15.11.2016

ҲАЁТИЙ ТАШАББУСЛАР ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов жиззахлик сайловчилар билан учрашди

Бугунги сайловчи ҳуқуқий маданияти юксалгани, сиёсий фаоллиги ошгани билан кечаги сайловчидан фарқ қилади. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг жиззахлик сайловчилар билан учрашуви ҳам буни яққол тасдиқлади.

«Жиззах» эркин иқтисодий зонаси дирекциясининг мажлислар залида видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирни партия фаоли, вилоят Кенгаши депутати Қуроқбой Эргашев очди. У бўлажак сайловнинг мамлакатимиз, халқимиз ҳаётидаги ўрни, аҳамияти, унга пухта тайёргарлик кўриш, юқори савияда ўтказишнинг зарурати ҳақида тўхталди.

Номзоднинг ишончли вакили Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Носиржон Сиддиқов йиғилганларни Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти билан таништирди.

Шундан сўнг номзод Сайлов­олди дастурининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, дастурда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича долзарб масалалар илгари сурилаётганини таъкидлади.

— Дастур Ўзбекистон ХДПнинг асосий ғоя ҳамда мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлигига эътиборингизни қаратмоқчиман, — деди у. — Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг парламентдаги кўпчилик — Демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани ҳамда бу борада илгари сурилган қатор қарашларга асосландим. Жумладан, бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, давлатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларини аҳоли қатламлари, жумладан, кам таъминланганларнинг турмуш даражасини яхшилашга йўналтириш лозим, деб биламан.

Замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва ёшларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш билан бандлигини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим. Шу­нинг­дек, имконияти чекланган кишиларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирок этишлари учун уларга қулай муҳит, шарт-шароитлар яратиб берилиши тарафдориман.

Коммунал тўловлар, товар ва маҳсулотлар баҳоси, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллиги, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш, таълим тизимини, соғлиқни сақлаш, дори-дармон тақсимотида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига маълум даражада имтиёзлар берилиши ҳақида ҳам ўйлаб кўрадиган вақт келди, деб ҳисоблайман.

Иш берувчи билан ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари, корхоналар тизимида «ўрта корхона» тушунчасини шакллантириш, суд қарорлари ижроси устидан назоратни кучайтириш масалалари ҳам жуда долзарбдир.

Йиғилганлар номзоднинг ­Сайловолди дастурида белгиланган шу ва бошқа вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдиришди, таклифлар айтилди.

Халқимизнинг турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилгани учун ҳам номзоднинг Сайловолди дастури менга маъқул бўлди, — деди Жиззах уй-жой, коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи директори, шаҳар Кенгаши депутати Бахтиёр ­Ибодов. — Айниқса, ундаги коммунал соҳадаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ таклифларни қўллаб-қувватлайман. Маҳалламизда, ён-атрофимизда бундай кишиларни учратамиз. Кўпчилигининг қобилияти, ишлашга, меҳнат қилишга иштиёқи бор. Номзоднинг уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ғоялари ҳар томонлама мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

— Учрашувимиз «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ўтаётганида ҳам ўзига хос маъно бор, — деди Жиззах политехника институти ўқитувчиси Парда Шукуров. — Ҳудуд 42 замонавий корхонани ўз ичига олади. Бугун шуларнинг 10 дан зиёди фаолият кўрсатяпти ва уларда юзлаб ёшлар меҳнат қилишмоқда. Бу бандлик, фаровонлик, дегани. Номзоднинг Сайловолди дастурини диққат билан тинг­ладим. Унда илгари сурилган ғоялар, хусусан, «истеъмол саватчаси» билан боғлиқ тушунчалар, давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг бир қисмини уй-жойлар нархини пасайтиришга йўналтириш ҳақидаги қарашларга мен ҳам хайрихоҳман.

Учрашувда, шунингдек, Жиззах туманидаги 2-оилавий полик­линика шифокори Қаршигул Ҳайдарова, Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Акбар ­Носиров, Жиззах шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби директори Ҳалима Неъматова сўзга чиқиб, номзоднинг дас­турини қўллаб-қувватлашди.

Президентликка номзод сайловчиларнинг барча саволларига батафсил жавоб берди ва уларни сайловда фаол қатнашишга чақирди.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.