19.11.2016

ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ: ИШОНЧЛИ ВА КАФОЛАТЛИ

Республика Ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари давлат миқ­ёсида моддий-товар бойликларни қўриқлашни амалга оширувчи ягона ташкилот ҳисобланади.

Мустақиллик даврида қўриқлаш хизматининг ривожланиши ва тараққий этиши бевосита республикамизда мулкчиликка бўлган муносабатнинг ўзгариб бориши билан боғлиқ кечди. Шу билан бир қаторда кейинги йилларда терроризм балосининг жаҳон бўйлаб зўрайиб бориши, хусусан, Ватанимизда ҳам бир неча ёвуз тажовузларнинг амалга оширилгани ушбу хизматни ўз фаолиятини такомиллаштириб боришга, юзага келган вазиятга мослашишга ундади.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида қўриқлашнинг энг ривожланган тури қоровуллик саналар эди. Милиция қўриғи кам эди. Маълумки, қоровул қўриғининг техник таъминоти, ишончлилик даражаси ва самарадорлиги милиция қўриғига нисбатан анча паст бўлган. Шундан келиб чиққан ҳолда, хизматни таркибий жиҳатдан қайта ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, босқичма-босқич қоровуллик таркибидан воз кечилди. Қўриқлашнинг ишончли тури — милиция қўриғи кучайтириб борилди, унинг қўриғидаги объектлар сони ортди.

Бундан ташқари, ўтган йиллар давомида қўриқлаш хизмати томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган тадбирларнинг ҳам самарадорлиги ошди.

Қўриқлаш хизмати ходимларининг мамлакатда жи­ноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш борасидаги фаолияти Республика раҳбарияти томонидан ўз вақтида эътироф этилмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида қўриқлаш хизматининг қатор ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирлангани фикримиз тасдиғидир.

Айни пайтда қўриқлаш бўлинмалари моддий-техник таъминотини яхшилаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда хизмат автопарки замонавий автотран­­­­­­­­с­порт воситалари билан тўлиқ қайта жиҳозланди.

Булардан ташқари, соҳа ходимларининг ишлаши, ўқиши ва хизмат ўташлари учун шарт-шароитлар яратиш масаласи ҳам ижобий ечим топди. Натижада янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хусусан, «Қўриқлаш» бирлашмаси, Тошкент шаҳар, Тошкент, Навоий, ­Самарқанд, Сирдарё, Хоразм вилоятлари қў­риқлаш бош­қармалари замонавий биноларга кўчиб ўтди.

Қўриқлаш-ёнғиндан огоҳлантириш, сигнализация воситаларини замонавийлари билан алмаштириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Кўрилган чоралар натижасида бугун бу хизмат фаолиятида микроэлектроника ва микропроцессор техникасининг энг сўнгги ютуқларига асосланган асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда. Бу эса ўз навбатида, қўриқлашнинг самарадорлиги, ишончлилиги даражаси ва таннархига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Бугунги кунда қўриқлаш энг замонавий техника воситалари, жиҳозлар билан таъминланган хизматлардан ҳисобланади. Ҳозир ушбу йўналишда техник қўриқлаш пультларини тўлиқ компьютерлаштириш, радиотўлқин орқали қўриқлашни жорий этиш йўлида изланишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда илғор, замонавий қўриқлаш техника ­воситаларини жорий этиш ва ишлаб чиқарилишини тарғиб этиш мақсадида икки марта ­халқаро «Хавфсизлик» семинар-кўргазмалари ташкил этилди.

Хизмат хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатиши ва иқтисодиёт билан бевосита алоқадорлиги сабабли мунтазам равишда изланишлар олиб бориляпти. Бўлинмаларни қайта жиҳозлаш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Асосий эътибор техник қўриқлаш пультларини сўнгги техникалар билан қайта жиҳозлашга ва эскиларини алмаштиришга қаратилган. Жумладан, яқинда Тошкент шаҳрида янги хабар узатиш тармоқлари синовдан муваффақиятли ўтди. Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Учтепа ва Чилонзор туманлари ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлимларининг техник қўриқлаш пункт­ларига замонавий интеграллаштирилган маълумотни узатувчи ва қабул қилувчи қурилмалар ўрнатилди.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги «Қўриқлаш» бошқармаси марказий пункти замонавий техника воситалари билан жиҳозланган.

— Сизлар кўриб турган экранда Мирзо Улуғбек, ­Учтепа ва Чилонзор тумани қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини назорат қиламан, — дейди марказий қўриқлаш пульти диспетчери Елена Жаворонкова. — Қолаверса, пойтахтимиздаги қўриқлаш хизматининг қўлга олиш гуруҳлари ҳаракати экранда кўриниб туради. Биз керакли пайтда уларга йўл-йўриқ кўрсатамиз.

Яна бир масалани алоҳида таъкидлаш лозим, республика Ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари шахсий таркибининг касбий маҳорати ва малакасини оширишга жиддий эътибор бериляпти. Кўрилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад — халқимиз осойишталигини таъминлаб, давлат ва фуқаролар мол-мулкини ишончли ҳамда кафолатли қўриқлашдир.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: