17.11.2016

ДАВЛАТ ХАРИДИНИНГ МАСЪУЛИЯТИ КАТТА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси давлат харидлари ва унинг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида давлат харидлари бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари экани қайд этилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлат харидлари мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида турли тармоқларга инвестиция қилиш, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, ижтимоий вазифаларни бажариш, шунингдек, давлатни бошқариш, мудофаани таъминлаш каби мақсадларда амалга оширилади. Демак, давлат харидлари жуда масъулиятли харидлар ҳисобланади. Бу масалада етти ўлчаб, бир кесиш, ҳар томонлама ўйлаб, қонунга мувофиқ ҳолда виждонан қарор қабул қилиш талаб этилади.

Парламентимиз Қонунчилик палатасида масъул қўмиталар томонидан ташкил этилган «Давлат харидлари шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари: ҳолати ва истиқболлари» мавзусидаги давра суҳбатида шу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда давлат харидларининг ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизини ташкил этади. Яъни, бундай харидларнинг сифати, самарадорлиги иқтисодий тараққиётимизга бевосита таъсир этувчи муҳим омиллардан ҳисобланади.

Юртимизда бу механизмнинг маълум ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, Бюджет кодексида давлат харидлари тизимининг асосий қоидалари акс эттирилган. Соҳага оид 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Шу билан бирга, депутатларнинг фикрича, соҳанинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштиришни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Давра суҳбатида Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик, идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар ҳамда тадбиркорлар бу борадаги асосий масалалар ҳақида ўзаро фикр алмашишди.

Уларнинг таъкидлашича, қонунчиликни такомиллаштиришда давлат харидларини рақобат асосида амалга ошириш, шаффофлик ва очиқлик механизмини яратиш, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш, давлат харидларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш, давлат харидлари иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими хамда тартибини яратиш, электрон харидларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш жоиздир.

Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари давлат харидлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини пишиқ-пухта тайёрлаш йўналишлари юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.



DB query error.
Please try later.