17.11.2016

КУЗАТУВЧИЛАР ИШИНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ

Президент сайловининг демократик тамойилларга мос ўтишини таъминлайди

Ўзбекистон ХПД Тошкент шаҳар кенгашида Президент сайловида қатнашувчи кузатувчилар ишини самарали ташкил этишга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, қонунчилигимизга кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участ­касида сайлов куни овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга. Бундан кўзланган мақсад сайлов кампанияси даврида партия манфаатларини ҳимоя қилиш, сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

— Партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш, сайловда партия манфаатларини ҳимоя қилиш кузатувчилардан катта масъулият талаб этади, — деди Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов. — Шунинг учун уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш муҳим масаладир. Хусусан, кузатувчиларнинг ҳуқуқлари нималардан иборат эканини, уларнинг вазифалари қандайлигини кенг тушунтириш зарур.

Қонунчиликка мувофиқ, кузатувчилар сайлов комиссияларининг мажлисларида, сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда сайловга тайёргарлик ишларининг боришини, сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун кузатувчи фаол бўлмоғи керак. Овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомасини тузишда иштирок этиб, сайлов комиссиясидан сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини сўраб олиши даркор.

— Миллий сайлов қонунчилигимиз юртимизда ўтказилган ўнга яқин сайловларда тўпланган бой амалий тажриба асосида тадрижий равишда такомиллашиб бормоқда, — деди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Нигора Эшметова. — Шуни таъкидлаш керакки, кузатувлар дастлабки ва асосий давр­га бўлинади. Дастлабки кузатув даври сайлов кунига қадар бўлган жараённи қамраб олиб, муддатидан олдин овоз беришдаги кузатув амалга оширилади. Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, соғ­лиги, хизмат сафарига кетиши ёки бош­қа сабабга кўра сайлов куни доимий яшаш ҳудудида бўлмайдиган фуқароларнинг муддатидан аввал овоз бериш жараёнида ҳар бир сиёсий партия кузатувчиси иштирок этади.

Бундан ташқари, кузатувчи томонидан округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида, сайловолди ташвиқоти вақтида ҳамда овоз беришдан бир кун олдин сиёсий партия манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида кузатув амалга оширилади. Кузатувчиларимиз ҳар бир тадбирда фаоллик ҳамда зийраклик билан қатнашиши зарур, деб ўйлайман. Дастлабки кузатув даврида улардан сайлов участ­каларининг овоз бериш жараёнларига тайёргарлик кўриш даражасини, жумладан, тайёргарлик ишларининг бориши, овоз бериш учун кабиналар ва сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ҳамда сайловолди ташвиқоти жараёнларида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини кузатиш талаб этилади.

Участка сайлов комиссияси овоз бериш куни ўз ишини бошлаган пайтдан то сайлов натижалари ҳақидаги баённома имзоланиб, кузатувчи томонидан унинг нусхаси олингунга қадар бўлган вақт асосий кузатув даври ҳисобланади.

Семинар-тренингда кузатувчиларнинг ишини ташкил этиш билан боғлиқ муҳим масалаларга тўхталиб ўтилди. Тегишли тавсиялар берилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: