Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
22.11.2016

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ ФРАКЦИЯСИ

ижтимоий хизматлар сифати оширилиши тарафдори

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Ер юзида 2025 йилга келиб 60 ёшдан ошган аҳоли 1,1 миллиарддан ортиб, ўтган асрга нисбатан 5 баробар кўпайиши кутилмоқда. Мамлакатимизда эса 20 йилдан кейин 60 ёшдан катталар сони аҳолининг 20-30 фоизини ташкил этади. Бу рақамлар ижтимоий хизматга эҳтиёжманд аҳоли сони ортишини кўрсатади.

Хўш, бугун юртимизда аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш қай тартибда йўлга қўйилган? Уларнинг сифат даражаси қандай? Бу борадаги меъёрий ҳужжатлар ижросида қандай ютуқ ва камчиликлар бор?

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси мажлисида шулар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирлик, идоралар, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари иштирок этди.

Мажлисда ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, улардан ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари фойдаланиши имкониятларини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ижтимоий хизматлардан фойдаланиш учун тенг шароитларни таъминлаш устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кам даромадли оилаларга, аввало, ногиронлар, ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқларини кенгайтириш борасида қатор муҳим вазифалар белгиланган.

Депутатлар, айниқса, олис қишлоқлар аҳолисига мақбул ва малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада яхшилаш муҳимлигини алоҳида қайд этишди.

— Халқ фаровонлиги, фуқаролар кайфияти ва ижтимоий фаоллиги кўп жиҳатдан уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар даражаси ва сифатига боғлиқ, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Собитхон Турғунов. — Шунинг учун Ўзбекистон ХДП фракцияси бу соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг самарадорлигини ошириш лозим, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ХДП фракцияси ўз фаолиятида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, кучли ижтимоий сиёсатни юритишда давлатнинг тартибга солувчилик ролини мус­таҳкамлаш ҳамда ижтимоий хизматлар бўйича парламент назоратини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз кўп. Мисол учун, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмадан, шу жумладан, турар-жой ва бинолар, транспорт коммуникацияларидан тўсиқсиз фойдаланиши учун шароитларни яхшилаш, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронларга мослаштирилганлигини ҳисобга олиб ло­йиҳалаш­тириш масалаларига эътиборни янада кучайтиришимиз керак.

— Республикамизда 2 миллиондан ортиқ пенсионер, 16 минг нафардан ортиқ ўзгалар ёрдамига муҳтож шахслар, 50 минг нафардан зиёд меҳнат фронти қатнашчилари мавжуд бўлиб, уларга вазирлик ва идоралар томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ­Баҳодир Шарапов. — Давлат бюджетидан ҳар йили аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 2,5 триллион сўмга яқин маблағ сарфланади. Бюджет маблағларининг қарийб 60 ­фоизи айнан ижтимоий соҳага йўналтирилганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кексалар ва ногиронларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, тизимли соғ­ломлаштиришни ташкил этиш, ижтимоий хизмат кўр­сатиш муассасалари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 10 республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва 3 мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларда аҳолига юқори малакали, тиббий профилактик хизматлар кўрсатилмоқда. Тиббиётнинг йигирмадан зиёд йўналиши бўйича мингдан ортиқ даволаш-диагностика стандартлари ишлаб чиқилди. Келгусида ҳам бу ишлар изчил давом эттирилади.

— Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламлари, шу жумладан, кексалар ва ногиронларни ҳимоя қилишга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда, — дейди «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раиси Шуҳрат Усмонов. — Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида кексаларимизнинг турмуш даражаси ва яшаш шароити янада яхшиланяпти.

Бугунги кунда юртимизда 80 ёшдан ошган инсонлар 225 минг, 100 ёшдан ошганлар 8700 нафарни ташкил этади. Айни пайтда юртимизда 2 минг нафарга яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамиша эътиборимизда. Ҳар йили 35 минг нафар кекса ва ногирон санаторийларда бепул соғломлаштирилмоқда. Ўзгалар ёрдамига эҳтиёжманд пенсионер ва ногиронлар учун бериладиган маҳсулотлар тури 15 тага етказилди.

Кекса ёшдаги аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида 4 махсус электрон дастур ва интерактив хизматлар ишга туширилди. Бу орқали ёлғиз кексалар ва ногиронлар уйда ўтирган ҳолда турли ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.

Фракция аъзолари имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёр­дами кўрсатилишини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратни янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида таклифлар билдиришди.

Мажлис якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракция­сининг тегишли қарори қа­бул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: