29.11.2016

«САЙЛОВДА ЎЗ ОВОЗИМ БИЛАН ИШТИРОК ЭТАМАН»

Шаҳло ҲИКМАТУЛЛАЕВА, Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси:

— Мен 19 ёшдаман. Катта орзулар билан ўқияпман. Биламан, эртага ўқишни тугатиб, қандай ишлашим, яшашим давлатимиз сиёсатига, жамиятда яратилган шароитларга боғлиқ. Мамлакатимиз равнақи қандай бўлиши эса сайловда кимга овоз беришимизга боғлиқ. Президент сайлови ҳар биримизнинг тақдиримизга дахлдор бўлган, муҳим воқеа ҳисобланади.

Бу сайловда мен биринчи марта овоз бераман. Шунинг учун институтимизда сайловга бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этаяпман. Ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб оляпман. Сайлов ҳуқуқи тўғрисидаги тушунчаларим кенгайди. Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг дастурлари билан танишдим. Уларда ҳаётимизнинг муҳим йўналишлари қамраб олинган.

Сайлов куни тенгдошларим билан бир сафда туриб, муносиб номзодга овоз бераман.

 

Оролмирзо САФАРОВ, Ўзбекистон халқ ҳофизи:

— Бу йилги сайловда биринчи марта брайль ёзувидаги сайлов варақалари жорий этилди. Бу янгиликдан жуда хурсанд бўлдик. Эндиликда биз жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳам юртимиз тақдири, оиламиз, фарзандларимиз келажаги учун муносиб, деб билган номзодимизга мустақил овоз бериш имконига эга бўлдик.

Авваллари, кимнингдир ёрдами орқали номзодларнинг дастурлари билан танишардик. Сайлов участкасига бирга борган яқинимизга қайси номзодга овоз беришимизни айтардик, биз учун у овоз берарди. Жорий қилинган янги тартиб мамлакатимизда сайловлар тенгҳуқуқлилик, холислик принциплари, инсоний тамойиллар асосида ўтишини англатади. Ҳар ким ўз танловини эркин тарзда билдиради.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида турли усулларда овоз берилади. Юртимизда сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлаш ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Демак, биз ўз фикримизни мустақил, эркин тарзда билдириш имконига эга бўламиз.

Мен биринчилардан бўлиб сайлов участкасига бориб, ўз-ўзим хоҳлаган номзодга овоз бераман.

 

Нодира ҒОФУРОВА, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши сектор мудири:

— Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти 17 мингдан зиёд йигит-қизни бирлаштирган. Уларнинг 23 фоиздан кўпроғи сайловда биринчи марта иштирок этади.

Шундан келиб чиқиб, қанотимиз фаоллари ҳам ўз олдиларига бир қатор вазифаларни қўйган. «Менинг овозим — Ватаним келажагини белгилайди», «Юртим равнақи учун овоз бераман», «Мен кузатувчиман» шиори остида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ташкил қиляпмиз.

Ишончим комилки, «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари сайловда энг биринчилардан бўлиб овоз беришади.

 


Фазлиддин ҒОЙИБНАЗАРОВ, бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби:

— Мен ҳар гал халқаро мусобақаларда рингга чиқар эканман, аввало, Ватанимиз шаънини ўйлайман. Давлатимиз томонидан биз спортчиларга 

кўрсатилаётган эътиборга муносиб натижа кўрсатишга ҳаракат қиламан. Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга давлат сиёсати даражасида қараб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан юртимизда кўплаб замонавий спорт иншоотлари барпо этилди. Спорт ёшларни жисмонан соғ­лом этиб тарбиялаш билан бирга, мамлакатимизни дунёга танитадиган муҳим восита, деб уқтириб келинди. Бу фикрлар нақадар тўғрилигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.

Мамлакатимизга хориждан спортчилар келса, пойтахтимиз Тошкентдами, Андижон ёки Самарқанддами, қаерда мусобақа бўлмасин, биз фахрланиб уларга юртимизни кўрсатамиз. Тўғриси, улар орасида бизга ҳаваси келганларни кўп кўрганмиз.

Ҳаёт давом этади. Унинг талаблари ошиб бораверади. Биз ютуқларимизни янада кўпайтиришимиз керак, олдинда янги марралар турибди. Шунинг учун ҳам сайловда қатнашиш, овоз беришни бурчим, деб биламан. Кимга ва нима учун овоз беришим кераклиги тўғрисида аниқ қарорга эгаман. Сайлов куни ўзим учун маъқул бўлган номзодни қўллаб-қувватлайман. Барча спортчиларимизни сайловда фаол қатнашишга даъват этаман.

 

Охунжон ҲАКИМОВ, Ўзбекистон халқ шоири:

— Сўзимни Яратганга шукроналикдан бошламоқчиман. Ёшим... саксондан ошган бўлса-да, ҳалигача эл-юрт эътиборида, хурматида эканим, замонамизнинг тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечираётгани, мамлакатимиз дунёнинг манаман деган давлатларидан кам эмаслиги, ободу мафтункорлигини кўриш, шундай дорул­омон замонда яшашнинг ўзи катта бахт. Мен тенгилар оғир замонларни бошдан кечирдик. Очликни ҳам, камситишу таҳ­қирни ҳам кўрдик. Бу гаплар албатта айтилиши керак бўлган, лекин алоҳида мавзу. Оллоҳ раҳматига олсин, Биринчи Президентимиз Ўзбекистон мамлакати ва Ўзбекистон халқининг келажагини ўйлаб, ғоят тўғри йўл танлади, узоқни кўзлаб чора-тадбир кўрди. Бугунги ютуқлар ана шу доно сиёсатнинг натижаларидир.

Биз мамлакат тақдири, халқ келажаги учун ғоят муҳим воқеа — Президент сайлови арафасида турибмиз. Бу оддий сайлов эмас. Эртага ҳаётимиз қандай бўлади, Биринчи Президентимиз олиб борган иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий ҳимояга асосланган ички сиёсат қандай давом этади, тинчлигимиз қандай таъминланади, ёшларга муносабат-чи, буларнинг ҳаммаси биз эртага сайловда кимга овоз беришимизга боғлиқ.

Мен сайловчи сифатида барча номзодлар дастури билан танишиб чиқдим, бизнинг Фарғонада ўтказилган учрашувларда уларнинг нутқларини тингладим ва ўзим учун бир қарорга келдим. Биринчи Президентимиз бошлаган ишларни янги ғоялар, янги ташаббуслар билан бойитиб, мамлакатимиз тараққиётини янада юксалтира оладиган номзодга овоз бераман.

Мен барча юртдошларимни Президент сайловига юксак масъулият билан қарашга ва 4 декабрь куни сайлов участкасига бориб, халқимиз бахту саодати, юртимиз тараққиёти учун овоз беришга чақираман.

 

Ёқутхон ХОЛБЕКОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— Мамлакатимиз тақдири, тараққиётига дахл­дор бўлган, барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юкловчи муҳим сиёсий санага саноқли кунлар қолди. Президент сайлови биз ёшлардан фаоллик ҳамда бирдамликни талаб қилади.

Мана шу муқаддас заминда туғилиб, камолга етаётганимдан бахтиёрман. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби бўлганим зиммамдаги масъулиятни икки ҳисса оширади. Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятларни хориждан келган меҳмонлар ҳам эътироф этишмоқда. Биз чуқур билим олишимиз, касб ўрганишимиз, ўз истеъдодимизни намоён қилишимиз учун етарли шароит яратилган. Ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етяпмиз.

Келажагимиз қандай бўлиши эса бугун кимга овоз беришимизга боғлиқ. Биз эртага амалга ошадиган бунёдкорликлар учун, фаровон турмуш, тинчлик ва тараққиёт учун овоз берамиз.

 

Нигархан НАМЕТУЛЛАЕВА, Кегейли туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби:

— Ўттиз йилдан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келяпман. Бугунги ёшларга биз фақат ҳавас билан қараймиз. Улар чиндан-да бахт­ли ёшлар. Чунки тинч-тотув юртда яшаяпти, барча имкониятлар асосида таълим олишяпти.

Мустақиллик йиллари мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларининг замонавий бинолари барпо этилди. Олий ўқув юртлари учун ҳам кўплаб янги бинолар қурилди. Бунга бизнинг Қорақалпоғистон ҳам яққол мисол бўла олади.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Ўзбекистон фарзандлари қайси соҳани олмайлик, ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилиб кел­япти. Бу ютуқлар янада мустаҳкамланиши керак. Биринчи Президентимиз бошлаган ишлар изчил давом эттирилиши лозим. Бу эса биз қайси номзодга овоз беришимизга боғлиқ. Ким эртага Президент бўлишини бизнинг овозимиз ҳал этади.

 

Малика ЭГАМБЕРДИЕВА, «Ниҳол» мукофоти совриндори:

— Бизнинг юртимизда Президент сайлови ҳар доим юқори даражада ўтказиб келинган. Эсимда, олдинги сайловларда ёшим етмагани учун қатнаша олмаганман. Ота-онам сайловга чиқиб, келишганида «кимга овоз бердинглар, қанақа овоз берилади?», деб сўрардим. Улар «вақти келса, сен ҳам овоз берасан. Ўшанда ҳаммасини билиб оласан», де­йишганди. Тўғриси, ўша пайтда сайловнинг аҳамиятини тушунмасдим. Кейин билдим, ҳаётимиз, тақдиримиз, Ватанимиз тараққиёти мамлакат раҳбари кимлигига боғлиқлигини.

Президентлик сайловида қатнашаётган ҳар бир фуқаро бир ҳақиқатни чуқур англаши зарур: сайловда биз ўз келажагимиз учун овоз берамиз. Баъзида «Битта менинг овозим нимани ҳал қилади», қабилидаги гапларни эшитиб қоламиз. Мамлакатимиз Биринчи Президенти бизга ҳамиша дахлдорлик ҳисси билан яшаш зарурлигини уқтирарди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар биримизда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига масъулият билан қарашимиз, унда муносиб иштирок этишимиз зарур, деб ўйлайман.

Ишонаманки, ўзи, оиласи ва Ватанининг эртанги кунига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро 4 декабрь куни юртимиз келажаги учун овоз беради.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.