Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
12.11.2016

БОШ ҚОМУСИМИЗ ТАРИХИГА БИР НАЗАР

Ўзбекистон Республика­си­нинг Биринчи Президенти ­Ислом Каримовдан халқимизга ва аждодларга ниҳоятда улкан моддий, маданий, маънавий, илмий ва ҳуқуқий мерос қолди. Уларнинг энг улуғларидан бири мамлакатимизнинг Асосий Қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир.

Йигирма тўрт йилдирки, кўп миллатли Ўзбекистон халқи туб мазмун-моҳияти инсонни улуғлашга қаратилган Конституциямиз ҳимоясида эмин-­эркин яшаб, буюк келажакни яратмоқда.

Асосий Қонунимиз мамлакатимизда рўй берган сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маънавий соҳалардаги улкан ўзгариш ва янгиланишлар, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг ҳуқуқий асоси ва ишонч­ли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, қонун ижодкорлиги жуда мураккаб ва машаққатли вазифа. Чунки мамлакатда истиқомат қилаётган барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларини уйғунлаштириб, узоқ йиллар хизмат қиладиган мўътабар ҳужжатда акс эттириш беадад катта меҳнат, дониш­манд­лик ва бағрикенгликни талаб қилади. Ушбу қонунларнинг шоҳ илдизи бўлмиш Конс­титуцияни яратиш эса ундан юз карра оғирроқдир.

Дарвоқе, ҳар томонлама жаҳон андозаларига, халқаро меъёрлар, демократик тамойилларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам узоқ муддатли изланишлар, баҳс-мунозаралар, муҳокама ва таҳрирларнинг меваси ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг янги Конс­титуциясини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар шўро тузуми раҳнамолари жон-жаҳдлари билан эски салтанатни сақлаб қолишга уринаётган кезлардаёқ бошланган.

Янги Конституцияни ишлаб чиқиш тўғрисидаги ғоя ўша пайт­даги қонун чиқарувчи ҳокимият — Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 1990 йил мартда бўлиб ўтган сессиясида туғилган эди. Айнан шу мажлисда Юртбошимизнинг ташаббуси билан Асосий Қонунга ўзгартиш киритилган ва Президент бошқарувини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганди. Давлат бошқарувида рўй берган бу янгиланиш ўз-ўзидан республика Конституциясининг кўпгина моддаларини зудлик билан қайта кўриб чиқишни, керак бўлса, бутунлай ўзгача мазмун билан ифода этишни тақозо этарди.

Шу боисдан ҳам Олий Кенгашнинг ўша йили июнда бўлиб ўтган иккинчи сессиясида бу хусусда бир қарорга келинди ва Республика Президенти Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституция комиссияси тузилди. Комиссия таркибига вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, ижодкор зиё­лилар, олимлар, иқтисодиётнинг турли соҳалари мутахассислари киритилди.

Тарихдан маълумки, шўро тузуми пайтида республикаларнинг Конституциялари СССР Конституцияси асосида ва унга мос тарз­да яратиларди. Агар сарлав­ҳадаги республикаларнинг номи ўзгартирилгани ҳисобга олинмаса, ҳаммаси қуйиб қўйгандек бир-бирига ўхшаш, аниқроғи, бир-бирининг айнан такрори эди.

 Конституция Комиссияси олдида эса ушбу анъанани бузиш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, кўп миллатли аҳолисининг руҳиятига, талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган, асрий орзу-умидларини ўзида акс эттирадиган шаклан ҳам, мазмунан ҳам мутлақо янги Асосий Қонунни яратиш вазифаси турарди. Ўша пайтда қарамлик кишанларини парчаламасдан, «катта оға»нинг исканжасидан қутулмай туриб, бу ишни амалга ошириш кўпчиликка хомхаёлдек туюлган бўлса, ажаб эмас.

