01.12.2016

«PRESS KLUB: Saylov.uz – 2016» ОЧИЛДИ

Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича «Press klub: Saylov.uz — 2016» пресс-клубининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар, халқ­аро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, сайловни кузатиш учун мамлакатимизга келган халқаро кузатувчилар, етакчи экспертлар, маҳаллий ва хорижий журналист­лар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, «Uz­Report» ахборот агентлиги бош директори Р.Жўраев ва бошқалар жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилаш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотларнинг кўзгуси эканини, уни очиқ ва ошкора, халқаро стандартлар даражасида ташкил қилишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Сайлов кампаниясида иштирок этаётган миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун халқаро стандартларга мос қулай инфратузилма ва шароитлар яратиш, интер­фаол медиа майдони барпо этиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнини ёритишда холислик, ошкоралик ва тезкорликни таъминлаш, халқаро кузатувчилар, экспертлар ва медиа соҳа вакилларини мамлакатимизда эришилган ютуқлар билан таништириш мақсадида Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси, «Uzbekistan Today» ахборот агентлиги, «Mening Yurtim», «Uzreport-TV» телеканаллари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимизда илк бор «Press klub: Saylov.uz — 2016» пресс-клуби ташкил этилди.

Пресс-клуб ўз мультимедиа майдонида хорижий ва миллий медиа соҳа вакилларини бирлаштиради. Бу ерда IT-технология, дизайн ва мультимедиа соҳасидаги энг сўнгги ютуқлардан фойдаланилган, юқори тезликдаги интернет ва Wi-Fi алоқаси, компьютерлар, принтерлар, телефонлар ва бош­қа кўп функцияли қурилмалар ўрнатилган. Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси студиялари ва мамлакатимиздаги 10 ҳудудий нодавлат телестудиялар билан онлайн боғланиш, алоҳида узатувчи телестанция ўрнатиладиган Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази билан бевосита онлайн алоқа йўлга қўйилган.

— Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўпланган, — дейди «Синьхуа» ахборот агентлиги мухбири Ша Дати (Хитой). — Бунга сайлов кампанияси давомида гувоҳ бўлмоқдамиз. Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссия­лари томонидан матбуот анжуманлари ва брифинглар онлайн тарзида ташкил этилаётгани барча ҳудудлардаги сайловчиларнинг фаоллиги ошишига, муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнидан тўлақонли хабардор бўлишига имконият яратмоқда. Мазкур пресс-клубнинг очилиши журналистларнинг Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараён ҳақида янада кенг­роқ ахборот олиши ва сайлов кампаниясини самарали ёритишида муҳим аҳамият касб этади.

Пресс-клубнинг самарали фаолият олиб бориши учун сиёсий партиялар, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро кузатувчилар иштирокида брифинглар, матбуот анжуманлари ва туркум тадбирлар ташкил этилади.

Пресс-клуб дастуридан халқ­аро кузатувчилар ва хорижий ОАВ вакилларини Ўзбекистоннинг анъанавий маданияти ва санъати билан таништиришга қаратилган маданий тадбирлар ҳам ўрин олган.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор, — дейди «The Daily Ittihad» газетаси мухбири Муҳаммад Аббосхон (Покистон). — Бунга Самарқанд ва Бухоро вилоятларида сайловчилар билан ўтказилган учрашувларни кузатиш жараёнида гувоҳ бўлдик. Аксарият сайловчилар Президент­ликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, улардаги устувор йўналишлардан яхши хабардор. Бу мамлакатингизда мазкур сиё­сий жараёнга ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилганидан далолат беради.

Тадбирда мамлакатимизда сайловни ёритувчи оммавий ахборот воситаларининг замонавий асосда фаолият юритиши учун барча шароит яратилгани, бундай лойиҳалар хорижий кузатувчилар ва ОАВ вакилларини бўлажак сайлов жараёни, шунингдек, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти билан таништиришда алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.

 

М.ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.