22.11.2016

САЙЛОВНИ ЁРИТИШ: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

Пойтахтимизда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини мамлакатимизнинг нодавлат телерадиостудиялари орқали ёритишда халқаро стандартларни қўллаш: миллий тажриба ва жаҳон амалиёти» мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссия­си, К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, сиё­сий партиялар ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда Болгария, Германия, Франция, Дания, Латвия, Литвадан эксперт­лар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К.Одилов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимизда ­оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётида тутган ролини, уларнинг фаолияти самарасини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари мамлакатимизнинг ахборот маконида мутаносиб ривожланиб боришига алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг тасдиғини охирги йилларда электрон ва босма омма­вий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджети ҳисобидан кредитлар, ижтимоий буюртма ва давлат грантлари шаклида 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилгани ва бошқа мисолларда яққол кўриш мумкин.

2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ барча жараёнлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Бу аҳолининг муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишида муҳим роль ўйнамоқда. Бу жараёнга нодавлат электрон ОАВ ҳам муносиб ҳисса қўшаётир. Бунга Президент сайлови бўйича 2016 йилги сайлов кампаниясини ҳар томонлама холис ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўртасида битим имзолангани кенг йўл очди.

— Ўзбекистонда сайловни демократик тамойиллар асосида ўтказиш бўйича бой тажриба тўпланган, — дейди ЮНЕСКО катта маслаҳатчиси ва консультанти Могенс Шмидт. — Сайлов кампанияси жараёнининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани, бу жараёнда сиёсий партиялар ва улардан Президентликка кўрсатилган номзодлар учун бир хил ва тенг имконият яратиб берилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси нодавлат телерадио­станциялар томонидан сайлов жараёнлари ўз вақтида ва сифатли ёритилишини, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган махсус ҳаракат дастурини ишлаб чиқди. Шу асосда хорижий мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар ўтказиш, сайловга оид медиа-контентни тайёрлашда хориж тажрибасини ўрганиш, Марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирокида «Менинг овозим» ва «Мой голос» ток-шоуларини, медиа маҳсулотларни тайёрлаш, нодавлат телестанциялар эфирини ижтимоий роликлар билан бойитиш, радио ахборот маркази кўмагида нодавлат радиостанция­ларни сайловга оид материаллар билан таъминлаш каби йўналишларни ўз ичига олган қатор тадбирлар амалга оширилди.

ЎзЭОАВМА ахборот маркази ва нодавлат телеканаллар ахборот хизматлари томонидан 12 тадбир, 800 дан ортиқ медиа маҳсулот, қарийб 140 телерадиоролик, 12 ток-шоу тайёрланди.

— Ахборот асри журналистлардан нафақат тезкорлик ва холислик, балки ўзига хос янгича ёндашувларни талаб этмоқда, —дейди ЕХҲТнинг Венадаги ОАВ эркинлиги масалалари бўйича эксперти, Литва журналистлари уюшмаси раиси Дайнюс Радзьявичиус. — Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ҳам шунга интилаётгани уларнинг сайлов кампаниясини ёритишга оид чиқишларида намоён бўлаётганини кузатдик. Бу борада, айниқса, нодавлат телерадиоканаллар ўзига хос ютуқларга эриша­ётир. Эфирга узатилаётган материаллар, журналистлар билан суҳбатлашиб, уларнинг интилишларини кўриб, шундай хулосага келдик.

Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёнини ёритишда нодавлат электрон ОАВнинг роли, бу борада халқаро тажриба ҳақида фикр алмашилди. Ўз­ЭОАВМА томонидан амалга оширилаётган нодавлат ОАВ ходимларининг маҳоратини оширишга қаратилган лойиҳалар муҳокама этилди. Тадбир доирасида нодавлат электрон ОАВ ижодий гуруҳларининг мавзуга оид тайёрлаган ижтимоий роликлари тақдимоти ўтказилди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.