Лекин Комиссия раисининг қатъияти, азму шижоати баланд­лиги бу ишга жалб қилинган турли тоифадаги раҳбарлар, олим ва мутахассисларга катта далда бўлди. Муайян тайёргарлик ишларидан сўнг 1991 йилнинг апрель ойида Конституция лойиҳасини тайёрлашга киришилди. 12 апрелда комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Амалга оширилган ишлар сар­ҳисоб қилинганда, лойиҳани ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириш лозимлиги аён бўлди. Шундан сўнг комиссия аъзолари, таниқли олимлар ва мутахассислардан иборат 32 кишилик Ишчи гуруҳи тузилди.

Бундан ташқари, Конституция­нинг асосий йўналишларини ўзида акс эттириши лозим бўлган бўлимларни алоҳида-алоҳида тайёрлаш учун 6 кичик гуруҳ тузилиб, уларнинг таркибига 50 нафар илмий ходим ва мутахассислар жалб қилинди.

Орадан беш ой ўтар-ўтмас Ўзбекистон ўз миллий мустақиллигига эришди. Айни пайтда жаҳондаги илғор мамлакатларнинг тажрибасига таянган ҳолда демократик тамойиллар ва бозор иқтисодиёти талабларига тўлиқ жавоб берадиган Конституция яратиш масаласи энг муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланди.

Комиссиянинг қарорига кўра, Ишчи гуруҳи аъзолари, энг аввало, бўлажак Конституциянинг концепциясини яратишга киришди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ инс­титути, Сиёсатшунослик инс­титути ва Президент Девонининг ҳуқуқ-давлат шўъбаси томонидан учта концепция тайёрланди. Шундан сўнг Ишчи гуруҳи ушбу концепцияларнинг асосий ғояларини битта асосий лойиҳага умумлаштириб, Комиссия раисига тақдим этади ва раҳбарнинг тасдиғини олгач, ишга ­киришади.

Лойиҳанинг 158 моддадан иборат дастлабки варианти 1991 йилнинг октябрь ойида тайёр бўлди. Афсуски, бу нусха қайтариқлар ва ноаниқ, мужмал қоидалардан иборат қоралама ҳужжат бўлиб чиқди. Бунга олим ва мутахассисларда ҳеч қандай тажриба йўқлиги, бундан таш­қари, уларнинг фикрлаш тарзида аввалги тузумнинг қолиплари устунлиги ҳам жиддий сабаб бўлган эди. Шунга қарамасдан, ушбу қоралама кейинги ишларга асосий хомашё бўлиб хизмат қилди.

Қораламани жиддий тарзда ўрганиб, ҳар бир моддани синчиклаб таҳлил ва таҳрир қилган Комиссия раиси уни қандай қилиб чинакам Конституция ҳолига келтириш тўғрисида йўл-йўриқ бергач, Ишчи гуруҳ аъзолари зиммаларига юклатилган вазифани амалга ошириш йўлида қаттиқ тер тўкдилар. Лойиҳанинг жиддий равишда ўзгартирилмаган ва тубдан ишланмаган бирорта моддаси қолмади.

1992 йил 2 июлдаги Олий Кенгаш сессиясида Ишчи гуруҳнинг лойиҳани тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлари ҳақидаги ахбороти тингланди ва муҳокама этилди. Орадан кўп ўтмай лойиҳанинг 149 моддадан иборат иккинчи ишчи варианти тайёрланиб, Комиссия раисига тақдим этилди. Бу вариант ҳам жиддий ва асосли таҳрирга учради. Шундан сўнг бўлиб ўтган муҳокамалар асосида лойиҳага бирмунча ўзгартишлар киритилди ва айрим моддалар қисқартирилиб, 137 та моддага келтирилди. Матбуот орқали умумхалқ муҳокамасига тавсия этишдан олдин яна бир неча бор синчиклаб ўрганиб чиқилгач, 127 моддага тушди.

Конституция Комиссияси аъзолари кўп бор таъкидлаганидек, мамлакатимиз Биринчи ­Президенти Ислом Каримов ло­йиҳани қайта-қайта ўқиб чиқиб, таҳрир этиб, қатор тузатишлар ва ўзгаришлар киритган эди. 1992 йилнинг 26 сентябрида Конституция Комиссиянинг қарорига мувофиқ, айнан шу шаклда оммавий ахборот воситаларида эълон қилингач, кенг кўламли муҳокама жараёни бошланди.

Фуқароларнинг лойиҳа хусусидаги фикр-мулоҳазалари баён этилган хатлар Конституция комиссиясига, оммавий ахборот воситалари таҳририятларига оқиб кела бошлади. Комиссия аъзолари мактубларни синчиклаб ўқиш билан биргаликда ёши ва ижтимоий мавқеи, миллати, диний эътиқоди, фикри ва дунёқараши турлича бўлган кишиларнинг нуқтаи назарини бир-бирига таққослаш юзасидан катта таҳлилий ишни амалга оширдилар.

Айни пайтда ишлаб чиқариш корхоналари, хўжаликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, турли-туман муассасаларнинг жамоаларида Лойиҳа муҳокамасига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишларда билдирилган фикр ва таклифлар ҳам комиссияга келиб тушди.

Комиссия жами таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқиш билан биргаликда, уларнинг энг муҳимлари асосида бўлим ва моддаларни қайта ишлаб, лойиҳани 1992 йилнинг 21 ноябрида яна бир бор матбуотда эълон қилди. Шу тарзда кенг жамоатчиликка лойиҳанинг сўнгги нусхаси билан танишиш ва фикр билдириш имкони берилди.

Шундай қилиб, умумхалқ муҳокамасида иштирок этган фуқароларнинг ҳамда Олий Кенгашнинг шу масалага бағишланган мажлисларида депутатларнинг билдирган фикр-мулоҳазалари ҳисобига лойиҳага ҳаммаси бўлиб 80 га яқин ўзгартиш, қўшимча ва аниқликлар киритилди.

Олий Кенгашнинг 1992 йил 8 декабрда бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси сўнгги бор муҳокама этилди ва 128 моддадан иборат ҳолда қабул қилинди.

 

«Унинг лойиҳаси устида икки йил давомида ишладик, — деган эди мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ўша мажлисдаги маърузасида, — у икки ярим ой мобайнида халқ муҳокамасидан ўтди, халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилди, сайқал топди».

 

Шу тариқа мустақил республика ўзининг жаҳон андозалари ва демократия талабларига тўла-тўкис жавоб берадиган, халқимизнинг орзу-умидларини ўзида мужассам этган, озод юртнинг, унинг бунёдкор ва эзгу ниятли халқининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган Асосий Қонунига эга бўлди.

Кўз очиб юмгунча орадан йигирма тўрт йил ўтди. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасигина эмас, юртдошларимизнинг турмуш тарзи, тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгарди. Истиқлол даврида туғилиб, ҳурлик ҳавосидан баҳра олиб ўсган авлод камолга етди. Энди ўзбек халқи мураккаб глобаллашув шароитида дунё аҳли билан баравар қадам ташлашга қодир миллатга айланди. Натижада Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида нуфузи ортди, шон-шуҳрати юксалди, мустақилликнинг сиёсий ва иқтисодий негизи мустаҳкамланди.

Маълумки, Конституция ўз­гармайдиган моддалар мажмуаси эмас. У давлат ва жамият ҳаётидаги туб ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда янгиланиб боради. Асосий Қонунимизга ўтган давр мобайнида бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ўзгартишлар асосан «Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши» деб номланган бўлимга тегишли бўлиб, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўналтирилгани билан диққатга сазовордир.

Улкан меҳнат эвазига яратилган Бош қомусимиз абадул-абад нафақат демократик тараққиётимизнинг кафолати, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳу­қуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Зеро, унинг бош ғояси инсонпарварлик, фуқароларнинг озод мамлакатда эркин ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун шарт-шароит яратишдан иборатдир.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: