22.11.2016

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚНИ ЧЕКЛАШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ

Фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ҳеч бир монеъликсиз руёбга чиқариш, сўз эркинлиги, фикр эркинлигини таъминлаш одил ва демократик сайловларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Шунинг учун сайлов билан боғлиқ қонун-қоидалар, тартиб-таомилларни бузиш тақиқланади. Миллий қонунчилигимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга.

Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, маш­ғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Қонун ҳужжатларида фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда етарли ҳуқуқ ва эркинликлар берилиши билан биргаликда, сайловнинг очиқ ва ошкора ҳамда қонуний ўтказилишини таъминлаш мақсадида муайян мажбуриятлар, жавобгарлик масалалари ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг V1 боби «Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик», деб номланган. Ушбу бобдаги тегишли моддаларда сайловга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалалари белгиланган.

Жумладан, ушбу Кодексга асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолия­тига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, сайлов­олди ташвиқоти олиб бориш шарт­лари ва тартибини бузиш, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, сайловни молиялаштириш, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, шунинг­дек, сайлов билан боғлиқ бошқа тад­қиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 146-147-моддаларида сайловни ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, шунингдек сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик масалалари ҳам назарда тутилган.

«Ўзбекистон Республикаси ­Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, сайловни ўтказишнинг Қонунда назарда тутилган қоидалари ҳамда тартибини бузувчи шахслар Президентни сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайлов­олди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунинг­дек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки ушбу Қонун бош­қача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари белгиланган йўсинда жавобгар бўладилар.

Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта ­маълумотларни эълон қилган ёки бош­қа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Мазкур Қонуннинг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участ­ка сайлов комиссиялари таъминлайди.

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тузилади. Округ сайлов комиссияларининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тав­сия­сига биноан Марказий сайлов комиссия­си томонидан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияларининг аъзолари эса халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тегишли округ сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Хўш, уларнинг фаолияти қонунларда қандай кафолатланган, деган табиий савол туғилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 512-513-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, уларнинг қарорларини ижро этмаслик, худди, шунингдек, комиссияларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайри­ҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Хабарингиз бор, шу кунларда сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият — сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақли бўлиб, улар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб борадилар. Қонун ва Кодексларимизда сайловолди ташвиқотини олиб бориш билан боғлиқ фаолият кафолатлари ҳам алоҳида эътиборга олинган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибининг номзод, ишонч­ли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузилиши, шунингдек, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари бузилиши белгиланган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Кодекснинг 516-моддасига асосан сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш ҳам тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.

Қайд этиш ўринлики, мамлакатимизда сайлов тизимини янада демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар, хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Бундай эътирофлар, жумладан, Парижда ташкил этилган «Сайлов тизимини демократлаштириш ва парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт», Тошкентда ташкил этилган «Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва демократик сайловларни ўтказишнинг халқаро стан­дарт­лари» каби халқаро конференциялар ва давра суҳбатларида билдирилган.

Буларнинг барчаси юртимизда ривожланган демократик давлатларда бўлгани каби кўппартиявий тизим қарор топгани, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш мақсадида зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани, энг муҳими, сайлов тизимида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганидан далолат беради.

Зеро, қонунларга сўзсиз амал қилиш, уларнинг ижросини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг асосий шартларидан ҳисобланади.

 

Зикрилло МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари.



DB query error.
Please try later.