15.11.2016

ЖИНОИЙ ЖАЗОЛАРНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ

инсонпарварликнинг юксак намунасидир

Инсон эркинлиги ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи таъминланиши демократик давлатнинг муҳим белгиларидан биридир. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида кафолатланган. Бош Қомусимизда белгиланган тамойилларга кўра, мамлакатимизда жиноят қонунчилигига ўзгартишлар киритиб бориляпти. Жумладан, 2001 йилда қабул қилинган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни суд-ҳуқуқ ислоҳотларида долзарб аҳамиятга эга бўлди.

Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Лазизжон МАҲМУДОВ қонунчилигимизга жиноий жазоларни либераллаштириш юзасидан киритилган ўзгартишлар аҳамияти хусусида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.

— Ҳаёт талабидан келиб чиққан ҳолда, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири — қонун ҳужжатлари, хусусан, жиноий жазо тизимини изчиллик билан бос­қичма-босқич либераллаштириш ҳисобланади.

Юқорида қайд этилган Қонун билан Жиноят кодексининг 105 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ва улар қуйидаги йўналишларда ўз ифодасини топди.

Жиноят кодексида белгиланган жиноятлар таснифи тубдан ўзгарди. Оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг 75 фоизга яқини ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилганлигини алоҳида қайд этиш керак. Жиноий айрим жазо турлари чиқарилиб, жазо тизими янада либераллаштирилди. Жиноят қонунчилигида ярашув институти жорий этилди. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш учун белгиланган муддатлар қисқартирилди.

Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар учун муқобил жазо турлари жорий этилгани инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги ислоҳотлардан биридир. 87 та жиноят таркиби бўйича жазолар юмшатилди, 26 та жиноят таркибидан озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо чораси олиб ташлангани ҳам инсонпарварликнинг яққол далилидир.

Раҳмдиллик ва кечиримлилик каби миллий қадриятлардан келиб чиқиб, 60 та жиноят таркиби бўйича ярашув институти жорий этилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларида муҳим ўрин тутади. Шунингдек, 11 та жиноят таркиби бўйича иқтисодий жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўллаш чекланди.

Бундан ташқари, 2012 йил 29 декабрда тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва оғир жиноятлар белгиларини таснифлашни эркинлаштиришга қаратилган қонун қабул қилингани ҳам соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчиллигига яна бир мисолдир.

Хусусан, айрим тоифадаги жиноятлар бўйича судланганликни олиб ташлаш муддати камайтирилди. Жиноятларнинг иқтисодий зарар миқдори каби таснифловчи белгилари оширилганини ҳам алоҳида қайд этиш керак. Масалан, кўп бўлмаган зарар — энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган миқдорда, анча миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдорда, кўп миқдор эса энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдорда, жуда кўп миқдор — энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдорда белгиланди. Янги жорий этилган механизмга кўра, айрим тоифадаги жиноятлар бўйича ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.

Жиноят кодексининг 180-(Сохта банкротлик) ва 181- (Банкротликни яшириш) моддаларининг иккинчи қисмига ўзгартиш киритилиб, унга кўра етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Илгари ушбу зарар уч карра қопланиши лозим эди.

Сохта банкротлик ва банкротликни яширишнинг мажбурий аломати кредиторларга катта миқдорда — энг кам ойлик иш ҳақининг 300-500 бараваригача моддий зарар етказиш саналади. Бу эса айбдор шахснинг моддий аҳволини батамом ёмонлаштирарди.

Шуларни ҳисобга олиб, етказилган зарарни қоплашни айб­дорнинг ўзини рағбатлантириш йўли билан таъминлаш мақсадида ЖКнинг 180, 181-моддаларига тегишли ўзгартишлар киритилгани айни муддао бўлди.

Кодекснинг 184-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ҳамда бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.

Худди шундай, Кодекснинг 188 ва 189-моддаларининг биринчи ва иккинчи қисмлари чиқарилиб, маъмурий юрисдик­ция­га ўтказилгани ҳам эътиборга молик.

Жиноят кодексининг 188-моддасидан анча ва катта миқдордаги ноқонуний тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги биринчи ва иккинчи қисмлар чиқарилди. Булар учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддасида кўзда тутилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, илгари Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги фақат битта моддада (2061-модда. Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш) берилган бўлса, эндиликда янги 2015 йил 20 августдаги Қонунга мувофиқ, кодексга тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар бўйича 11 та моддадан иборат алоҳида боб киритилгани тараққиётни кўзлаб қилинган ишлардан биридир.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар фуқароларимизнинг мамлакатимиз Конституциясида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини руёбга чиқариш учун янада кенг имкониятлар яратишга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини амалда рўёбга чиқаришга қаратилганлигини бугунги кунда амалга оширилаётган ишларда ҳам кўришимиз мумкин.

Бунга яққол мисоллардан бири, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни таъкидлаб ўтишимиз жоиз.

Халқаро стандартларни мамлакатимиз қонунчилигига сингдириб бориш борасидаги ишларни давом эттирган ҳолда мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида қонун ижодкорлиги соҳасида бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)­ни назарда тутувчи таклиф маъқулланиши билан бир қаторда, 2017 йилнинг 1 апрелидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилиши, гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш муддатининг 72 соатдан 48 соатга қисқартирилиши, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг ҳамда дастлабки терговнинг энг кўп муддатини 1 йилдан 7 ойга қисқартириш, «Хабеас корпус» инс­титутини кенгайтириш, яъни почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ваколатини судларга ўтказиш, судларга қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқини бериш, жиноят ишларини қўшимча тергов ишига қайтариш инс­титутини бекор қилиш, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатини 3 йилдан 1 йилга қисқартириш, вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтини тугатиш, умумий юрисдикция судларини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш вазифаси ва ваколатини Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказиш, хўжалик судлари тизимида минтақавий аппеляция судларини ташкил этиш назарда тутилди.

Шу билан бирга, мазкур Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, одил судловнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, кадрларни танлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор вазифалар белгилаб ўтилган.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: