Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
01.12.2016

БАНДЛИК — ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯНИНГ ЭНГ МАҚБУЛ ЙЎЛИ

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов сирдарёлик сайловчилар билан учрашди

Шу кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида сайловолди тарғибот ишлари қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайловда фаол ва муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Сайловчилар, электорат вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларда партиядан Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг дас­турини, унда белгиланган устувор масалаларни жамоатчиликка етказиш, уларнинг ҳаётий аҳамиятини очиб беришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Барчамизга маълумки, Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси мамлакатимизда давлат ва жа­мият­нинг манзилли ижтимоий муҳофаза ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади. Партиядан ­Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов дастури айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларга асосланади. Бу номзоднинг сирдарёлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам алоҳида эътироф этилди.

Учрашувни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаффор Қирғизбоев очди. Номзоднинг ишончли вакили, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Алишер Тошматов Хатамжон Кетмоновнинг фаолияти ҳамда таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.

Номзод, аввало, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси Сирдарё вилоятида ҳам ўз ифодасини топаётганини алоҳида таъкидлади. Буюк Ипак йўлида муҳим ўрин тутган бу ҳудуд ўзининг гўзал табиати, меҳнаткаш ва фидойи инсонлари билан довруғ қозонган. Бугунги кунда ушбу вилоят республикамизнинг электр энергетикаси, енгил саноати, озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Сирдарё мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг энг истиқболли минтақаларидан бирига айланди. Вилоят­да эришилаётган иқтисодий ютуқлар ижтимоий соҳанинг ривожланишига мустаҳкам замин яратмоқда. Хусусан, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси, одамларнинг яшаш шароитлари тубдан яхшиланмоқда. Қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида гапирганда, албатта, ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этиб келаётган вилоят халқининг меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги, фидойилиги ва жонкуярлигини алоҳида эътироф этиш лозим, деди Хатамжон Кетмонов.

Учрашувда номзод мамлакатда амалга ошириладиган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Бунда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иш билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Одамларнинг муносиб иш ўрнига эга бўлиши жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаши, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигига кенг йўл очишини қайд этди.

— Бизнинг ғоялар мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга, халқимиз турмушини фаровонлаштиришга йўналтирилган, — деди у. — Давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа, деб ҳисоблаймиз. Бунда қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга эътибор қаратиш лозим. Жумладан, аҳоли турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти — уларни муқим иш жойи билан таъминлашдан иборатдир. Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга касб танлаш, таълим олиш ҳамда ўқув муассасаларини битиргач, иш ўрнига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш энг муҳим масаладир.

Ҳар йили мамлакатимизда ярим миллионга яқин йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлайди. Уларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган масаладир. Бу борада қатор таклифлар илгари сурилмоқда. Масалан, коллеж битирувчиларининг якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш керак. Ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Ёшлар билан суҳбатларда бир нарсага гувоҳ бўлганман. Ишлаб чиқаришнинг қайсидир турида иш бошлаш ниятида юрган йигит-қизлар жуда кўп. Ҳозир уларни қўллаб-қувватласак, керакли маблағ билан таъминланишига кўмаклашсак, ҳуқуқий маслаҳат бериб, фаолиятини бошлашига ёрдам берсак, бу уларнинг ўзига ишончи ортишига хизмат қилади. Бу борада белгиланган йиғимлардан озод қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрсак, улар қўрқмасдан ўз бизнесини бошлайди. 

Самимий мулоқот руҳида, эркин савол-жавоблар асосида ўтган учрашувда сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ХДПдан Президентликка номзоднинг Сайлов­олди дастурида белгиланган мақсадлар, илгари сурилган ғоя ва таклифларнинг ҳаётийлигини эътироф этишди.

Маҳмуд АҲМЕДОВ, Ўзбекистон ХДП Сирдарё туман кенгаши раиси:

— Дастурда ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қўллаб-қувватлаймиз. Боиси унда аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш, билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олган.

Номзод Сайловолди дастурида, аввало, мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган мақсадли чораларни қўллаб-қувватлаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу бизга ҳар томонлама маъқул бўлди.

Маълумки, юртимиз аҳолиси ва ишчи кучи ресурси таркибида ёшлар катта қисмни ташкил қилади. Буни ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган йигит-қизлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Номзодимиз фикрича, уларни иш билан таъминлашда корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларини изчил йўлга қўйиш керак.

Тўғрисини айтиш керак, айрим хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар ва ташкилотлар фаолиятида иш ўринлари сони ҳақидаги статистик маълумотларни асоссиз равишда ошириб кўрсатишдек салбий ҳолатлар учраб турибди. Номзодимиз илгари сурган ушбу таклиф бу борада учраётган хато ва камчиликларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар ҳозирги кунда жуда долзарб ҳисобланади. Шу боис, номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлайман ва барчангизни Президент сайловида фаол иштирок этишга чақираман.

Норой ДЎСТМУРОДОВА, Гулистон шаҳридаги «Дўстлик» қишлоқ врачлик пункти шифокори, халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати:

— Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастуридаги юқори сифатли ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Касбимдан келиб чиқиб, дастурдаги тиббиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ғоялар билан яқиндан танишдим. Аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкония­тини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш таклифи жуда тўғри, деб ҳисоблайман. Негаки баъзи қишлоқларда тиббий хизмат ҳали ҳам кўнгилдагидек эмас. Ҳаммамиз иссиқ жонмиз, ҳаётда кутилмаган ҳодисалар ҳам бўлиши мумкин. Шундай пайтлар бўладики, кимгадир шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш керак бўлади. Демак, қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, ҳар бир ҳудудда уларнинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш долзарб масала.

Дастурда фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини чеклаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Буларнинг ҳаммаси жуда муҳим масалалардир.

Шоҳира ЮЛДАШЕВА, Сирдарё туман халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири ўринбосари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Сайловолди тарғиботи жараёнларида бир нарсага кўп гувоҳ бўлдим. Хатамжон Кетмонов дастурида белгиланган устувор йўналишлар, ҳаётий таклифлар сайловчиларни бефарқ қолдирмаяпти.

Ҳозирги кунда касб-ҳунар коллежлари, олийгоҳларни тугатган айрим ёш кадрлар эгаллаган мутахассислигига мос иш тополмаётгани ёки кам ойлик маош билан ишлаётганидан кўз юма олмаймиз. Ўқиш учун шартнома пулларини тўлашга қийналаётган, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ҳам йўқ эмас. Бундай талабаларнинг шарт­нома пулларини тўлаётган корхоналарни рағбатлантириш масаласи номзодимиз дастуридан ўрин олгани эътиборга лойиқ. Таълим соҳаси мутахассиси сифатида кадр­лар масаласи ҳамда ёшларнинг бандлиги билан боғлиқ ғоялар тарафдориман.

Мавлуда МАМАТКАРИМОВА, Ўзбекистон ХДП Гулистон туман кенгаши раиси:

— Номзоднинг Сайловолди дас­тури ҳаёт билан чамбарчас боғланган. Хусусан, жисмоний имконияти чекланган шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш, бунинг учун ижтимоий объектларда ногиронларга махсус кириш йўлаги — пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш ҳақидаги таклифи менга манзур бўлди. Кўча-кўйда жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг қийин аҳволда кетаётганини кўп кузатганман. Бир нарсани унутмаслигимиз керак. Улар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси. Шундай экан, ногиронлар учун ҳамма шароитларни яратиш — долзарб масала.

Ҳаммамиз биламиз, одамларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим аҳамиятга эга. Номзоднинг Сайловолди дастурида коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш билан боғлиқ муҳим масалалар акс этган. Коммунал хизматлар, хусусан, газ, электр ва иссиқлик таъминоти, канализация, маиший чиқиндилар нарх­лари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш таклиф этиляпти. Шу орқали одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиш имкони кенгая­ди, деб ўйлайман...

Учрашув давомида сўзга чиққанларнинг барчаси Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастури мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга ошириб келинаёт­ган кучли ижтимоий сиёсат, инсонпарвар демократик ислоҳотларнинг бош мақсадига мос келишини таъкидлашди. Шунинг учун сайловчиларни ундаги ғояларни қўллаб-қувватлашга, номзодимизга овоз беришга чақиришди.

Сайловчиларнинг дастурдаги устувор йўналишлар ҳақидаги саволларига Хатамжон Кетмонов атрофлича жавоб берди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: