Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
29.11.2016

«КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ»

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

Президентликка номзод билан учрашув бўладиган кун эрта тонгда Қашқадарё вилоят партия кенгашига етиб келдим. Сайловни ўтказишга кўмак берувчи штаб шинам хонада жойлашган. Жавонларда ва стол устида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, сиёсий адабиётлар, номзодимизнинг сурати туширилган календарь, ён дафтар, Дастур битилган ихчам китоблар, вақтли матбуот нашрлари намуналари бор. Мен ­катта стол қаршисида ўтириб, қайдлар битилган дафтаримни очиб, бир зум фикрларимни жамлайман.

Мамлакатимиз Президентлигига муқобил равишда ўтказилган биринчи сайловдан то ҳозирги вақтгача ўтган даврни таҳлил қилишга уринаман. Қанчалик ривожланиш ва янгиликлар кириб келибди ҳаётимизга! Бугунги талабчан сайловчининг хоҳиш-иродаси амалга ошиши учун барча шароитлар яратилган. Очиғи, бу сафарги номзодларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида марказий телевидение орқали берилаётган таъсирчан ва ҳаётий лавҳалар кўпчиликнинг эътиборини қозонди. Ўзим ҳам уларни қизиқиб томоша қилдим. Уларда номзодларнинг ёшлиги, нималарга интилгани ва эришгани тасвирланмоқда, устозлари, дўстлари, оддий одамларнинг улар ҳақидаги фикрлари сайловчиларга етказилмоқда...

Мен 1994 йилда партиямиз сафига кирганман. Етакчиларимизнинг сўзларини тинглаб, хулосага келишга одатланганман. Эсимда, ­Хатамжон Абдураҳмонович Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси этиб сайлангач, Қашқадарёга бир неча бор келганди. Айниқса, ёш­ларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда партия ташкилотларининг вазифаларига бағишланган ­тадбир эсимдан чиқмайди. Ўшанда тадбирга келган ёшлар, партиямизнинг янги аъзолари, бошланғич ташкилотларнинг етакчилари билан юракдан суҳбат бўлганди. Кўп­чилик бу учрашувни эсдан чиқармаган бўлса керак. Пар­тия­мизнинг оддий ­аъзоси сифатида ­Хатамжон ­Кетмонов раҳбарликка келгач, Марказий Кенгаш, Олий Мажлисдаги фракциямиз фаолия­тида сифат ўзгаришлари юзага келгани, ташкилотчилик ва ташаббусга кенг йўл очилгани, депутатларимиз давлат ва халқ тақдирига дахл­дор масалаларни муҳокама қи­лишда фаол иштирок этишаётганини севиниб айта оламан...

Сайловчилар билан учрашув «Ўзгеобурғунефтегаз» ташкилотининг мажлислар залида бошланди. Учрашувни ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари Рашид Муртазаев олиб борди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашувда вилоятнинг барча ҳудудлари сайловчиларидан 3000 нафардан зиёд вакил иштирок этди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили — ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

— Демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, бозор муносабатларига асосланган янги иқтисодиётни вужудга келтириш, барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун, деган шиордан келиб чиққан ҳолда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш ҳамда бунёдкорликлар борасида юртимизда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди, — деди Президентликка номзод ­Хатамжон Кетмонов. — Хал­қимиз ва келажак авлод учун муносиб ҳаёт бунёд этиш йўлидаги чуқур ислоҳотлар Қаш­қадарё вилоятида ҳам ўз ифодасини топган. Воҳанинг тарихимизда тутган ўрни беқиёс. Мустақиллик йилларида Қашқадарё мамлакатимиздаги саноати энг ривожланган ҳудудлардан бирига айланди.

Айниқса, вилоятдаги «Шўртангазкимё» мажмуаси, «Шўртаннефтгаз», «Муборакнефтгаз» корхоналари, «Муборак газни қайта ишлаш», «Деҳқонобод калийли ўғитлар» заводлари, Таллимаржон иссиқлик электр станцияси ва бошқалар мамлакатимиз иқ­тисодиётида муҳим ўрин тутади. Қашқадарё халқи аждодлари каби мард ва танти, матонатли ва бағрикенг, иродаси мус­таҳкам инсонлардир. Улар орасида Абдимурод ­Бозоров, Муҳаббат Шаропова, Бўрон Рўзиев, Қобил Мўминов ва марҳум Муродилло ­Саидовларнинг «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлгани бежиз эмас...

Юксак тараққиётнинг ҳаё­тий тамойили барча номзодларнинг дастурларида акс эттирилган. Шу маънода, пар­тиямиз номзодининг «Биз учун устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади», деган фикри бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳаётий, долзарб, тараққиёт таянчи бўла оладиган қатор вазифаларни бирлаштиради. Масалан, бандлик тизимини олайлик. Энг аввало, меҳнат қилиш ҳуқуқи — инсон учун энг ҳаё­тий ва ишончли ижтимоий ҳимоя, орзу-истаклари, фарзандлари камолоти йўлидаги тенги йўқ таянч воситасидир. Номзод бу борада ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, барқарор иш ўринлари, молиявий қўллаб-қувватлаш, инвестиция амалларини юзага чиқариш ва бошқа йўналишларда долзарб масалаларнинг ечимини таклиф қилди.

Давлатимизнинг иқтисодий имкониятлари муттасил ўсиб бормоқда. Ҳали бундан-да юксак марралар бор. Номзод «Иқтисодий ислоҳотларга — ижтимоий самарадорлик!» шиорини ўртага ташлайди. Партиямизнинг аҳоли харид қобилияти ошиши — иқтисодий тараққиётнинг мус­таҳкам асоси, деган ғоя­сини асослашга ҳаракат қилади. Бу ўринда истиқболли корхоналар тараққиёти, меҳнат ресурсларини кенг жалб этиш, ички бозорни тўлдириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасида оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантириш каби йўналишларга катта эътибор қаратилган. Номзоднинг иқтисодиётга «ўрта корхона» тушунчасини киритиш борасидаги таклифлари ҳам сайловчиларнинг эътиборини тортди.

Дастурда «Ижтимоий кўмак ташаббускорликка йўл очмоғи даркор!» ғояси асосида ижтимоий адолат, ўз бизнесини очмоқчи бўлганларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳақидаги ва бошқа масалалар далиллаб берилади. Номзоднинг таълим, тиббий хизмат, дори-дармон таъминоти, демократик, ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги мулоҳазалари ҳам учрашув иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Шуниси ўзига хос ва эътиборли бўлдики, сўзга чиққанлар ва саволлари билан қатнашган сайловчилар Президентликка номзоднинг дастури моҳияти, устувор йўналишларини очиб беришда фаол иштирок этишди. Яъни, учрашув ниҳоятда жонли, фикр алмашиш тарзида ўтди.

Мақсуда БОЗОРОВА, Қарши шаҳридаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори, вилоят Кенгаши депутати:

 — Мен шифокор сифатида Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг аҳо­лига юқори сифатли ва мақбул тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш борасидаги таклифларига тўла қўшиламан. Бугунги кунда олис қишлоқ ҳудудларидаги барча врачлик пунктлари тўлиқ жиҳозланган ва малакали шифокорлар билан таъминланган, деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам номзоднинг бу соҳадаги ишларга эътиборни кучайтириш, қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш таклифлари ниҳоятда ўринли. Шунингдек, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдамини тартибга солиш борасида қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш ҳам долзарб ҳисобланади. Бундан ташқари, дори воситалари рўйхатидаги дори-дармонларнинг тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлиши ва айрим тоифадаги шахсларга имтиёз асосида берилишини таъминлаш, бу масалада давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам шу куннинг талабидир.

Бахтиёр АШУРОВ, Қарши саноат коллежи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

— Бугунги кунда бизнинг касб-ҳунар коллежимизда тадбиркорликка қизиқувчан ёшлар кўп. Шу йилнинг ўзида 7 нафар битирувчимиз кредит эвазига ўз бизнесини ташкил этди. Демак, номзодимизнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш ҳа­қидаги таклифлари ҳаёт тақозосидир. Бугунги кунда коллежимиз «Шўртангазкимё» мажмуаси, «Шўртаннефтгаз» МЧЖ, «Қашқадарё пармалаш ишлари» ОАЖ, «Косон нефть-газ қудуқларини синаш» ОАЖ, Қарши механик таъмирлаш заводи билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйган. Бу борада номзоднинг «коллеж — корхона» тизимини мустаҳкамлаш таклифлари ҳам жуда долзарбдир.

Жамила ТЎРАҚУЛОВА, Қарши шаҳридаги 29-умумтаълим мактаби директори:

— Бугунги кунда бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият юритадиган мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш муҳим вазифадир. Ҳозир вилоятимизда 332 шундай таълим маскани мавжуд. Аммо тан олиш керакки, улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатаётгани жуда кам. Шунинг учун ҳам номзоднинг бундай тарбия масканларини кўпайтириш борасидаги таклифлари ижтимоий аҳамиятга молик. Шу­нинг­дек, ногирон болаларни махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни қамраб оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш, соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар яратиш ҳам зарурий масала. Бу ногирон болаларнинг сифатли таълим олишини кафолатлайди. Шулар қатори жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтиришга оид таклифлар ҳам партиямизнинг ғоя ва мақсадларига муштаракдир.

Шундан кейин Шаҳрисабз туман партия кенгашининг раиси, туман Кенгаши депутати Дилшод Ёров видеотасвир орқали номзоднинг ­суд механизм­лари оммабоплигини кенгайтириш, фуқаролар мурожаатлари ва суд ҳужжатларини олишнинг электрон тизимини кенг жорий қилиш ҳа­қидаги ғояларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Косон туман бўлимининг етакчи мутахассиси Лазиза Аллаярова ёшлар келажаги борасида номзод олға сураётган таклифларни маъқуллашини билдирди.

Сайловчиларнинг ­са­вол­ларига Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов атрофлича жавоб берди.

Лобар РАҲМОНОВА, Қарши шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти аъзоси:

— Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда иқтисодиётга давлат аралашувини чеклашга ҳаракат қилинади. Лекин сиз ўз дастурингизда давлатнинг тартибга солувчилик ролини мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлаяпсиз. Илтимос, фикрингизни кенгроқ тушунтирсангиз...

ЖАВОБ:

— Дастурдаги асосий шиоримиз «Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз!» деб белгиланган. Ҳар бир мамлакатда ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлат асосий вазифани бажаради. Юртимизда эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар олиб борилмоқда.

Мус­тақиллик йилларида ижтимоий таъминот бўйича самарали тизим яратилди. Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, ривожланиб боради, одамларнинг муносиб ҳаёт кечириш бўйича эҳтиёжлари муттасил ортади. Шунинг учун дастуримизда ижтимоий ҳимоя соҳасида давлатнинг тартибга солувчилик ролини мустаҳкамлаш масаласини белгилаб қўй­дик. Нималарни назарда тутмоқдамиз? Биринчидан, медицина, болалар боғчалари, таълим муассасалари каби етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш биз учун долзарб ҳисобланади. Иккинчидан, бизнес вакиллари масъулиятини ошириш талаб этилади. Учинчидан, газ, электр ва иссиқлик таъминоти ва бош­қа табиий монополия субъ­ектлари хизмати нархлари давлат томонидан тартибга солиниб турилиши шарт. Тўртинчидан, давлат мулкини хусусийлаштиришдан келадиган маблағларнинг маълум қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтиришни таклиф қилаяпмиз. Демак, бу вазифаларни бажаришда давлатнинг фаол иштироки лозим.

Отабек АБДУРАҲМОНОВ, Қарши қурилиш коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:

— Ҳукуматимиз томонидан ҳар йили бир миллионга яқин одам иш билан таъминланмоқда. Уларнинг асосий қисми — ёш­лар. Бу борада сизнинг қандай янги таклифларингиз бор?

ЖАВОБ:

— Сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Менинг фикримча, бандлик дастурини қабул қилиш ва ижросини таъминлашда янгича ёндашувларга ўтиш керак. Биринчи навбатда, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни ҳисобга олиб, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини тузиш ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини аниқ белгилаш талаб қилинади. Иккинчидан, ёшларимиз бугун кам ҳақ тўланадиган ишга боришни хоҳлашмайди. Демак, уларга барқарор ва муносиб иш ўринларини таклиф этишимиз керак. Бунинг учун юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш лозим. Учинчидан, ўз бизнесини очиш ҳаракатидаги ёшлар кредит олишда сарсон бўлмасликлари шарт. Барқарор иш ўринларини яратаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёз яратиш, рағбатлантириш мақсадида солиқ тизимини такомиллаштириш, ушбу масалада қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклифларини билдираяпмиз.

Номзод, шунингдек, Муборак ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Нодира Умированинг боқимандалик кайфиятини бартараф этиш, Касби туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқи­тувчиси Шоира Турсунованинг фармацевтика корхоналари ва дорихоналар фаолияти устидан давлат назоратини кучайтириш ҳамда дори воситалари рекламасини чеклаш масалалари ҳақидаги саволларига батафсил жавоб берди.

Учрашувда сўзга чиққанлар Президентликка номзод ­Хатамжон Кетмоновнинг сайлов­­­олди дастурини маъ­қуллашларини билдириб, учрашув қатнашчиларини сайлов куни номзодимиз учун овоз беришга даъват этишди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: