19.11.2016

ЎЗБЕКИСТОН МЕВА-САБЗАВОТЛАРИГА

бутун дунё харидор

Хорижлик мутахассисларнинг эътирофича, диёримизда етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари хуштаъмлиги, сархиллиги, энг асосийси, табиийлиги, фойдали ва тўйимлилиги билан минтақа ҳамда жаҳон бозорида жуда харидоргир ҳисобланади. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан биридир. 

Шу ўринда, ўз-ўзидан ҳақли бир савол туғилади: Хўш, табиатнинг бундай марҳаматию инъомидан унумли фойдалана олаяпмизми?

Жорий йилнинг 8-10 ­ноябрь кунлари Тошкентда «Ўзэкспомарказ» АЖ кўргазма мажмуасида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси мавжуд имкониятлардан янада тўлақонли фойдаланиш кераклигини кўрсатди.

— Ушбу ярмаркани ўтказишдан асосий мақсад, аввало, мамлакатимизнинг мева-сабзавот етиштириш бўйича салоҳиятини бутун дунё­га кўрсатишдир, — дейди Иқтисодиёт вазирлиги қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш бош­қармаси бошлиғининг ўрин­босари Ферузахон Абдусаматова. — Шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан Ўзбекистонда етиштирилаётган сабзавот, мева, узум ва полиз маҳсулотлари экспорти борасида узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳ­сулотларининг экспорт миқдори ва турларини янада кў­пайтиришдан иборатдир.

Дарвоқе, ярмарка ташкилотчилари «Ўзбекозиқов­қатхолдинг» ХК, «Ўзвиносаноатхолдинг» ХК, «Ўзагроэкспорт» АЖ ҳамда «Халқ­аро мева-сабзавот ярмаркаси Дирекцияси» томонидан таш­қи бозорларга жами 1 миллион тоннадан зиёд ҳўл ва 30 минг тоннадан ортиқ қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларини тузиш ва келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш кўзда тутилган эди. Шунинг­дек, мазкур тадбир мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан уни қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ўртасида узоқ муддатли бар­қарор кооперация муносабатлари тизимини барпо этишни янада такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади.

Ярмаркада мамлакат ме­ва-сабзавотчилик соҳасининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини ўзида акс ­эттирувчи стенд ва экспозициялар ташкил этилган. Шунингдек, юртимиз фермер, деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларининг сара турлари намойиши ташкил этилди.

«Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуасининг биринчи па­вильонига Қорақалпоғистон Республикаси ва ви­лоят­ларда етиштирилган сархил мева-сабзавотлар жойлаштирилди.

— Фермерларимиз қовун, қизилмия илдизи экстракти, кунжут, мош, ловия каби маҳсулотлар етказиб бериш бўйича Германия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Ироқ давлатларидан келган меҳмонлар билан кўплаб импорт шартномалари тузишга муваффақ бўлди, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазири Сайлаубай Донияров. — Энг асосийси, хорижликлар жойларда тадбиркорларимиз билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиб, ўзаро манфаатли алоқаларни мунтазам йўлга қўйишга келишиб олишди.

— Жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари Республикамизнинг барча вилоятларида ҳудудий мева-сабзавот ярмаркалари ўтказилди — дейди Фар­ғона вилояти ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш Йиғма бош­қармасининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Фарҳод Акбаров. — Унга кўра, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 45 экспортёр корхоналар билан фермер хўжаликлари ўртасида умумий қиймати 170 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

— Серқуёш юртингизда етиштириладиган меваларни, айниқса, олмани яхши кўраман, — дейди Россия Федерациясининг «НАОРЦ» (Улгуржи тақсимот марказлари миллий уюшмаси) ижрочи директори Владимир Лешук.Кўргазма бизга келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз учун ғоятда фойдали бўлди. Тан олиш керак, юртингизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар инсон соғлиғи учун жуда муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бой, бунинг устига, уларнинг сифати юқори, асосийси, экологик тоза ва хавфсиз. Бу, биз — ҳамкорлар учун жуда ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. 

Ярмаркага ташриф буюрган Россия Федерацияси қиш­лоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Евгений Громико маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида жумладан шундай деди: Ўзбекистонда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотчилик ҳам жадал ривожланмоқда. Мамлакатингизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш жараёнининг барча бос­қичи замонавий талаблар асосида, хавфсиз технологиялар воситасида амалга оширилади. Шу боис, мева-сабзавот маҳсулотлари сотиб олиш ҳажмини янада ошириш, узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Мазкур ярмарка мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради

«Ўзэкспомарказ»нинг учинчи ва тўртинчи павильонлари мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспортёр корхоналар, савдо логистика марказлари ва совутгич ком­плекслари мутасаддилари ҳамда мутахассислари билан гавжум бўлди.

Унда ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлар ва қадоқлаш технология­лари, транспорт ва логистикага оид бўлимлар ўрин эгаллади.

Бугунги кунда биргина Андижон вилоя­тининг Жалақудуқ туманида меваларни экспорт қилувчи 4 йирик корхона мавжуд бўлиб, улар 70 тоннадан тортиб, 150 тоннагача ҳажмдаги ўнга яқин мевани сақлайдиган музлатгич ва омбор­хоналарга эга. Шунингдек, туманда мева-сабзавотларни қайта ишловчи 2 корхона самарали фаолият юритмоқда.

Ярмарка мобайнида ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ўрта муддатларда тўғридан-тўғри етказиб бериш тизимини кенгайтириш бўйича давра суҳбатлари ўтказилиб, ўзаро фикр алмашилди.

Ярмаркада АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 30 дан зиёд мамлакат қайта ишлаш ва савдо компаниялари, савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари вакиллари иштирок этди.

«Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси маълумотларига кўра, ярмарка якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўл­ган 1,4 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 355 шартнома имзоланган. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 32 фоизини сабзавот, 16,6 фоизини узум, 25 фоизини мева, 13,7 фоизини дуккакли экинлар ва полиз маҳсулотлари, 13 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар ташкил қилади.

— Ўтган сафарги Халқ­аро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил қилиш ва ўтказишда баъзи бир камчиликларга йўл қўйилган эди, — дейди «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси раҳбари Жамшид Холмуҳамедов. — Бу йил уларни бартараф этишга ҳаракат қилдик. «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил қилингандан буён бир қатор йирик хорижий ҳамкорлар топишга эришдик. Жаҳон бозорида ўз ўрнимизни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Қувонарлиси шуки, ярмаркага ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар билан тузилган шартномаларнинг ку­тилганидан 40 фоизга кўплиги ярмаркадан кўзланган мақсадга эришилганлигини кўрсатиб турибди.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: