17.11.2016

БОҚИМАНДАЛИК КАЙФИЯТИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ, ТАШАББУСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЗАРУР

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов самарқандлик ва навоийлик сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партия­сидан номзод Хатамжон Кетмоновнинг самарқандлик сайловчилар билан бўлган учрашуви юқори савияда, фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.

Вилоят ҳокимлигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашувда деярли барча шаҳар ва туманлардаги сайловчилар вакиллари қамраб олинди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саҳо­­биддин Арзиқулов йиғилганларга Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Президентликка номзод учрашув аввалида мустақиллик йилларида юртимизда, жумладан, Самарқанд вилоятида амалга оширилган буюк ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, кўҳна кентнинг дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бирига айлангани, унда яшаб ўтган азиз авлиёлар ҳақида сўз юритди. Сўнг ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Дастурда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиш, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий барқарорликни сақлаш каби эзгу мақсадлар мужассам эканини таъкидлади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий ғоя ва мақсадларига уйғундир.

— Фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти — уларнинг бандлигини таъминлашдир, — деди Хатамжон Кетмонов. — Ушбу мақсадга эришишда биринчи галда меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлиши ҳамда фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги, ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш лозим. Сайловолди дастуримда мазкур масалаларга кенг ўрин берилган. Банд­ликни таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринлари ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан кучли парламент назоратини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади. Яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўрта махсус ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлашга эришиш лозим, деб ҳисоблайман.

Президентликка номзод ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз гуруҳларининг ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш лозимлигига алоҳида урғу берди.

— Аҳолининг кам таъминланган қисмини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш билан биргаликда боқимандалик кайфиятидан халос бўлиш масаласини тўлиқ бартараф этиш, ўз ишини очишни мақсад қилганларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш зарур, — деди Президентликка номзод. — Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг харид қобилиятини ошириш ички талабнинг ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатлари изчил ошириб борилишининг мустаҳкам асосидир.

Сайловолди учрашувида Хатамжон Кетмонов демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги, шунинг­дек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилашни таклиф этди.

Таъкидландики, дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалда рўёбга чиқариш мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзод дастурида белгиланган вазифалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Исломбек УМИРОВ, Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти координатори:

— Мамлакатимизда таълим соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастурида ҳам кенг ўрин олган. Хусусан, номзодимиз мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий оммабоп шароитларни яратиш масаласини энг муҳим устувор вазифа, деб ҳисоблайди.

Шу ўринда номзоднинг Сайлов­олди дастурида ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилганини таъкидлаш керак. Зеро, ушбу вазифанинг амалга оширилиши билан партиямиз электорати вакилларининг сифатли таълим олиши, юртимиз равнақига ҳисса кўшиши учун шароит яратилади.

Зайнаб БЕРДИЕВА, Каттақўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактаби директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан номзоднинг дастури ҳаётий жиҳатлари билан эътиборга молик. Хусусан, унда мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳеч биримизга сир эмас, тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш, кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда айрим камчиликлар учраб турибди. Дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар нархларида номутаносибликлар кузатилмоқда. Уларнинг бартараф этилиши соғлом турмуш тарзининг қарор топишига, тиббий маданият юксалишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Шуларни инобатга олган ҳолда, номзодимиз дастурида имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ижроси, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлайман.

Музаффара ДАВРОНОВА, Самарқанд шаҳридаги «Саид» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси:

— Мушоҳада қилиб кўрадиган бўлсак, кам таъминланган оилалар аъзоларига ўз ишини очиши, мустақил бизнесни йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ва фоизсиз ссуда­лар ажратиш амалиётини янада ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, бар­қарор даромад манбаига эга бўлса, ижтимоий ҳимоя учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди. Аксинча, уларнинг ўзи тараққиётга ҳисса қўшувчига айланади.

Номзодимиз ўз дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида боқимандалик кайфиятини бартараф этиш, аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ташаббускорлигини рағбатлантириш зарур, деб ҳисоблайди. Айтайлик, кимдир ишлаб чиқаришнинг қайсидир турига қизиқади, лекин у вақтинчалик ишсиз. Ўзи қизиққан ва қўлидан келадиган ишни бошлаши учун маблағга эҳтиёжи бор. Демак, уни қўллаб-қувватлаш, керакли маблағ билан таъминлаш лозим бўлади. Шунда жамиятда боқимандалик кайфияти бартараф этилади. Кўплаб одамлар иш билан таъминланиб, оила даромадига, жамият тараққиётига ҳисса қўшади.

Дастурда илгари сурилган ғояларни ҳар томонлама ҳаётий, деб биламан ҳамда барчани сайлов куни Хатамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақираман.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов Кармана туманида навоийлик сайловчилар билан учрашди.

Тадбир видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилиб, унда 3 минг нафарга яқин сайловчи иштирок этди. Учрашувни халқ депутатлари Кармана туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Жасур Савриев очди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аҳад Аҳмедов йиғилганларни Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан таништиргандан сўнг, номзод ўз дас­турида илгари сурилган ғоялар, белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида сайловчиларга атрофлича маълумот берди.

Номзод дастлаб Навоий вилоятининг ижтимоий-иқтисодий сало­ҳия­тига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Истиқлол йилларида юртимизда тарихий ўзгаришлар рўй берди, — деди Хатамжон Кетмонов. — Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бир пайт­лар Навоий вилояти деганда кўз ўнгимизда кўпроқ бепоён чўл ва яйловлар гавдаланар эди. Бугун эса бу воҳа жадал тараққий этаётган вилоятлардан биридир. «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси, «Навоийазот», «Қизилқумцемент», «Навоий ИЭС» АЖ каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда Навоий эркин иқтисодий зонаси иқтисодиётимизнинг таянчига айланиб улгурди. Айни пайтда эл-юрт тараққиёти учун меҳнат қилаётган навоийликларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккури, Ватан келажагига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда.

Сайловолди дастурим ҳақида сўз юритадиган бўлсам, биз учун асосий устувор йўналиш аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Маълумки, бугунги кунда аҳоли орасида уй-жойга бўлган талаб ортиб бормоқда. Биз уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш масаласини илгари сурмоқдамиз.

Шунингдек, дастурда мамлакатимизда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётгани натижасида йўллар, катта шаҳарлар кўчаларида тирбандликлар вужудга келишига бар­ҳам бериш мақсадида тегишли инфратузилмани доимий такомиллаштириб бориш, пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш, экологик тоза, соғлом турмуш тарзига замин яратувчи велойўлакларни қуриш каби йўналишларга ҳам кенг ўрин берилган.

Президентликка номзод аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам атрофлича тўхталди. Жумладан, педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этиш, бу масалада қонуний асосларни яратиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Учрашувда сайловчилар номзоднинг Сайловолди дастури бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, таклифларини қўллаб-қувватлашди.

— Партиямиздан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмоновнинг Сайловолди дастурини диққат билан тингладик, — дейди халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутати, вилоят «Оила» илмий-амалий маркази раҳбари Гулчеҳра Рўзиева. — Дастурда кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилгани менга маъқул бўлди. Бу йўналишда номзод нафақалар ва моддий ёрдамларнинг манзиллилигини таъминлаш, ҳар ойда тўланадиган ижтимоий нафақаларни мақсадли фойдаланиш шарти билан бир марталик тўлов шаклига ўтказиш механизмини жорий этишни илгари сурмоқда. Бу таклифни ҳар томонлама тўғри, деб ҳисоблайман.

Чунки ҳар ойда олинган маблағ одамларда боқимандалик кайфиятини уйғотиши мумкин. Бериладиган маблағларнинг мустақил иш бошлаши учун ажратилиши жамият ривожи, турмуш фаровонлиги янада ортишига асос бўлади.

— Номзод ўз дастурида уй-жой масаласига алоҳида эътибор қаратгани бизни қувонтирди, — деди «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси ходими Баҳодир Қосимов. — Қурилиш соҳасини модернизация қилиш, қурилиш ташкилотларини кенг ривожлантириш, уларни замон талабига жавоб берадиган мутахассислар, техник воситалар билан таъминлаш таклифларини қўллаб-қувватлайман.

Учрашувда сўзга чиққанлар йиғилганларни Президент сайловида фаол иштирок этишга ҳамда Хатамжон Кетмоновга овоз беришга чақирди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.