22.11.2016

ТАРТИБ-ҚОИДАЛАР АНИҚ ВА ҚАТЪИЙ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ жараёнлар сайловчилар, кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакат раҳбарини сайлаш қай тартибда, қандай мезонлар асосида ўтиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. 

Таҳририятимизга фуқаролардан келаётган сайлов билан боғлиқ турли саволлар ҳам буни кўрсатиб турибди.

 

Қонунчилигимизда муддатидан олдин овоз беришнинг қандай нормалари белгиланган?

Умиджон АБДУЛЛАЕВ,

хусусий тадбиркор (Андижон вилояти).

 

Дилмурод Саъдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, ­оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конверт­нинг елимланган жойига ­участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссия­нинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.

 

 

Президент сайлови куни сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда қатнашишга кимлар ҳақли? Умуман, бу жараён қандай ўтказилади?

 

Шаҳзода НИШОНБОЕВА,

Олмазор туманидаги 120-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси.

 

Комила Каромова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддасида айнан сизни қизиқтирган масала баён этилган. Унга асосан, участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Сайлов қутилари участка сайлов комиссияси томонидан комиссия раиси овоз бериш тугаганини эълон қилганидан кейин комиссия­нинг барча аъзолари ҳозирлигида очилади. Овоз бериш тугагунига қадар сайлов қутиларини очиш тақиқланади. Фойдаланилмаган барча сайлов бюллетенлари сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва бекор қилинади.

Участка сайлов комис­сия­си сайловчиларнинг ­асосий рўйхати ва мазкур рўйхат иловаси бўйича ­участкадаги сайловчиларнинг умумий сонини, шунинг­дек, бюллетень олган сайловчиларнинг сонини аниқлайди. Сайлов қутиларида бўлган бюллетенлар ва сайлов варақалари асосида комиссия овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сонини, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини ҳамда ҳақиқий эмас, деб топилган бюллетенлар, варақалар сонини аниқлайди. Сайловчилар томонидан бюллетенларга ва варақаларга қўшимча тарзда ёзилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари ва варақалари, шунингдек, овоз бериш вақтида биттадан ортиқ квадратга белги қў­йилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган бюллетенлар ва варақалар ҳақиқий эмас, деб топилади. Сайлов бюллетенининг, варақасининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилган тақдирда масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва баённомада акс эттирилади.

Баённома комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тегишли округ сайлов комиссиясига юборилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.