01.12.2016

КЕЛАЖАК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

Ёшларнинг мамлакатимиздаги ижти­моий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши долзарб масаладир. Партиямиз ташкилотлари, «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари бунга алоҳида эътибор қаратиб келяпти.

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан Темурийлар тарихи давлат музейида ўтказилган «Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш масалалари» мавзусидаги илмий-амалий анжуманда шу ҳақда атрофлича фикр юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат ислом университети, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Истиқбол» ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчилари, бир гуруҳ иқтидорли ва истеъдодли ёшлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда тарғиботчилар гуруҳи аъзолари иштирок этди.

«Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбир самимий мулоқот руҳида, интерфаол усулда ўтказилди.

Ҳожиакбар ЧОТБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши сектор мудири:

— Ҳар биримиз жамият олдидаги бурчимизни чуқур англаб етишимиз зарур. Биз тадбирларимизда имкониятлардан оқилона фойдаланиш йўлларини илм-фан, спорт ва бошқа соҳаларда эътиборли ютуқларни қўлга киритган ёшлар мисолида кўрсатиб беришга ҳаракат қиляпмиз.

Сафимиздаги йигит-қизлар том маънода ёш сиёсатчилар ҳисобланади. Уларнинг ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар ва қарорлар мазмун-моҳиятидан яқиндан хабардор бўлиши — муҳим масала. Демак, жойларда депутатлар, жамоат арбоблари, эл-юрт назаридаги кишилар билан учрашувлар ташкил этиш анъан­а­сини янада ривожлантиришимиз керак, деб ўйлайман.

Дониёр САЛИЕВ, XV Паралимпия ўйинлари ғолиби:

— Бугун юртимизда яратилган шароит ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган йигит-қизлар нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам улкан ютуқларга эришяпти. Бу ҳақда деярли ҳар куни бир хушхабар эшитамиз. Демак, бизга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ўз меваларини беряпти.

Болалагимдан спорт билан шуғулланаман. Оиламдагиларнинг ҳаммаси спортга қизиқади. Бу йил Бразилияда бўлиб ўтган паралимпия ўйинларида узунликка сакраш ҳамда 400 метр­га югуриш бўйича 2 та бронза медалини қўлга киритдим. Юртимизда спортга эътибор кучли. Бошқа соҳаларда ҳам имкониятлар эшиги кенг очиқ. Тенгдошларимга спортнинг аҳамияти, ютуқларим замирида биз ёшларга берилаётган катта имкониятлар ва ғамхўрлик тургани ҳақида гапириб бердим.

Ниғматулла АБДУҚЎЧҚОРОВ, Зангиота тумани, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

— Туманимизда «Истиқбол» ёшлар қанотининг 150 нафардан ортиқ аъзоси бор. Биз уларни ғайрат ва изланувчанлик билан ўз устида мунтазам ишлашга, янги ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишларига кўмаклашишга доим ҳаракат қиламиз. Қанот аъзолари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан ҳамкорликда ишлаб тажриба орттиряпти. Ёшларимиз Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларда, айниқса, фаол қатнашмоқда.

Олдимизда масъулиятли вазифалар турибди. Тенгдошларимизнинг турмуш тарзини, қизиқишларини доимий равишда ўрганишимиз, уларнинг фаоллигини оширишга ёрдам берадиган тадбирларни изчил йўлга қўйишимиз зарур...

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.