03.12.2016

МУНОСИБ НОМЗОДНИ САЙЛАШГА ТАЙЁРМИЗ

Эртага барчамиз учун муҳим кун. Шу юрт фуқароси бўлган ҳар бир шахс сайловда фаоллик кўрсатади, хоҳиш-иродасини эркин ифода этади, муносиб кўрган номзодига овоз беради, албатта.

Президент сайлови катта-кичик давралардаги суҳбатларнинг бош мавзусига айланган. Қувонарлиси, ҳамюртларимиз сайловда кимга ва нима учун овоз берилишини, ўзи, оиласи, фарзандларининг келажаги бевосита унинг танловига боғлиқ эканини яхши англамоқда.

 

Обоқул МИРЗАЕВ, 2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси:

— Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 773-сайлов участкаси ташкил этилган. Уларнинг 13 таси ҳарбий қисмларда жойлашган. Мазкур участкаларнинг барчаси сайловга шай ҳолатга келтирилди. 8155 сайловчи қонунга мувофиқ муддатидан олдин овоз берди.

Барча сайлов участкаларида хоналар зарур жиҳозлар қонун, йўриқнома, қўлланма ва адабиётлар билан тўла таъминланган. Она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилган. Комиссия аъзолари ўртасида вазифалар ­тақ­­­­­­­­сим­ланиб, навбатчилик йўлга қўйилган. Сайловчилар участ­каларда сайловга оид қонунлар, кундалик матбуот нашрлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олмоқда.

Бундай тайёргарликни вилоятдаги барча сайлов участ­каларида кўриш мумкин. Сайлов участкалари сайловчиларнинг келишига қулай бўл­ган замонавий биноларда жойлашган. Участкалар 100 фоиз интернет тармоғига уланган. Бир сўз билан айтганда, биз эртага бўлиб ўтадиган мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнга тайёрмиз.

 

Санъатбек МУЗАФФАРОВ, Ўзбекистон Миллий университети талабаси:

— Бу йил сайловда иккинчи марта иштирок этаётган бўлсам-да, биринчи сафаргидек катта ҳаяжон ва масъу­лият ҳис қиляпман. Бу муҳим сиё­сий жараёнда ҳам­юрт­ларимизнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари ҳамда ҳар бир овознинг аҳамияти ҳақида яхши тушунчага эгаман.

Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилган жараёнларни мунтазам кузатишга ҳаракат қилдим. Оила аъзоларим, дўстларим даврасида номзодларнинг Сайловолди дастурлари кенг муҳокама қилинганига гувоҳ бўлдим. Баъзи ҳолларда суҳбатлар баҳс-мунозараларга ҳам айланиб кетди. Ҳамманинг ўз фикри, Президентликка номзодлар илгари сурган ғоя ва мақсадлар хусусида қарашлари бор. Тенгдошларимнинг сайлов, унинг аҳамияти ҳақидаги тушунчалари юксалгани, ислоҳотларга, жамиятимизда рўй бераётган жараёнларга дахлдорлик туйғуси ортганидан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Ишонч билан айта оламанки, биз оила аъзоларимиз билан сайловга тайёрмиз. Ёшларга муносиб йўлбошчи, бошланган улкан ислоҳотларнинг давомчиси бўладиган номзодга овоз берамиз.

 

Ирина ЗОТОВА, меҳнат фахрийси (Бухоро вилояти):

— Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ. Миллий маданий марказлар самарали фаолият олиб бор­япти. Турли миллат вакилларининг маданияти, санъати ва миллий қадрият­ларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Давлат ҳамда жамият тараққиё­тининг асосий омилларидан бири бағрикенгликдир.

Муҳими шундаки, мамлакатимиздаги миллатлар­аро муносабатларнинг барқарорлиги тинч, осойишта ҳаётимизда, барча соҳада қўлга киритилаётган салмоқли ютуқларимизда ўз ифодасини топмоқда. Бугунги осуда ҳаётимизни асраш, олиб борилаётган ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш эртага сайловдаги иштирокимизга боғлиқ, деб ўйлайман.

Президент сайловида иштирок этишни фуқаролик бурчим, зиммамдаги катта масъулият, деб биламан. Шу боис, сайловга тайёргарлик жараёнларини мунтазам кузатиб бордим. Жойларда ташвиқот ишлари, номзодлар, уларнинг ишонч­ли вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда фаол қатнашдим. Ҳудудимиздаги сайлов участкасига бориб, овоз бериш учун яратилган шароит­лар билан танишдим.

Эртага ҳар биримиз овоз бериш учун сайлов участкасига чиқамиз. Бу муҳим жараёнга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил фикрлаб, ким мамлакат раҳбари бўлиши кераклиги тўғрисида бир хулосага келишимиз керак. Юртдошларимизнинг сайловда фаол иштирок этишига ишонаман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб лди.



DB query error.
Please try later.