19.11.2016

БРАЙЛЬ ШРИФТЛИ САЙЛОВ БЮЛЛЕТЕНЛАРИ

Демократик тамойиллар, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишларнинг амалдаги ифодасидир

Саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда ­Президент сайлови бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланган кундан эътиборан мазкур сиёсий жараёнга ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи тузилган, округ сайлов комиссиялари томонидан 9 минг 378 сайлов участкаси ташкил этилган. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилган. Барча участкаларда она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилган. Овоз бериш хоналари, қутилар, кўчма қутилар тайёрланган. Участкалар телефон ҳамда интернет тармоғига уланган компьютер, сайловга оид қонун, йўриқнома, қўлланма, зарур адабиётлар, номзодларни таништирувчи плакатлар билан тўлиқ таъминланган.

Мустақиллигимиз меъмори Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўтган йилларда мамлакатимизнинг демократик тамойилларга тўлиқ жавоб берадиган халқаро стандартларга мос миллий сайлов тизими ва қонунчилиги яратилди. Аҳолининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки йил сайин ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда яратилган ана шундай демократик сайловга оид қонунчилик тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилмоқда. Бу галги Президент сайлови аввалгиларига нисбатан бир мунча фарқ қилади. Чунончи, сайлов қонунчилигига кейинги йилларда муайян ўзгартиришлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир таклифнома ва сайлов бюллетенининг янги варианти ишлаб чиқилиб тар­қатилмоқда. Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар чоп этилаётир. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб илк марта кўзи ожизлар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланмоқда.

— Мамлакатимизда ­Президент сайловини демократик тамойиллар асосида ўтказиш мақсадида кўп ишлар қилинмоқда. Кўзи ожизлар учун брайль шрифтли сайлов бюллетенининг яратилиши шулардан бири, — дейди Ўзбекистон Республикаси кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси ­Абдуқаюм Абдунабиев. — Республика бўйича 39 минг­дан зиёд кўзи ожиз фуқаро рўйхатга олинган. Барчаси сайлаш ҳуқуқига эга. Айни пайтда жамиятимиз томонидан улар орасида жорий йилги сайловда бўртма шрифтли алифбо асосида сайлов бюллетенлари амалиётга татбиқ этилаётгани ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Илгари ҳам кўзи ожизлар сайловларда иштирок этар эди. Ўзимдан қиёс: ўғлим билан участкага борардим. Номзодлар ҳақидаги маълумотни ўқиб берарди. Маъқулини айтардим. Белгилаб қўярди. Энди ўзимиз ўқиб, ўзимиз белгилаш имконига эга бўлдик. Янгиликдан барча кўзи ожизлар жуда хурсанд бўлишмоқда. Бу юртимизда мазкур сиёсий жараён адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя қилиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишларнинг амалдаги ифодасидир.

Дарвоқе, манбаларда брайль алифбоси ҳақида маълумотлар кўп учрайди. Бўртма нуқталардан иборат мазкур шрифтни XVIII асрнинг биринчи ярмида француз тифлопедагоги Луи Брайль ихтиро қилган. Қизиғи шундаки, Брайлнинг ўзи сўқир бўлган. У Париждаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатида мусиқа фани ўқитувчиси бўлган. Ўз номи билан аталадиган ва ҳозирги вақтгача кўзи ожизларнинг бутун дунёда қўлланилаётган рельеф нуқтали шрифтини ишлаб чиққан.

Ихтирочи лотин алифбосидаги ҳарфлар тартибини қабул қилган. Алифбонинг олдинги ҳарфларини белгилаш учун 6 нуқтанинг юқори ва ўрта нуқталаридан фойдаланган. Кейинги ҳарфларни белгилаш учун қўш нуқталар чапдан, сўнг чап ва ўнгдан, ундан кейин ўнгдан қўйган. Ушбу белгилар билан ўзбек-кирилл ва ўзбек-лотин ҳарфлари ҳам ифодаланган. 6 нуқтанинг турли ҳолатдаги уйғунлашувидан сонлар, тиниш белгилари, математика ва кимё фанига доир ҳамда нота белгиларини ҳам ифодалаш мумкин.

Брайль шрифтида кирилл алифбоси асосидаги ўзбек ёзувида «Ўтган кунлар», «Вафодор» сингари романлар нашр этилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, муайян қонун ҳужжатларнинг тегишли бандига мувофиқ мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўзи ожиз фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиши учун сайлов бюллетенлари брайль алифбоси асосида зарур миқдорда ўзбек ва рус тилларида чоп этилаётир. Ушбу бюллетень намунаси иловага мувофиқ шаклда тасдиқланган. Бўртма нуқтали шрифт­лардан иборат бюллетенни тайёрлашда Тошкент қоғоз фабрикасининг матбаа офсет қоғозидан фойдаланилмоқда ва кўзи ожизлар босмахонасида чоп этилаётир. Бюллетенда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар берилган, унинг ўнг томонида бўш квадратларда чегаралари рельефли-нуқтали бўртмалар орқали жойлаштирилган.

Айни пайтда кўзи ожиз сайловчилар учун нашр этилган сайлов бюллетенлари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, округ сайлов комиссияларига юборилмоқда. Участка сайлов комис­сия­лари кўзи ожиз сайловчилар учун сайлов бюллетенларини округ сайлов комиссияларидан олади.

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.