01.12.2016

ЎЗБЕКИСТОН МОЛИЯВИЙ-ИҚТИСОДИЙ ҚУДРАТИНИ ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛЛАРИ

Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига Ўзбекис­тон Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Кетмонов ва унинг ишончли вакиллари томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчилар билан ўтказилаётган учрашувлар самимий руҳда, фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтмоқда. Учрашувларда сайловчилар Президент сайлови, унинг мамлакатимиз келгуси тараққиётидаги аҳамияти, шунингдек, номзодимизнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоялар ва ҳаётий ташаббуслар ҳақида эркин муносабат билдиришмоқда, хайрихоҳлик кўрсатишмоқда.

Айниқса, иқтисодий ислоҳотларнинг ижти­моий самарадорлигини оширишга қаратилган қатор таклифлар сайловчилар эътиборини тортмоқда.

Дарҳақиқат, дастурнинг иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифаларга қаратилган қисмида давлатимизнинг молиявий-иқтисодий қудратини янада оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш, шу орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини яхшилашга оид муҳим масалалар ўрин олган.

Маълумки, сўнгги йилларда кичик бизнес ва хусусий корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор мунтазам ошиб бормоқда. Пировардида «янги бизнесни қўллаб-қувватлаш» мезони бўйича мамлакатимиз айни пайтда жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни, иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланадиган банкротлик тизимининг самарадорлиги бўйича 75-ўринни эгаллаб турибди.

Эътироф этиш жоиз, бу борадаги ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди ёки 1,8 баробар ошди. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда.

Аммо эришилган натижа билан чегараланмасдан, замон талаблари ҳамда ички имкониятлар асосида янгича ёндашувларни жорий этиш, шу орқали ютуқлар асосини янада мустаҳкамлаш муҳимдир.

Бу борада номзод илгари сураётган маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришини молиявий ва иқтисодий рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Зеро, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг параллел бажарилишини таъминлайди. Хусусан, бугунги кунда доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли сонидан келиб чиқадиган бўлсак, меҳнат ресурслари борасида муаммо мавжуд эмаслигига амин бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш соҳасида яратилган 1 иш ўрни турдош соҳалардаги 8 дан 12 гача янги иш ўрнини яратиш имконини бериши билан, айниқса, аҳамиятлидир.

2015 йилда мамлакатимизда қурилиш-монтаж ишлари ҳажми салкам 18 фоизга ошди. Бугун биз босиб ўтган, олдимизда турган улкан ва масъулиятли йўлга боқиб, ишонч билан айтиш мумкинки, айнан қурилиш соҳаси истиқболда миллий иқтисодиётимизнинг муҳим бўғинига айланиб боради. Зотан, қурилиш соҳасининг ривожланиши қурилиш материаллари тайёрлаш ҳамда бу борада хизмат кўрсатиш саноатининг ривожланишини ўзида акс эттиради. Жаҳон миқёсида ҳам сўнгги йилларда мазкур соҳаларда тадрижий ривожланиш кузатилмоқда.

 Демак, ўсиб бораётган талабдан келиб чиқиб, халқаро миқёсда рақобатлаша олиш имконини берувчи миллий қурилиш соҳасини ривожлантириш вазифаси истиқболдаги иқтисодий барқарорликни таъминлаш омилидир.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омили сифатида қурилиш соҳасини модернизация қилиш, қурилиш ташкилотларини кенг ривожлантириш, замон талабига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш, техник воситалар билан таъминланиши айни йўналишдаги ислоҳотлар учун илгари сурилаётган ғоялар, мақсад ва вазифалар моҳиятини ташкил этади.

Бу борада номзод қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш таклифини илгари сурмоқда.

Албатта, мазкур вазифаларни бажариш мустаҳкам молиявий асосларни назарда тутади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бир қанча ечимлар борасида ҳам ўрганишлар олиб борилди. Шунга кўра, қурилиш соҳасида ҳам кичик ва (истиқболда) ўрта корхоналарни имтиёзли кредитлаш тизимини ўзида акс эттирувчи чора-тадбирлар дастури яратилиши зарур. Зеро, соҳа ходимларининг катта қисми айнан мана шундай корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Бундай корхоналарнинг ўзаро соғлом рақобати ҳам ривожланишнинг муҳим асосини яратади. Қолаверса, айрим давлатлар тажрибаси кўрсатиб турибдики, давлат фақатгина йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш йўлидан бориши ҳар доим ҳам ижобий натижага олиб келавермайди.

Қурилиш ташкилотларининг ривожланишига тўсиқ бўлувчи яна бир муҳим жиҳат қурилиш материалларининг юқори нархларидир. Бу кўпроқ маҳсулотлар тўлиқ ёки уларнинг хом­ашёлари импорт қилиниши билан боғлиқ. Бундан англашиладики, маҳсулот тайёрлашда рақобатбардошлик уларга қўйиладиган энг юқори талабга айланмоғи лозим.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, қурилиш соҳасининг ривожланиши бошқа йўналишдаги ислоҳотларда ҳам муҳим роль ўйнайди. Хусусан, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, янги ишлаб чиқариш объектлари фао­лиятини йўлга қўйиш, уларни реконс­трукция қилиш, моддий-техник базани замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, янги иншоотларни қуриш ёки мавжудларининг имкониятларини кенгайтириш бевосита қурилиш соҳасининг вазифаларидир. Бу иқтисодий тараққиётда ҳам ўз натижасини бермай қолмайди.

Дастурда белгиланган яна бир муҳим вазифа собиқ тузум давридан буён фойдаланиб келинаётган эскирган қурилиш стандартлари, норма ва қоидалари ўрнига бутун дунёда амал қилиб келинаётган еврокодлар тизимига ўтишдан иборат.

Бу таклиф бир неча омиллар билан асосланади. Жумладан, мавжуд миллий стандартлар замон талаблари асосида ривожланиши, умуман, соҳа ривожига асос бўлади. Иккинчидан, айни пайтда еврокод нормалари ва қоидасини ўзлаштирмасдан туриб, қурилиш соҳасининг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлаб бўлмайди.

Албатта, мавжуд тажриба ва усулларни бир вақтнинг ўзида бартараф қилиб, еврокод тизимини жорий этиш назарда тутилмаган. Зеро, бу билан боғлиқ қатор вазифалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозим.

Биринчидан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани еврокод стандарт­лари асосида қайта кўриб чиқиш лозим. Бунинг учун миллий қонунчилик нормалари тўлиқ таҳлил қилинади ва муҳимлилигига кўра сараланади. Бу орқали қандай бандлар ёки тўлиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш ёхуд янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш борасида ягона тўхтамга келиш мумкин бўлади. Еврокод тизимига ўтган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур жараён параллел ёки босқичма-босқич равишда амалга оширилади.

Иккинчидан, техник қайта жиҳозланиш масаласи эътибордан четда қолмаслиги зарур. Зеро, шу орқали техник барқарорлик ва замонавий талабларга мослашиш имконияти яратилади.

Учинчидан, мазкур соҳада янги мутахассислар оқими вужудга келадики, ўз вақтида айнан замонавий билимлар ва ёндашув соҳа ривожининг кафолатига айланади. Таъкидлаш зарурки, айни йўналишга эътиборни халқона тилда айтганда «бугундан қўймай» бошлаш зарур. Зеро, еврокод стандартлари юқори тезликдаги темирйўл, автомагистрал қуриш, энергия тежовчи ва бу билан самарадорликни оширишни таъминлаш мумкин бўлган соҳаларга тезкорлик билан жорий қилиниши лозим.

Шу боисдан дастурда айнан қурилиш соҳаси ривожланиши истиқболларига мувофиқ етарли даражада малакали мутахассисларни тайёрлашга эътибор қаратиш, мутахассисларнинг хорижий давлатларда малака оширишларини тизимли йўлга қўйиш масалалари илгари сурилмоқда.

Мазкур вазифалар ўз вақтида ва самарали ҳал этилиши натижасида дастурдаги бошқа қатор ташаббуслар амалга ошиши, жумладан, қишлоқ жойларда кам таъминланган, кўп болали оилалар уй-жой билан таъминланиши учун қулай шароитлар яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар рўёбга чиқиши аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиши, ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яхшиланиши ҳамда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

 

Рустам КОМИЛОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.