилган овозлар санаб чиқилмоқда. Сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан 37 мингдан зиёд кузатувчи, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. 

Сайлов давомида жойлардан сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида хабар келиб тушмади. 

5 декабрь куни бўлиб ўтадиган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинади. Шу куни халқаро кузатувчилар миссиялари ҳам матбуот анжуманлари ўтказади. 

 

Беҳзод Бозоров,

ЎзА 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: