12.11.2016

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ УЧУН КУРАШАМИЗ

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов қорақалпоғистонлик ва хоразмлик сайловчилар билан учрашди

Шу кунларда мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари Президент сайлови, унинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятига оид тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Барча ҳу­дудларда партиядан Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловчилар билан учрашувлари юқори савияда ўтказилмоқда.

Номзодимизнинг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашуви ҳам самимий мулоқот руҳида ўтди.

Унда мамлакатимиз ижти­моий-иқтисодий тараққиёти, хал­қимиз турмуш фаровонлигини ошириш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди, номзоднинг дастури, унда илгари сурилган ғоя ва таклифлар ҳар томонлама чуқур таҳлил этилди.

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгашининг ­раиси, Президентликка номзоднинг ишонч­ли вакили Халилла Ешимбетов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Ишончли вакил номзоднинг дас­тури партиямиз дастурига ҳамоҳанг­лиги, унда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаётий таклифлар илгари сурилганини қайд этди. 

Шундан сўнг сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновга берилди.

Номзод дастлаб Қорақалпоғистон диёрининг салоҳияти ва қорақалпоқ халқининг меҳнатсеварлигига юксак баҳо берди. Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикасида Марказий Осиёда ягона, саҳро бағридаги мўъжиза — Қўнғирот сода заводи, Хўжайли шиша заводи, «Марказий Осиё безак тошлари» қўшма корхонаси, Қўнғирот карбид, Нукус мармар ва кабель заводлари каби кўплаб замонавий ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилганини, буларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларда катта янгиланиш ва ўзгаришлар бўй кўрсатмоқда. Бундай улкан бунёдкорликларда келажакка ишонч билан яшаётган Қорақалпоғистон аҳлининг буюк ҳиссаси борлиги эътироф этилди. Президентликка номзод ҳар бир масалага жонкуярлик билан ёндашадиган қорақалпоғистонликлар олдимизда турган сайлов жараёнларида ҳам юксак даражада фаоллик кўрсатишига ишонч билдирди.

Учрашувда номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, унда, аввало, мамлакатимиз мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини ­таъминлашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамлигини тилга олди.

— Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг ­давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади, — дея таъкидлади Хатамжон Кетмонов. — Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти бандликни таъминлашдир. Бунинг учун меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлиши, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўл­лаб-қувватланиши ва рағбатлантирилиши зарур, деб биламиз.

Ишли, турмуш даражаси юқори бўлган одам оиласидан, эртасидан кўнгли тўқ яшайди. Шундан келиб чиқиб, биз бу борада долзарб масалаларни илгари сурдик. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш тарафдоримиз. Ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз. Бу масалалар коллеж битирувчиларининг ҳаётда ўз ўрнини топиши, оиласи олдида масъулиятни ҳис қилиб, меҳнатга нисбатан қизиқиши ортишида муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзод дастурида белгиланган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Ҳақиқатан ҳам, аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш турмуш фаровонлиги ошишида катта аҳамиятга эга, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари, ­Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали директори ­Елмурат Турениязов. — Шу маънода Президентликка номзод Хатамжон ­Кетмонов дастурида илгари сурилаётган хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳара­катларни фаоллаштириш ғояси менга маъқул келди. Чунки мазкур ­соҳаларни ривожлантириш орқали иш ўринлари очиш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш кафолати мустаҳкамланади.

— Номзод дастурида илгари сурилган ғоялар мамлакат тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилади, деб ўйлайман, — деди Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият-тарғибот маркази раҳбари, «Қарақалпақстан ҳаўазы» газетаси бош муҳар­рири Шарапатдин Аяпов. — ­Дастур партиямиз аъзолари қўллаб-қувватлаётган ғоялар билан муштаракдир. Номзоднинг таълим ва соғ­лиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этиш, таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслари ҳаётимизда кузатилаётган айрим масалаларни самарали ҳал қилишда муҳим ўрин тутишига ишонаман.

Учрашувда, шунингдек, Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети магистри, Пре­зидент стипендияси соҳиби ­Гулжаҳан Сейтназарова, Хўжайли туманидаги 70-умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Айларгул Оринбаева ва ­Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети магистри ­Отебай Кенгесбаевлар ҳам номзод дастурининг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Учрашув давомида Президентликка номзод Сайловолди дастуридаги пенсия таъминотини такомиллаштириш, коммунал хизматлар тарифларини мақбуллаштириш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Президентликка номзод ­Хатамжон Кетмоновнинг Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашуви ҳам фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашувда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан уч мингга яқин сайловчи қамраб олинди. Тадбирни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Отабой Раҳимов кириш сўзи билан очди.

Номзоднинг ишончли вакили ­Раимберган Сабуров йиғилганларни Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг номзод қадим тарихга эга, жаҳон тамаддуни бешикларидан бири бўлмиш Хоразм диё­ри тарихи, бу заминда яшаб ўтган улуғ сиймолар ҳақида сўз юритди. Буларнинг барчаси Хоразм элининг бугунги тараққиёти ва улуғлигининг асосий омили ва мустаҳкам замини эканини алоҳида таъкидлади. Ўз она юртининг келажагига дахлдор ҳар бир масалага фидойилик билан ёндашадиган Хоразм аҳли ­Президент сайловида ҳам юксак фуқаролик масъулиятини намоён этишига ишонч билдирди.

Номзод Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан йиғилганларни таништирар экан, дастурда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича қатор масалалар илгари сурилаётганини таъкидлади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашаётган, фуқаролик жамиятини ривожлантириш янги босқичга кўтарилаётган ўта масъулиятли давр­да бўлиб ўтмоқда, — дейди ­Хатамжон Кетмонов. — Партиямиз бу сайловда Ўзбекистон танлаган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзининг стратегик мақсадларини амалга оширишни кўзлаб фаол иштирок этишни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.

Бизнинг энг асосий ғоямиз — аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бунда уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Фикримизча, кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртлари талабаларининг таълим шартномалари тўловларини тўлаётган корхоналар ва ташкилотларни рағбатлантириш амалиётини такомиллаштириш зарур, деб биламиз.

Президентликка номзод ўз Сайловолди дастурида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ва уларнинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Учрашувда номзоднинг Сайлов­олди дастури бўйича иштирокчилар сўзга чиқди.

 

Нодира ОДАМБОЕВА, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

— Номзодимиз дастурида кам таъминланган аҳоли қатламини ­манзилли ва тизимли ижтимоий ҳимоя қилишга кенг ўрин берил­гани, айниқса, хотин-қизларимиз ­банд­­лигига асосий ­эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳага оид қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича илгари сурилаётган таклифлар жуда дол­зарб­дир.

Биламизки, қўлидан иш келадиган, ўз ишини бошлаш истагида юрган хотин-қизлар талайгина. Уларга озгина кўмак зарур, холос. Номзод таклиф этаётган ташаббуслар опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

 

Ойбек РАҲИМОВ, «Халқ суғурта» суғурта компанияси Хоразм вилоят филиали директори:

— Давлатимиз ва кенг жамоатчилик томонидан эҳтиёжманд аҳоли қатлами кучли ижтимоий ҳимояланиши — муҳим масала. Аҳоли саломатлиги муҳофазасини таъминлаш ҳам номзод дастурида асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Хатамжон Кетмонов олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чиндан ҳам, айрим ҳудудлар туман тиббиёт муассасаларидан анча йироқ. Бу, албатта, аҳолига қийинчилик туғдиради. Қишлоқ врачлик пунктларининг зарур тиббий асбоб-ускуналар, малакали мутахассислар билан таъминланиши бу борадаги муаммолар бартараф этилишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

Расулбек ҲОЖИЕВ, Урганч давлат университети талабаси:

— Касб-ҳунар коллежлари, олийгоҳларни тугатган айрим ёш кадрлар эгаллаган мутахассислигига мос иш тополмаётгани ёки ойлик маоши кам ташкилотларда ишлаётгани бор гап. Ўқиш учун шартнома пулини тўлашга қийналаётган кам даромадли оилалар фарзандлари ҳам йўқ эмас. Бундай талабаларнинг шартнома пулларини тўлаётган корхоналарни рағбатлантириш масаласи номзодимиз Сайлов­олди дастуридан ўрин олгани эътиборга лойиқ. Бу масалалар қонун ҳужжатларида акс этса, олийгоҳ­ларда ўқиш истагидаги ёшларга янада яхши имконият кафолатланган бўларди. Шу боис Хатамжон Кетмоновнинг ғояларини фаол қўллаб-қувватлайман.

Сўзга чиққанлар сайловчиларни Президент сайловида Хатамжон ­Кетмоновга овоз беришга чақиришди. Учрашувда сайловчилар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга номзоддан батафсил жавоб олишди.

Ўзекистон Халқ демократик партия­сидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновга овоз беринг! 

 

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.