Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
26.11.2016

«ҲАР БИР ИНСОН УЧУН МУНОСИБ ИШ ҲАҚИ»

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

Қумқўрғон туман ҳокимлигининг мажлислар залида видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган учрашувда туман ва шаҳарлардаги студиялар орқали 3 минг нафарга яқин сайловчи иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Турсунпўлат Норбоев очди.

Дастлаб номзоднинг ишончли вакили, партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Чори Жумақулов йиғилганларни Хатамжон ­Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан кейин сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов ўз маърузасида дастлаб мустақиллик йилларида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун жаҳонда умум­эътироф этилган меъёрларга мувофиқ сайлов тизими шаклланганлигини қайд этди.

Президентликка номзод, қадимий ва бой тарихи, гўзал табиати, ер ости ва ер усти бойликлари билан довруғ қозонган Сурхон воҳасининг бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётида тутган ўрнини эътироф этар экан, вилоят аҳлининг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари, тинчлик ва барқарорликни мус­таҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун Термиз шаҳри «Амир ­Темур» ордени билан мукофотланганини алоҳида таъкидлади.

Номзоднинг маърузасида, 2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дас­тури қабул қилинганлиги ва унда вилоят саноатини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари аниқ белгилаб берилганлиги ҳақида сўз борди.

Номзод мустақиллик йилларида вилоятдаги ислоҳотлар аҳолининг нафақат турмуш фаровонлиги юксалишига, балки фуқароларнинг сиё­сий онги ва маданиятининг ошишига, асосийси, уларда юрт тараққиётига нисбатан дахлдорлик туйғусининг куча­йишига сабаб бўлганини ва бу ўз навбатида, олдимизда турган сайловда сурхондарёлик сайловчилар фаол иштирок этишига хизмат қилишини таъ­кидлади.

Номзод ўз Сайловолди дас­тури билан йиғилганларни таништирар экан, дастурда аввало, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентдаги кўпчилик — Демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланишини алоҳида тилга олди.

Номзод ўз дастурида корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларини йўлга қўйиш, муҳим-ижтимоий-иқтисодий дастурлар билан боғлиқ равишда замонавий касбга эга бўлган кадрлар тайёрлаш масаласи ҳал қилинишига эришиш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш ва йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имконияти чекланган шахс­лар (ногиронлар)ни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Шундан сўнг маъруза юзасидан иштирокчилар сўзга чиқишди.

Баҳодир ТОҒАЕВ, Олтинсой туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

— Номзод дастурида аҳо­лининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчилик ролини мус­таҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Буни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқ­тисодий муаммоларга жиддий эътибор бериш керак, деб ўйлайман.

Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфа­атини ҳимоя қилиш, турмуш даражаси яхшиланишининг энг муҳим шарти — уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бунинг учун меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлиши, фуқароларнинг ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур, деб биламан.

Маълумки, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга касб танлаш, таълим ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш талаб этилади.

Вилоятимизда ҳар йили 43 минг 500 нафардан ортиқ йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлайди. Номзодимизнинг фикрича, уларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўл­майдиган масаладир.

Дастурда кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланиш учун янада мақбул шароитлар яратиш лозимлиги ҳам қайд қилинди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, сайловда муносиб номзодга овоз берамиз.      

Озода ЖЎРАЕВА, Термиз шаҳридаги 2-сон оилавий поликлиника бош шифокори:

— Дастурда илгари сурилган аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш масаласи эътиборимни тортди. Олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятларини таъминловчи қишлоқ врачлик пункт­лари тармоғини кенгайтириш тўғрисидаги таклифни тўғри, деб ҳисоблайман. Шунингдек, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назорат самарадорлигини ошириш борасида билдирилган таклиф ҳам жуда ўринли.

Сир эмас, тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш, кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда айрим камчиликлар бор. Дорихоналарда сотилаётган дори-­дармонлар нархларида номутаносибликлар кузатилмоқда. Уларнинг бартараф этилиши соғлом турмуш тарзининг қарор топишига, тиббий маданият юксалишига хизмат қилади.

Барчани шу йилнинг 4 декабри­да бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақираман!

Динора АБДУЛЛАЕВА, Термиз шаҳридаги 24-сон мактабгача таълим муассасаси мудири, халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

— Номзоднинг Сайловолди дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири этиб белгилангани мени қувонтирди. Маълумки, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган айрим фуқаролар молиявий кўмакка эҳтиёж сезади. Демак, уларни қўллаб-қувватлаш ва зарур сармоя ажратиш чораларини кўриш керак. Шунда уларда боқимандалик кайфияти бартараф этилади. Бандлик таъминланиб, жамият тараққий этади. Бунинг учун албатта имтиёзли кредит ва фоизсиз ссудалар ажратиш яхши самара беради, деб ҳисоблайман.

Тўрабек ЗОИРОВ, Ўзбекистон ХДП Термиз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Маълумки, вилоятимиз республикамизнинг бошқа давлатлар билан чегарадош ҳудудларига киради. Шуни инобатга оладиган бўлсак, ­Хатамжон Кетмоновнинг ­Сай­лов­олди дастурида ташқи сиёсий фаолият масалаларига эътибор қаратилгани қувонарли. Бу борада қўшни мамлакатларга нисбатан очиқ ва прагматик сиёсат юритиш, улар билан савдо-истиқодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарё­лар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриш назардан четда қолгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, қатор устувор йўналишларнинг амалга ошиши мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилиши муқаррар.

Очиқ, ошкора ва самимий руҳда ўтган учрашувда Термиз давлат университети талабаси Авазбек Омонов, Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий-сиёсат масалалари бўйича бўлим бошлиғи, халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Фаррух ­Абжалов, Денов туманидаги «Сурхон регион» масъулияти чекланган жа­мият раиси ­Бобораҳмат Абдуллаевларнинг номзоднинг сайловолди ­дас­­­­­­­тури юзасидан ўртага ташланган саволларига ­Хатамжон Кетмонов атрофлича жавоб берди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: