12.11.2016

«САЙЛОВ ВА ЁШЛАР» ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Фарғона вилоятида «Мен ўз келажагим учун овоз бераман» шиори остида «Сайлов ва ёшлар» форуми бўлиб ўтди. Унинг иштирокчилари дастлаб буюк аждодимиз Аҳмад ал-Фарғоний ҳай­кали пойига гул қўйдилар. Фарғона политехника институти фаолияти, ўқув ва амалий машғулотлар, талабалар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Сўнгра 729-сайлов участкасида бўлиб, кўргазмали машғулотда қатнашишди.

Риштон туманида видеоконфе­­рен­ц­а­лоқа шаклида ўтказилган форумда водий вилоятларидан келган тўрт ярим мингдан зиёд ёшлар иштирок этди.

Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссия­си аъзоси Темир Ширинов мамлакатимизда Президентлик сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақида ахборот берди.

— Фарғона вилояти ёшларидан 55 минг нафардан зиёди бўлажак сайловда биринчи бор овоз беради, — деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Қамариддин Имомов. — Жойлардаги мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар сайловга бефарқ эмас, аксинча, фаоллик билан ёндашмоқдалар.

—      Бугун мамлакатимизда қабул қилинган қонунларнинг саксондан ортиғида ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши, истеъдодини юксалтириши, фаровон ва бахтли яшашини таъминлашга қаратилган моддалар бор, — деди Ўзбекистон Олий Мажлиси ­Сенатининг аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова. — Сайловда иштирок этиш билан сиз ўз келажагингиз учун овоз берган бўласиз...

Экспертлар, вилоят округ сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари, хуқуқшунослар ёшлар берган саволларга жавоб қайтаришди.

Бағдоддан Захро Тожиддинова сайлаш ҳуқуқи кафолатлари, бувайдалик Жавоҳир Ҳасанов округ ва участка комиссиялари ваколатлари билан қизиқди. Ёзёвонлик Озодбек Муҳаммаджонов муддатидан илгари овоз бериш қоидалари ҳақидаги саволига жавоб олди.

Экспертлар форум иштирокчиларининг ўттизга яқин саволига жавоб беришди. Округ комиссияси томонидан электрон сайт орқали савол-жавоб узлуксиз давом этиши билдирилди.

Бошловчи форум ишига якун ясамоқчи эди. Лекин ёшлар сайлов ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари борлигини айтиб кетма-кет сўз сўрашди. Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидан ташриф буюрган ёшлар вакиллари Президентликка номзодларнинг сай­лов­олди дастурлари билан танишгани, ёшларга қаратилган эътибордан мамнунликларини, бўлажак Президент­лик сайловида фаол иштирок этиб, муносиб номзодга овоз беришга тайёр эканликларини айтишди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон ёшларига мурожаат қабул қилишди.

—      Мен форум чоғида сайлов участ­калари иши, сайлов қонунчилиги, хуқуқ ва бурчларим билан танишдим. Илгари менга маълум бўлмаган жуда кўп маълумотларга эга бўлдим, — дейди Олтиариқ тумани «Завчал» қишлоғида яшовчи Азамат Ғофуров. — Бугун ўзим учун хулоса чиқардим. Аввало, бўлажак сайловда, албатта, фаол иштирок этаман. Тенгдошларимга форумда эшитиб билганларимни айтиб бераман. ЎзХДП ёшлар қаноти аъзоларига ҳавасим келди. Энди улар ташкил этадиган тадбирларга қатнашиб тураман. Сиёсий билимимни оширгач, ана шу партия сафига киришни ният қилдим.

«Сайлов ва ёшлар» форуми... Ўзбекистон ХДП ва бошқа сиёсий партиялар вилоят Кенгашлари ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.