15.11.2016

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга асосан, мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида кенг нишонланади.

Пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғ­лиқни сақлаш вазири А.Алимов, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Л.Лазери ва бошқалар Ўзбекистонда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини муҳофазалаш, халқимизнинг соғ­лом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

«Соғлом она — соғлом бола» дастурида белгиланган вазифалар узвийлик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида она ва бола скрининг хизмати, перинатал муассасалар тармоғи яратилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича махсус марказларга асос солинди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ноёб тизими яратилди. Ҳозирги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари, шаҳар, туманлардаги бўлинмалар, тез тиббий ёрдам хизматининг жойлардаги шохобчалари ва санитар авиация хизмати орқали аҳолига бу йўналишда халқаро стандарт­лар даражасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш тақвими йилдан-йилга ривожланмоқда. Бугунги кунда 12 турдаги юқумли касалликларга қарши қўлланиладиган вакциналар давлат бюджети ҳисобидан харид қилинмоқда. 2016 йилда бу мақсадларга 18,5 мил­лиард сўм ажратилди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ҳам ривожланаётир. Бугунги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия соҳасида махсус илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил этилиб, аҳолига бу йўналишда юксак савияда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу тиббиёт муассасаларида ҳар йили эллик минг­га яқин юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилади. 600 мингдан кўпроқ беморга амбулатор хизмат кўрсатилади.

Мамлакатимизда шаклланган замонавий тиббий-профилактика хизмати тиббиётимизнинг узвий бўғинидир. Бугунги кунда уч минг­га яқин қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникалар, амбулатор-поликлиника муассасалари, туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари бу йўналишда халқимизга тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Тиббиёт тизимида амалга оширилаётган узлуксиз ислоҳотлар туфайли мустақиллик йилларида оналар ўлими 3,2, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришгани инсон манфаатларини муҳофазалаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муҳим маҳсулидир.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида тиббиёт тизимининг моддий-техник салоҳиятини янада юксалтириш билан боғлиқ ишлар тобора кенгаймоқда.

Жамиятимиздаги тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида эл саломатлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шарафли ва масъулиятли касб соҳиблари — шифокор ва ҳамширалар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда.

Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт ходимларининг малака ва маҳоратини ошириш, соҳада эришилган илғор тажрибаларни оммалаштириш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Тиббиёт муассасалари, хусусан, оналик ва болаликни муҳофазалашга ихтисослашган шифохоналар, санитария-эпидемиология назорати марказлари, шифокорлар ва ҳамширалар ўртасида ўтказилаётган турли танловлар шулар жумласидан.

Тадбирда ушбу танловларнинг ғолиблари эълон қилинди. Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси танловнинг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича энг яхши тиббиёт муассасаси номинацияси совриндорлари сафидан ўрин олди.

— Тиббиёт муассасамизда касалликларга тез ва аниқ ташхис қўйиш, самарали даволаш бўйича барча шароит мавжуд, — дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими мудири Шаҳло Мамажонова. — Натижада педиатрияда қўлланиладиган энг замонавий услуб ва технологиялар даволаш амалиётига кенг татбиқ этилмоқда. Бўлимимизда ҳар йили минг нафардан кўпроқ болага ана шундай юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатилади. Танловда эришган ютуғимиз бизни янада кўпроқ интилиш ва изланишга ундайди.

Танлов ғолиблари ва совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг «Иймон» спектакли намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

 

Баҳор ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.