22.11.2016

УЧАСТКА САЙЛОВГА ТАЙЁР

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси томонидан ҳудудда тузилган 1030 сайлов участкасида сайловни юксак савияда ташкил этиш учун барча зарур шароит яратилмоқда.

Жомбой туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида жойлашган 260-сайлов участкасида Самар­қанд ва Зарафшон маҳаллаларининг аҳолиси овоз беришда иштирок этади. Комиссиянинг самарали фао­лият кўрсатиши учун барча имконият яратилган. Замонавий компьютер ва алоқа воситалари, зарур мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган. Участкага Ўзбе­кис­тон Республикаси Президенти сайловига оид қонун ва қўлланмалар, чақирув қоғозлари, турли инфографикалар, сайлов варақалари ва сайловчилар учун таклифномалар етказиб берилган. Тиббиёт, она ва бола хоналари керакли ашёлар билан жиҳозланган.

— Ҳар бир тадбир Ўз­бекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда, — дейди 260-участка сайлов комиссияси раиси Ҳасан Саидов. — Маҳаллалар кўмагида ҳудудда доимий ва вақтинча яшаётган 2 минг 203 нафар, жумладан, овоз беришда биринчи марта иштирок этадиган 83 сайловчи рўйхати тузилиб, барча танишиб чиқиши учун сайлов участкасига жойлаштирилди. Сайловчиларга 4 декабрь куни овоз беришда қатнашиш тўғрисида таклифномаларни тарқатмоқдамиз. Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссия­си аъзолари ҳамда экспертлари томонидан бир неча бос­қичда ўтказилган семинарларда сайловчилар, айниқса, ёшлар сайлов борасидаги билимини бойитмоқда.

Участкага муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш мақсадида сайлов варақалари келтирилди. Сайловчилар муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва тартибларидан хабардор қилинди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.