17.11.2016

«ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҲКАМ ДЕМОКРАТИК ТИЗИМНИ ЯРАТИШГА ИНТИЛАЁТГАН ДАВЛАТЛАР УЧУН НАМУНАДИР»

Ўзбекистон халқи учун муҳим бўлган сана — 4 декабрь, Президент сайлови куни тобора яқинлашиб келмоқда. Бугунги кунда бу бўлажак воқеа республикамизда ҳам, хорижда ҳам энг кўп муҳокама этилаётган мавзудир. Чунки мамлакатимизнинг бундан ке­йинги тараққиёти, унинг янада юксалиши, мустақиллик йилларида барча соҳаларда қўлга киритилган муваффақиятларни сақлаб қолиш ва уларни янада бойи­тиш ўтказиладиган ана шу сайловнинг натижаларига боғлиқдир. Ўзбекистоннинг замонавий ҳаёти билан яхши таниш бўлган кўпгина хорижлик экспертлар бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Пьер Шабаль, Гавр университети профессори (Франция):

— Президент сайловлари Конс­титуция ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга тўла мувофиқ ҳолда ташкил этилмоқда, бу эса давлатнинг конституциявий тизими самарали ва барқарор равишда амал қилаётганидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасининг 2016 йил 8 сентябрдаги қўшма йиғилишида қабул қилинган қарорлар ҳамда Президент сайловининг санаси эълон қилингани мамлакатнинг демократик қадриятларга содиқ эканлигини бутун дунё­га намоён қилди.

Шуни қайд этиш жоизки, мустақил ривожланиш йиллари давомида республикада эркин, демократик ва шаффоф сайловлар ўтказиш кафолатини таъминлайдиган салмоқли қонунчилик замини шаклланди. Бу жараёнда Марказий сайлов комиссияси мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани алоҳида аҳамият касб этди.

Шу боис, мен сайловларда хорижлик кузатувчиларнинг иштирок этишини юқори баҳолайман. Сайлов жараёни боришининг мониторинги конструктив халқаро ҳамкорлик руҳида, фақат миллий қонунчиликка мувофиқ равишда амалга оширилмоғи лозим, деб ҳисоблайман.

Олдинда турган Президент сайлови мамлакатни янада демократлаштириш ишида муҳим босқич бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

Оливье Фор, Сорбонна Париж V университетининг халқаро музокаралар бўйича профессори (Франция):

— Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик ишлари халқ­аро андозаларга мос бўлган ташкилий-сиёсий даражада бормоқда. Улар бўлажак сайловларнинг мамлакат қонунчилиги ва халқаро меъёрларга мувофиқ равишда ўтказилишини кафолатлайди.

Олдинда турган сайловлар мониторинги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) тўлақонли миссияси томонидан амалга оширилиши мамлакатдаги изчил демократик ривожланишнинг кўрсаткичи ҳисобланади.

Шуниси муҳимки, республика Конституциясида барча фуқароларга тенг сайлов ҳуқуқи берилган. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё­нинг тарихий ўзига хослиги ҳамда мамлакат аҳолисининг этник ва диний жиҳатдан хилма-хиллиги эътиборга олинган тақдирда Ўзбекистон эришган муваффақиятларнинг нақадар юқори баҳога сазовор эканлиги рўй-рост аён бўлади.

Мамлакат қонунчилиги билан тақдим этилган Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг қўшимча кафолатлари ушбу комиссия фаолиятида янада кенг демократияни ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилишини ҳам қайд этишни истар эдим.

Ўзбекистоннинг изчил иқтисодий ўсиши барқарорлик ҳамда жамиятдаги ижтимоий шериклик мустаҳкамланишидаги энг муҳим омил, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон мустаҳкам демократик тизимни яратишга интилаётган давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Антонио Алонсо Маркос, Сан Пабло университети профессори (Испания):

— Мустақиллик йиллари давомида эришилган натижаларни бирлаштириш ва янги муваффақиятлар йўлидаги шароитларни мустаҳкамлаш учун улкан аҳамият касб этадиган Ўзбекистон Президенти сайловларининг жуда муҳим эканлигини бутун дунёда тушунишади, деб ўйлайман. Ишончим комилки, ўзбек халқи мамлакатни янги даражага олиб чиқадиган, бундан кейинги ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлайдиган ҳамда унинг хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлайдиган муносиб номзодни ёқлаб овоз беради. Шу боисдан ҳам олдинда турган сайловлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеа ҳисобланади.

Удо Фолькер, CLAAS компаниясининг мустақил маслаҳатчиси (ГФР):

— Мен Ўзбекистон билан, унинг иқтисодиёти ва сиёсий ривожланиши билан яхши танишман, Германия — Ўзбекистон иқтисодий форуми ишида фаол иштирок этаман.

Олдинда турган Президент сайлови нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё сиёсий ҳаётининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон минтақа барқарорлигининг сақланишида ўта муҳим ўрин тутади.

Жорий йил 4 декабрь куни бўлажак сайлов демократик тамойиллар ва халқаро андозаларга мос равишда ўтишига ишончим комил, чунки Ўзбекистон олдинда турган муҳим сиёсий тадбирни юқори даражада ташкил этиш учун барча ҳуқуқий ва техникавий имкониятларга эга. Умидворманки, ўзбек халқининг хоҳиш-иродаси республиканинг янада равнақ топишига, мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида мустақиллик йиллари давомида эришилган муваффақиятлар кўламларини янада кенгайтиришга кўмаклашади.

Роберт Блум, Женева Дипломатия даврасининг президенти (Швейцария):

— Ўзбекистонда очиқлик ва демократия муҳитида олиб борилаётган сайлов кампанияси давлат бошқаруви тизими ривожланишининг ҳамда аҳоли сиёсий маданияти юксалишининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Мен сайловларда тўртта сиёсий партиядан номзодларнинг иштирок этишини ҳамда сайловларнинг шаффофлилигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар сиёсий барқарорлик ва қонун устуворлиги кафолатининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Барча сиёсий партиялар сайлов­олди дастурларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг ҳаммаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишини, мамлакат иқтисодий тараққиёти ва ижтимоий фаровонлигини ёқлаб чиқишмоқда. Менинг фикримча, улар бир-бирини тўлдиради, алал оқибатда уларнинг қай бири ҳаётга татбиқ этилишидан қатъи назар, мамлакатдаги умумий сиёсий муҳит реал иқтисодий ва молиявий истиқболлар эшигини очгани баробарида хорижий шерикларнинг республика иқтисодиётига сармоя киритишини рағбатлантиради.

Сидхарт Саксенна, Марказий Осиё бўйича Кем­б­риж форуми раиси (Буюк Британия):

— Менинг назаримда ҳозирги сайловолди жараёни унинг тарихий аҳамиятга эга эканлиги ва мазмундорлиги нуқтаи назаридан жуда муҳим ҳисобланади. Мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан барпо этилган сиёсий тизим ўзининг мустаҳкам ва барқарор эканлигини намоён қилганини минтақа мутахассисларининг кўпчилиги қайд этишмоқда. Қолаверса, менинг фикримча, Ўзбекистондаги ўтиш даври худди шундай вазиятга эга бўлган бошқа давлатлардагидан фарқли равишда биргина сайловолди жараёни билан тўлдирилгани йўқ — у қатор муҳим ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар, Тошкентнинг юқори даражадаги ташқи сиёсий фаоллиги қўллаб-қувватланиши билан ёдда қолади.

Менга шуниси ҳам аёнки, меҳнаткаш ҳамда тинчликпарвар ўзбек халқи барқарорликни ва тўпланган тажрибани қўллаш имкониятини ҳамма нарсадан устун қўяди. Дунёнинг бошқа бир чеккаларидаги сайловолди пойгалари бир-бирига таъна тошларини отиш ва популистик ёндашувларга қурилган бир даврда ўзбек сиёсатчилари нафақат прагматизмни, балки ўз халқи олдида келажак учун бўлган катта масъулиятни ҳам намоён этишмоқда.

Мен овоз бериш натижаларини некбинлик билан кутаман. ЕХҲТ кузатувчиларининг тўлақонли миссия­сини ҳамда кўп сонли бошқа хал­қ­аро кузатувчиларни қабул қилишга ҳозирлиги Ўзбекистоннинг бу тадбирни қабул қилинган халқаро меъёрларга мувофиқ тарзда ўтказишга бўлган интилишидан далолат беради.

 

«Жаҳон» АА



DB query error.
Please try later.