26.11.2016

ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон изчиллик билан ривожланаётган индустриал мамлакатга айланди. Инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмушини фаровонлаштириш масалаларига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор берилмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётни тажрибаларидан маълумки, иқтисодиётни ривожлантиришнинг объектив қонуниятлари бор. Ҳар қандай мамлакатда иқтисодий салоҳият ва имкониятларни, миллий қадрият ва маънавий бойликларни тўла ҳисобга олувчи, мукаммал иқтисодий сиёсат ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилган тақдирдагина барқарор тараққиёт бўлади.

Мамлакатимиз мустақил тараққиё­тининг дастлабки босқичида, яъни 1991 йилдан 2000 йилгача бўлган давр­да асосий эътиборимиз марказлаштирилган маъмурий буйруқбозлик тизимига барҳам бериш ва бозор иқтисодиётининг асосларини, авваламбор, қонунчилик базасини шакллантиришга қаратилди. Чунки эски тузум асоратларидан қутулмай, янги қонунларни яратмай туриб, иқтисодиётни юксалтириш мумкин эмасди.

Бу борада қабул қилинган муҳим қонун ва маъёрий ҳужжатлар қаторида Фуқаролик, Ер, Солиқ ва Божхона кодекслари, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги қонунларни қайд этиш мумкин.

Ислоҳотларимизнинг кейинги бос­қичида иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича умумий ҳисобда 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ва жорий этилди. Уларнинг барчаси иқтисодиётимизни янада либераллаштириш ва модернизация қилишда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асос, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайтмаслигининг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар бир хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахл­сизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Шу мақсадда 2012 йил 24 сентябрда бозор иқтисоди­ётининг негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Шунингдек, бошқарув тизимини такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 2012 йил 20 декабрда «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур бўлган рухсат бериш тартиб-таомилларининг қатъий чекланган рўйхати ва турлари аниқ белгилаб қўйилди. Қонунда назарда тутилмаган ортиқча рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг қўлланилиши қонун билан қатъий тақиқланди.

Кичик бизнес ва тадбиркорлик фао­лиятини кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида 2012 йил 26 апрелда «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Мамлакатимизда бизнесни ташкил қилишнинг ушбу шакли миллий анъаналаримизга мос бўлиб, бандликни таъминлашда, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бундай бизнесни ташкил этишнинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши ҳамда янги иш ўринларининг очилишига олиб келди.

Сўнгги йилларда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиб бормоқда. Шунга қарамасдан, бу соҳа реал иқтисодиётимизда, авваламбор саноатда етакчи ўринни эгаллай олмаяпти. Ушбу вазифани ҳал этиш учун «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Бу қонун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш йўлларини соддалаштириш, уларнинг фаолияти учун кўпроқ эркинликлар беришни кўзда тутади. Ушбу секторни кредитлаш, ресурслардан фойдаланиш, давлат буюртмаларини олиш, тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиш учун янги имтиёзлар яратилди.

Мамлакатимизда иқтисодиётни босқичма-босқич юксалтириш бўйича амалга оширилаётган барча ишлар, хусусан, хусусий мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан асосий мақсад халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш ва давлатимиз куч-қудратини оширишдир.

 

Аҳрор ЭРАЛИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди судьяси,

Улуғбек АБДУЛЛАЕВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.



DB query error.
Please try later.