Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.11.2016

ҲАР БИР ИНСОН ФАРОВОН ЯШАШГА ҲАҚЛИ

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов бухоролик сайловчилар билан учрашди

Ҳар бир давлат ўз иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқининг турмуш даражасини юксалтириш ҳақида ўйлайди. Мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни мустаҳкамланиши, жадал тараққий этиши, соҳалар ривожи таъминланиши, аҳолининг эртанги кунга ишончи ортиши бевосита ана шу омилларга боғлиқдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг бухоролик сайловчилар билан ўтказилган учрашувида ҳам турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган таклифлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотганига гувоҳ бўлдик.

Учрашувни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Умаров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Робия Казимова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Ишончли вакил номзоднинг дас­тури партиямиз дастурига ҳам­оҳанглиги, унда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаётий таклифлар илгари сурилганини қайд этди.

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов ўз дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод дастлаб кўҳна ва боқий Бухоронинг бой ва қадимий тарихи, дунё цивилизациясида тутган ўрни, бугунги тараққиёти ҳақида тўхталиб, бу қадим замин ўзбек давлатчилигининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшганини эътироф этди. Бугун вилоятда эришилаётган ютуқларда Бухоро аҳлининг меҳнатсеварлиги ва шижоаткорлиги муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда номзод аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласини ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналиши сифатида белгилаганини қайд этди.

— Биз учун асосий масала аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади, — деди Хатамжон Кетмонов. — Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Жумладан, кам таъминланган оилаларга ажратиладиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни ҳар ойда тўлаб бориш ўрнига, ўз бизнесини ташкил этиш шарти билан бир марталик тўловга алмаштиришни таклиф қиламиз. Бу ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг манфаатини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман. Чунки бунда киши ўзига мос бизнесни йўлга қўйиб олиш учун маблағни яхлит тарзда олади. Ишни кўнгли хотиржам бўлиб бошлайди, ўзига ишончи ортади. Бизнинг фикримизча, ижтимоий кўмак — ташаббускорликка йўл очмоғи керак.

Ҳаммамиз яхши биламиз, мамлакат тараққий этиши, аҳоли турмуш даражаси ор­тиб боришининг омиллари кўп. Айниқса, бу масалада иқтисодий ислоҳотларни тўғри йўналтириш катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, биз давлатимизнинг молиявий ва иқтисодий қудратини кучли ижтимоий сиёсатга уйғунлаштириш керак, деган таклифни илгари сурдик.

Хусусан, дастурда маҳаллий ­хом­ашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарини иқтисодий ва ­молиявий рағбатлантириш, имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш масалалари белгиланган. Бу жойларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотлар ҳажми ва сифатини ошириш, корхоналар фаолиятини кенгайтириш, қў­шимча иш ўринлари очишга хизмат қилади.

Айниқса, маблағ етишмаслиги сабабли иши юришмай турган ёки маҳсулот ҳажмини ошириш учун қўшимча техника ва технологияларга эҳтиёжи бор корхоналарга бу жуда қўл келади. Улар керакли маблағ билан таъминланса, ишлаб чиқариш салоҳияти ўсади, ички ва ташқи бозорга юқори сифатли маҳсулотлар билан чиқиш имконияти ортади.

Очиқ, ошкора ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Номзоднинг дастурида ижтимоий ҳимояни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилганини кўпчилик қўллаб-қувватлади. Бу борадаги таклифлар энг долзарб ҳаётий вазифалар бўлиб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, даромадларини кўпайтириш масалаларини ўз ичига олган, дейишди сўзга чиққанлар.

Саодат Юсупова, Шофиркон туманидаги «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси:

— Хатамжон Кетмоновнинг дас­турида ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги муҳим йўналишлар ўрин олгани бизни қувонтирди. Уларнинг амалга оширилиши электоратимиз вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланишида долзарб аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Хусусан, олий ва ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш йўналишларини белгилашда корхона ва ташкилотларнинг кадр­ларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш бугуннинг асосий вазифаларидан биридир. Айтайлик, бир ҳудудда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш масаласи долзарб бўлиб турибди. ­Лекин бу ерда фаолият юритаётган касб-ҳунар коллежи бошқа бир йўналишга ихтисослашган. Агарда мутахассислар ўша жойда юзага келган эҳтиёждан келиб чиқиб тайёрланса, уларнинг ишга жойлашиш кафолати янада мустаҳкамланади.

Номзод дастуридаги вазифалар туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб белгилангани эътиборга молик. Шунинг учун номзоднинг дас­турини сайловчилар орасида кенг тарғиб қилишимиз, бу борадаги ишларимизни кучайтиришимиз зарур, деб ўйлайман.

Гулсара Сувонова, Когон шаҳридаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати:

Эътибор берган бўлсангиз, охирги пайтларда телевизорда, кўчаларда, баннерларда, ҳатто жамоат транспортларида дори воси­талари рекламаси кўпайиб кетди. Истеъмолчи уларнинг қайси бири ўзига кераклигини билмай қолади. Бунинг устига реклама қилинаётган дори воситаларининг айримларини шифокор маслаҳатисиз умуман қабул қилиб бўлмайди. Бу масалада ­Хатамжон Кетмонов илгари сурган таклифларни ёқлайман.

Ҳақиқатан ҳам, дори воситалари рекламасига ўзига хос чеклов қўйиш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Бундан таш­қари, номзоднинг фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат назоратини кучайтириш масаласидаги таклифлари жуда муҳим.

Чунки дори-дармон воситалари ҳамма жойда ҳам бир хил нархда эмас. Бир дорихонадан сотиб олинган дори воситаси кейинги дорихона муассасасида анча арзон ёки қиммат бўлади. Умуман, нархлар ўртасида катта тафовутни кузатиш мумкин. Шу боис номзод дастурида бу масалада илгари сурилган вазифаларни долзарб, деб ҳисоблайман.

Роҳат Ҳайитова, Вобкент туманидаги «Баркамол авлод» болалар маркази директори:

— Очиғи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Президент­ликка кўрсатилган номзоднинг дастуридан кўнглим тўлди. Унда фарзандларимиз, ёшларимиз ҳаёти, келажагига дахл­дор кўплаб муҳим масалалар ўрин олган.

Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил ўзини ўзи иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш, шу мақсадда имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш таклиф этиляпти. Ёшларни ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолия­тини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш илгари сурилган.

Бу таклиф коллежни тамомлаётган ёшларнинг таълим олиши, касб танлагач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлишида қулай имкониятлар яратишга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Фаолиятим ёшлар билан боғлиқ бўлгани учун улар билан касб танлаш бўйича кўп гаплашаман. Йигит-қизлар орасида ўз ишини очишни ният қилганлар ҳам оз эмас. Уларни қўллаб-қувватласак, мадад берсак, қўрқмасдан ўз ишини бошлайди. Бундан кўпчилик манфаатдор бўлади, албатта. Шу боис номзоднинг дастуридаги касб-ҳунар коллежи битирувчиларига рағбат ва керакли шарт-шароитлар яратиш таклифи менга манзур бўлди. Чунки улар мамлакатимиз тараққиёти, ёшларимиз келажаги учун хизмат қилади.

Учрашувда, шунингдек, Хатамжон ­Кетмонов дастуридан ўрин олган ғоялар мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиётини мустаҳкамлашга, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, тараққиётни жадаллаштиришга, аҳоли турмушини фаровонлаштиришга йўналтирилганлигини алоҳида эътироф этишди. Ушбу дас­тур мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга ошириб ке­линаёт­ган кучли ижтимоий сиёсат, инсонпарвар демократик ислоҳотларнинг бош мақсадига мос келиши алоҳида таъкидланди.

Сўзга чиққанларнинг барчаси йиғилганларни Президент сайловида Хатамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Президентликка номзоднинг бухоролик сайловчилар билан учрашуви барчада катта таассурот қолдирди. Қатнашчиларнинг учрашувдан кейинги фикр-мулоҳазаларида ҳам бу яққол сезилиб турди.

Нодирбек Ходжаев, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи хўжалик бўлими бошлиғи:

— Президентликка номзод ­Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастури ҳаётий ғояларга асослангани билан менга маъқул бўлди. Айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, маҳсулот етказувчилар ўзаро эркин рақобатлашишига шароит яратадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар йўналишини кенгайтириш, шу орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари долзарб, деб ўйлайман. Бу нафақат давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва қудратини оширишга, балки тизим ходимлари ва истеъмолчиларга янада қулайлик яратишга хизмат қилади. Нимага десангиз, очиқ ва ошкора электрон савдолар йўлга қўйилиши Давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфланиши, адолат ва ҳаққонийлик мустаҳкамланишига кенг йўл очади.

Меҳринисо Сафарова, Жондор туманидаги «Мирзаён» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси:

— Учрашувда Хатамжон ­Кетмоновнинг нутқини диққат билан тингладим. Бир нарсага амин бўлдимки, номзоднинг дастури мазмун-моҳиятига кўра, халқ фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади ва унда ўзига хос, қатъий ёндашув бор. Масалан, дас­турда пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолининг бошқа қатламлари ҳаётий эҳтиёжларини қаноатлантириш, бу борада янада самарали тизим яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Тўғриси, дастур ана шу жиҳатлари билан менга кўпроқ маъқул бўлди.

Меҳр-шафқат, муҳтожга кўмак бериш, ёши улуғ инсонларга ҳурмат кўрсатиш қон-қонимизга сингиб кетган азалий қадриятларимиздан саналади. Шунинг учун мен бу таклифларни чин кўнгилдан қўллаб-қувватлайман.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири. 



DB query error.
Please try later.