Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.12.2016

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, сайлов тизими ходимлари, олимлар ҳамда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Канада, Бельгия каби мамлакатлардан экспертлар иштирок этди.

Халқаро конференцияда демократик сайловларни ўтказишда Ўзбекистон тажрибаси, мустақиллик йилларида миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимининг ривожланиши, унинг халқаро стандарт­лар талабларига мувофиқлиги, мазкур Президент сайловининг аввалги сайловлардан фарқли жиҳатлари, хусусан партиялараро рақобат кучайгани, номзодларнинг истиқболга хизмат қилувчи дастурлари, сайловнинг янгича ижтимоий-сиёсий шароитда бўлиб ўтаётгани, аҳолининг фаоллиги кучайгани, сайлов кампаниясида фуқаролик жамияти институтларининг роли ошгани каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Конституциявий суд раиси Б.Мирбобоев ва бошқалар Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз олдига инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни бош мақсад қилиб қўйганини таъкидлади. Ушбу мақсадни рўёбга чиқаришда халқимиз ўтган йигирма беш йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида жаҳон аҳли тан олган мислсиз ютуқларга эришди.

Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар Конс­титуциямизнинг 13-моддасида белгиланган Ўзбекистон Республикасида демократия умум­инсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бош­қа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади, деган қоидани ҳаётга татбиқ этишга қаратилди. Натижада юртимизда инсон ҳуқуқларини юксак даражада ҳимоя қилишга йўналтирилган қонуний асослар, уни амалда таъминлаш механизмлари мустаҳкамланди.

— Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда, — деб таъкидлади Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси бош котиби, Жанубий Корея Миллий сайлов комиссияси раиси Ким Ёнг Хи. — Халқаро стандартлар талабига кўра, сайловлар ҳаққоний, очиқ, ошкора ўтказилиши лозим. Унда ҳар бир фуқаронинг эркин иштироки таъминланиши, шу орқали халқнинг хоҳиш-иродаси аниқланиши керак. Ўзбекистонда айнан мана шу талабларни бажариш йўлида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Сайлов жараёнига ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилгани айрим қонунбузарликлар, масалан, такрорий овоз бериш ҳолатларининг олдини олади. Ўзбекистон Бутун жаҳон сайлов органларига аъзо давлат сифатида халқаро сайлов тамойилларини миллий қонунчиликка имплементация қилган ва уларга риоя этаётган давлатдир. Бу йўлдаги самарали ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб бораверади.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлашга қаратилган самарали сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими шакллантирилди. Бунда нафақат миллий, балки илғор хорижий ҳамда умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга асосланилди. Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги асосини Инсон ҳуқуқ­лари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқ­аро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқ­аро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган ва жаҳонда эътироф этилган муҳим демократик принциплар ташкил қилади. Умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш, ошкоралик ва очиқлик сайловларнинг асосий принциплари этиб мустаҳкамлаб қўйилган. Сайловга оид қонун ҳужжатлари, жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун такомиллаштирилди. Марказий сайлов комиссиясига конс­титуциявий орган мақоми берилди.

Ўзбекистон Республикасида сайлов тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим хусусияти — унинг демократик ўзгаришларга мувофиқ бос­қичма-босқич, изчил такомиллаштирилганидир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мамлакатимиз сайлов тизимини демократик ривожлантиришнинг муҳим босқичини бошлаб берди. Концепцияда илгари сурилган ғоялар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига сўнгги йилларда киритилган тузатишлар ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, сайлов тизимини янада демократлаштиришга қаратилди.

Конференция иштирокчилари томонидан сайловнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар, 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилган тайёргарлик ишлари юқори баҳоланди. 2015 йил декабрь ойида «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар ва бош­қа қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ижобий баҳоланди. Сиё­сий партияларнинг сайловда иштирок этишини енгиллаштириш мақсадида Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашда зарур бўлган имзолар сони 5 фоиздан 1 фоизга қисқартирилгани, сайловолди ташвиқотини ўтказиш шакллари, турлари ва усуллари тўғрисидаги норманинг мустаҳкамлаб қўйилгани, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби белгилангани, овоз бериш бошланишига бир кун қолганида ташвиқот қилинмаслиги ва бош­қа ўзгартиш ва қўшимчалар ижобий мисоллар сифатида алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Сайловнинг очиқлик ва ошкоралик руҳида ўтиши учун сайлов участкаларида сиёсий партияларнинг вакиллари, шунингдек, халқаро кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши учун барча шароитлар яратилган. Сайлов кампанияси давомида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Сайловчиларни кўпроқ қамраб олиш мақсадида Президентликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари видеоконференцалоқа режимида ташкил этилди. Марказий сайлов комиссияси ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳузурида сайлов билан боғлиқ шикоятларни қабул қилиш бўйича «ишонч телефонлари» ташкил этилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан кўзи ожиз сайловчилар учун брайль алифбосида сайлов бюллетенлари чоп этилди.

Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, Президент сайлови бўйича 2016 йилги сайлов кампаниясини ҳар томонлама холис ёритиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси мамлакатимиз етакчи телерадиокомпания ва ахборот агентликлари билан бир қаторда нодавлат оммавий ахборот воситалари билан битимлар имзолади. Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссиялари томонидан 1,4 мингдан ортиқ хорижий ва миллий омма­вий ахборот воситаларининг вакили аккредитациядан ўтказилди. Сайлов кампанияси бошлангандан бери мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида бу мавзуда 17 мингга яқин, хорижий оммавий ахборот воситаларида мингдан ортиқ материал эълон қилинди. Сайлов жараёнини холис ва тезкор ёритиш бўйича журналистларга барча зарур шарт-шароит яратилди. Сайлов арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича «Press klub: Saylov.uz-2016» пресс-клубининг очилгани ҳам шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Конференцияда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида шаклланган фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакатимизда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айлангани алоҳида эътироф этилди. Фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратилмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга ёрдам берилмоқда. Аҳолининг сайлов маданияти юксалгани, бу жараёнда фаоллиги кучайгани ҳам шунинг самарасидир. Энг муҳими, бундай ташкилотларнинг нуфузи ошиб, мустаҳкамланиб боргани сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси сайлов қонун ҳужжатларига халқаро сайлов стандартларининг айрим нормаларини имплементация қилиш, Германия Федератив Республикасида сайловчилар хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини таъминлаш, Нидерландияда сиёсий гуруҳлар, номзодлар ва сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг ҳамкорлиги, АҚШ Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, Францияда сайлов кампания­си давомида жамоатчилик фикри сўровларининг роли тўғрисидаги маърузалар конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Дунёнинг 22 давлатидан 80 га яқин эксперт иштирок этган конференцияда иштирокчилар Ўзбекистонда халқаро демократик принциплар ва стандартларга тўла мос бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқ­ини таъминловчи самарали ҳуқуқий база яратилганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекис­тонда давлат бошқаруви, хусусан Президентлик институтининг демократик тамойиллар асосида шакллантирилгани, бўлажак сайловнинг ана шу асосда ўтказилиши нафақат мамлакатимиз, балки минтақада барқарорлик таъминланишига хизмат қилиши қайд этилди.

Экспертлар халқаро сайлов стандартлари, сайловни ўтказиш амалиётини янада демократлаштиришга қаратилган ривожланган демократик давлатларнинг ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда сайлов тизимини, сайловга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлиги юзасидан фикр алмашилди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: