15.11.2016

ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАР

сайловолди ташвиқотининг юқори савияда ўтишида муҳим ўрин тутади

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президент сайловининг муҳим босқичларидан бири — сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан ҳар томонлама самарали учрашувлар ўтказяпти.

Хўш, ишончли вакил институтининг сайлов жараёнидаги ўрни қандай? Унинг вазифалари ва мажбуриятлари нималардан иборат? Бу борада ривожланган давлатлар тажрибаси қандай? Мазкур саволларга ойдинлик киритиш мақсадида депутатлар, ҳуқуқшунос-экспертларга мурожаат қилдик.

Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши экспертлар гуруҳи аъзоси, юридик фанлар доктори:

— Аввало, шуни таъкидлаш керакки, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда демократик сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, 2003 ҳамда 2008 йилларда Конституциямиз ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга киритилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашувини, сайловларнинг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базасининг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Бир масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимки, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ мутлақ ваколатлар Марказий сайлов комиссиясига берилган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ­тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасида Ўзбекистон ­Республикаси Президентлигига номзодлар ишончли вакилларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган.

Унга кўра, Президентликка номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир.

Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб боради. Давлат ва жамоат ташкилотлари, сайлов комиссия­лари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра ишонч­ли вакилларни Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади ҳамда уларга тегишли гувоҳномалар беради.

Бизнинг қонунчилигимизда сайлов кампаниясининг бирор-бир иштирокчиси учун қандайдир алоҳида имтиёз ва преференциялар берилмаслиги белгилаб қўйилган. Шу боис ишончли вакиллар фақат қонунда белгиланган ваколатлардан фойдаланиши талаб этилади.

Бунёджон ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари Президентликка номзод номидан сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сай­лов­олди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Президентликка номзоднинг ишончли вакилларига ташвиқотнинг сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шарт­ларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб борилиши тақиқланади.

Шунингдек, овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида ҳамда овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига, хусусан, интернетга жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, агар сиё­сий партия у ёки бу шахс­ни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан етти кун қолганида бекор қилса ёки Президентликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия фао­лиятини тугатган тақдирда ёхуд номзод сайловга кечи билан етти кун қолганида номзодликдан воз кечса, бу шахс Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўз­бекис­тон Республикаси Президентлигига номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин.

Бундай ҳолларда Ўз­бекис­тон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари ҳам ваколатларини соқит қилади. Яъни, Марказий сайлов комиссияси ишончли вакилларнинг ваколатларини бекор қилиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари сайлов комиссияларига аъзо бўлиши мумкин эмас.

Ҳушвақт ҲАЙИТОВ, ТДЮУ катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ишончли вакилларининг асосий вазифаси номзодни қўллаб-қувватлаган ҳолда сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳисобланади.

Сайлов куни Президентликка номзодни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар ва ­ташвиқот олиб бориш қонун билан тақиқланади. Ушбу норма мазмунидан шуни тушуниш мумкинки, номзоднинг ишончли вакиллари ўз фаолиятларини сайлов куни тўхтатади.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари сайлов куни сайлаш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқаролар қатори ўзининг Конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаради.

Эшмуҳаммад ҚОДИРОВ, ҳуқуқшунос:

— Ишончли вакил институтидан дунё тажрибасида қандай фойдаланилади, деган саволга жавоб излайдиган бўлсак, ўзига хос ҳолатларнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Мисол учун, Францияда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади. Президентликка номзодларни рўйхатга олишни эса Конституциявий кенгаш бажаради. Яъни, ушбу кенгаш марказий сайлов комиссияси вазифасини ўтайди. Мазкур давлат қонунчилигида Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари ҳақида аниқ норма мустаҳкамланмаган.

Россия федерациясида Президент сайловларида ишончли вакиллардан фойдаланиш жараёни Россия федерацияси президенти сайлови тўғрисидаги федерал қонун билан тартибга солинади. Ушбу қонуннинг 43-моддаси номзодларнинг ишончли вакилларига бағишланган бўлиб, унга кўра, Президентликка номзод 600 тагача ишончли вакил та­йинлашга ҳақли. Номзодни илгари сурган сиёсий пар­тия ўз номзодини қўллаб-қувватловчи ишончли вакил тайинлаши мумкин. Ишончли вакил сифатида кўрсатилган шахслар марказий сайлов комиссияси томонидан рўй­хатга олинади. Сайлов комиссияси аъзолари, давлат органлари мансабдор шахслари, ходимлари ишончли вакил сифатида рўйхатга олинмайди. Ишонч­ли вакил кузатувчи ваколатидан фойдалана олмайди.

Мутахассис-экспертларнинг фикрларидан шундай хулосага келиш мумкинки, Ўзбекистонда яратилган ҳуқуқий меъёрларда сайлов кампанияси билан боғлиқ ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор берилган. Бу сайлов кампанияси иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланиши, улар учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб берилиши, энг асосийси, Президент сайловининг демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлайди.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.