17.11.2016

ХОНЖИЗА ХАЗИНАСИ ЎЗИНИНГ БЕБАҲО ДУРДОНАЛАРИНИ ИНЪОМ ЭТМОҚДА

...Азим Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган Хонжиза полиметалл фабрикасида ҳаёт қайнайди. Бир томонда қурувчилар, бир тарафда ишчилар шижоат билан меҳнат қилмоқда.

Хонжиза — мамлакатимиздаги йирик конлардан ҳисобланади. Геологик қидирувлар натижасида ҳудудда ўнга яқин ноёб маъдан захиралари борлиги аниқланган. Тоғлар бағридан қазиб олинаётган руда «Кенгузар» қишлоғидаги маҳобатли фабрикада майдаланиб, пешма-пеш Олмалиқ кон-металлургия комбинатига жўнатилмоқда.

Фабрикада икки минг нафарга яқин жамоанинг асосий қисмини ёшлар ва коллеж битирувчилари ташкил қилаётгани янада қувонарли.

— Ушбу жамоада меҳнат қилаётганимдан фахрланаман, — дейди Достонжон Муродов. — Коллежни тугаллаб, фабрикада иш бошладим. Бу ерда биз учун барча шароит яратилган. Ошхона ишлаб турибди, махсус иш кийимлари берилади. Тажрибали мутахассислардан касб сирларини пухта ўрганаяпмиз. «Устоз — шогирд» анъанаси йўлга қўйилганидан хурсандмиз...

— Фабрика Сариосиё тумани марказидан 40-50 километр олисда жойлашган, — дейди «Хонжиза» тиббиёт бўлими бошлиғи, ЎзХДП аъзоси Абдулла Муқимов. — Қишлоқларимизда 10 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Яқин ўтмишда халқнинг турмуш шароити оғир эди. Қишда лой, ёзда чанг-тўзон, ўйдим-чуқур йўлдан юришга тўғри келарди. Ўша пайтда бугунгидек оламшумул ўзгаришлар кимнинг хаёлига келибди, дейсиз? Бунёдкорликлар натижасида кенг ва равон йўл, янги мактаб, тиббиёт муассасаси қурилди. Кўркам турар-жойлар бунёд этилмоқда. Бир сўз билан айт­ганда, Истиқлол шарофати билан Хонжиза бағридаги бебаҳо бойликлар эл-юрт равнақига хизмат қила бошлади.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.