24.11.2016

КОНСТИТУЦИЯ – ДЕМОКРАТИЯ ТАЯНЧИ

Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг

60-моддасидан

 

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида Ўзбекистон — суверен демократик республика эканлиги мус­таҳкамлаб қўйилди. Бу тарихий воқеага ҳам яқинда 24 йил тўлади.

Мамлакатимизнинг Асосий қонунида республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини, уларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш ҳамда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш олий мақсад этиб белгиланди. Шунингдек, давлат органларини шакллантириш ва бошқаришда фуқаролар ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳуқуқлари, уларни рўёбга чиқаришда қонунларнинг устувор эканлиги мустаҳкамланди.

Бинобарин, Конституцияда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги (7-модда), Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши (117-модда) мустаҳкамлаб қўйилди.

Мазкур конституциявий нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши сиёсий партиялар фаолияти ривожланишини тақозо этади, албатта.

Дарҳақиқат, мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этишда сиёсий партияларнинг роли жуда катта. Чунки сиёсий партиялар ҳуқуқий демократик жамиятда фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишда, аҳолининг хоҳиш-иродасини ифода этишда ҳал қилувчи восита ҳисобланади. Шунингдек, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқ­ини амалга оширишда ҳам сиё­сий партияларнинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон ўзи танлаган стратегик йўл, яъни тараққий топган илғор демократик давлатлар қаторидан жой олиш ва жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиш, шунингдек, кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, партиялар­аро рақобат муҳитини шакллантириш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Шунинг учун мамлакатимизда сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари энг аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилди.

Кейинчалик «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Сиё­сий партиялар тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисда»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар тўғрисидаги қонунларга мувофиқ, демократик талаб ва андозаларга жавоб берадиган сайлов тизими яратилди.

Кўпчиликка маълум, демократик анъаналарга таянган мамлакатларда сиёсий партия­лар ижтимоий фикрни, халқнинг сиёсий иродасини шакллантирувчи ва ифода этувчи институт ҳисобланди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, республикамиздаги сиёсий партиялар ҳам бугунга келиб сайловларда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминловчи асосий куч сифатида майдонга чиқмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни сиёсий партияларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга. Шунинг ўзи ҳам мамлакатимизда давлат ва жамиятни демократлаштириш жараёнларида сиёсий партияларнинг ўрни ўта муҳимлигидан далолат беради.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида республикамиздаги мавжуд тўртта сиё­сий партия ҳам ўз номзодлари билан фаол иштирок этмоқда. Бу Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизими шакл­ланди, деб айтишга асос бўлади.

Шу ўринда нима учун ҳар бир мамлакат давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайловларни демократик тамойилларга ва халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказишга жиддий эътибор қаратади, деган савол туғилиши мумкин. Ушбу саволнинг жавоби демократиянинг чинакам моҳиятини англашга бориб тақалади, деб ўйлаймиз.

Албатта, демократиянинг кўплаб тарихий шакллари, турли-туман ижтимоий кўринишлари хусусида гапириш мумкин. Бироқ унинг туб моҳияти шундаки, демократия бу — халқ­нинг, яъни кўпчиликнинг ҳокимияти демакдир. Зеро, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари фақат демократия заминида рўёбга чиқиши мумкин.

Демократия фақат сайловлар ёки сиёсий партиялар фаолияти билан чегараланмайди. Шу маънода демократия ҳар бир шахс­нинг ўз сиёсий иродасини давлат ҳокимиятини шакллантиришда, давлат бошлиғини сайлашда, давлат тузумига ўз муносабатини эркин ифода эта олиш имкониятида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам сайловларни демократик тамо­йиллар асосида ўтказиш тақозо этилади. Яъни давлат ҳокимияти фуқаролар, халқ хоҳиш-иродасига кўра шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекис­тон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида «Демократия атамасининг қандай шарҳланиши эмас, балки унинг қанчалик реаллиги, ҳақиқийлиги, яшашга қобиллиги муҳимдир. Бинобарин, биз ўз истагимиздаги демократияга қандай мазмун бахш этмайлик, агар у ҳаётимизнинг ҳар бир сониясига сингиб кетмаса, турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмаса, ҳамма шиорлар ва таърифлар ё мазмунсиз бақир-чақир, ёки ҳеч нарсани англатмайдиган сўз ўйини бўлиб қолаверади», деб бежиз таъкидланган эмас.

Демак, давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда фуқароларни ижтимоий-сиёсий фаолликка даъват этиш, мустақиллик ғоялари, миллий ва умум­инсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳар бир сиёсий партиянинг олий мақсади ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фуқароларимиз, энг аввало, Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бар­қарор тараққиётини таъминлаш йўлидаги амалий ишларга етакчи бўла оладиган энг муносиб номзодга овоз бериши жуда муҳим ҳисобланади.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти.



DB query error.
Please try later.