22.11.2016

ФУҚАРОЛАРНИНГ ОВОЗ БЕРИШ ҲУҚУҚИ

қонун билан кафолатланади

Конституциямизнинг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бу сайловнинг тенглик, ошкоралик, адолат ва халқаро демократик талаблар асосида ўтиши тегишли қонунларда белгилаб қўйилган.

Сайлов демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаёти, жамият ва давлат бошқарувида, давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирокининг асосий шакли ҳисобланиб, ҳар бир сайловчи ана шу ҳуқуқларидан тўғри ва оқилона фойдаланиши ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда демократик талаблар ва умум­эътироф этилган халқаро стандарт­ларга тўла жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими ва унинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилганлигини бугун халқаро эксперт­лар ҳам эътироф этмоқда.

Сайлов — демократия кўзгуси ҳисобланади. Мамлакатимизда сайлов жараёнларида ошкораликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар яратилган.

Конс­титуциямизнинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари белгилаб қўйилган.

Фуқаролар томонидан давлат ҳокимиятини шакл­лантиришнинг асосий йўлларидан бири сайловлар ҳисобланади. Юртимизнинг олий вакиллик органи бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловларни ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ваколати Марказий сайлов комиссиясига берилган. Марказий сайлов комиссияси доимий тарзда фао­лият олиб борадиган ҳамда конституциявий мақомга эга мустақил орган бўлиб, ўз фаолиятини мус­тақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга ошириб келмоқда.

Марказий сайлов комиссияси конституциявий мақомга эга бўлиши давлат ҳокимияти бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувларисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишни таъминлашга хизмат қилади.

Марказий сайлов комиссиясига берилган ваколатларнинг ўзиёқ юртимизда сайловларни демократик, очиқ ва ошкора тарзда ўтказиш ҳамда унда қонунийликни ҳар томонлама таъминлашнинг кафолатлари мавжудлигини кўрсатади.

Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллиги сайловларни адолатли ташкил қилиш ва ўтказишнинг муҳим шартидир. Шу боис, миллий қонунчилигимизда Комиссия фаолиятини давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, гуруҳлар, жамоат бирлашмаларининг ҳар қандай аралашувидан ҳимоя қиладиган қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу эса, сайловларнинг қонун доирасида адолатли ҳамда демократик тарзда ўтишини кафолатлайди.

Дунёнинг бир қатор давлатларида сайловда овоз беришга фуқароларнинг мажбурияти сифатида қаралади, фуқаронинг сайловдан бўйин товлаши нафақат жарима тариқасидаги жавобгарликка сабаб бўлиши, айни пайтда у озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин. Юртимизда эса, сайловчи овоз беришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда зарурлиги масаласини ўзи ҳал қилади. Республикамизда яширин овоз бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини ҳар қандай давлат органи, мансабдор шахс­лар, шунингдек, жамоат бирлашмалари томонидан назорат этишга йўл қўйилмайди.

Қонунчиликда овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайловчи турган жойда овоз беришнинг яширинлигини таъминлаш сайлов комиссия­ларининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилади, яширин овоз бериш учун кабиналар ёки хоналар жиҳозланади. Уларда фуқаро сайлов бюллетенига белгини мус­тақил қўяди. Яширин овоз бериш вақтида кабинада овоз берувчидан бош­қа бирор-бир кишининг бўлиши, сайловчига таъсир кўрсатиши тақиқланади. Буларнинг барчаси ҳар бир сайловчининг ҳуқуқ­лари қанчалик кафолатланганини кўрсатади.

Сайлов — мамлакатимиз тақдири, ҳар биримизнинг келажагимизга ўта дахлдор сиёсий масала ҳисобланади. Шундай экан, мамлакатимиз келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ушбу сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

 

Илҳом ЁРИЕВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.



DB query error.
Please try later.