Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
10.11.2016

БИР ОДАМНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ

ёки битта иш ўрни яратиш ўз-ўзидан бўлмайди...

Аввал хабар берилганидек, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2017 йилга аҳоли бандлиги дастурини тасдиқлади.

Унга кўра, келгуси йилда 390 минг кишини доимий, 200 минг кишини қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик, 309 минг кишини эса шахсий ёрдамчи, деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу кенг қамровли Дастурдан хал­қимиз, мамлакатимиздаги деярли ҳар бир оила манфаатдор. Айниқса, бу Дастур таълим даргоҳларини тамомлаб, ҳаётга умид билан кириб келаётган ёшларимизнинг келажаги, тақдирида муҳим ўрин тутади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Ёқуб УМАРОВ билан 2017 йилга аҳоли бандлиги дас­тури, унинг ўзига хос хусусиятлари, аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

— Аввало, дастурнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берсангиз.

Таъкидлаш жоизки, Дастурда демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ҳисобга олинган. Унда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шулар ор­қали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро боғланган ва комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Дастурнинг шаклланиши бир неча босқичда амалга оширилмоқда. Аввал унинг кўрсаткичлари туман, шаҳарлар, кейин эса Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятлар миқёсида муҳокама қилин­япти. Шулар асосида мамлакат бўйича таҳлиллар ва маълумотлар умумлаштирилиб, ҳукумат томонидан дас­тур ло­йиҳаси ишлаб чиқилаяпти. Уни шакллантиришда меҳнат бозорининг, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш дастурлари, иш ўринлари талаби, ­фуқаролар ва давлат имкониятлари ҳисобга олин­япти. Шунга мос равишда Дастурнинг ижро жараёни ва уни назорат қилиш механизми ҳам такомиллашиб боряпти. Бошқача айт­ганда, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишда барча ҳудудлар ва тармоқлар қамраб олин­япти, давлат ва жамиятимизнинг саъй-ҳаракатлари шу масалага йўналтирилмоқда.

Келгуси йилга мўлжалланган Дастур янги объектларни ишга тушириш, фаолият юритаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, тўхтаб қолган корхоналар ­фаолиятини йўлга қўйиш масалаларини қамраб олган.

Биринчи навбатда, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларидаги корхоналарнинг фаолиятини тиклаш, инфратузилма, коммуникация, уй-жой қурилиш ҳажмларини кенгайтириш натижасида иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Шунингдек, кичик бизнесни, жумладан, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, деҳқон ва фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш, касаначилик имкониятларини кучайтириш назарда тутилган.

Дастур параметрлари ин­вес­тиция лойиҳалари, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш дастурлари, тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, транспорт, коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмалари қурилиши чоралари билан ўзаро боғланган.

— Дастурдаги муҳим янгилик ва ўзгаришлар нималардан иборат?

— Битта янги иш ўрни очиш, бир одамни ишга жойлаштириш ўз-ўзидан амалга ошмайди. Иш ўрни яратилиши кўплаб омилларга боғлиқ. Бунинг учун, аввало, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни баҳолаш керак бўлади. Дастурни шакллантиришда дастлаб шу масалага эътибор қаратилади.

Барча туман ва шаҳарлар учун 2017 йилда иш ўринлари яратиш ва ишга жойлашишга бўлган эҳтиёж ҳамда ушбу талабнинг таркиби аниқланди. Бу эса таълим муассасалари (коллежлар ва олий таълим муассасалари) битирувчиларини, меҳнат мигрантларини, аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳларини, ишсизларни ишга жойлаштиришнинг ҳақиқий имкониятлари ва йўналишларини аниқлаштириш имконини берди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 193 туман (шаҳар)ларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, асосий касблар бўйича 2017 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан буюртмалар шакллантирилди.

Бундан ташқари, кичик саноат зоналари ташкил этиш, қурилиш ва инфраструктурани, қишлоқ хўжалигини, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, тижорат банк­ларининг кредитлари эвазига тадбиркорликни, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини кучайтириш, иш ўринларини захиралаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича йўналишлар кенгайтирилди.

Яна бир масалани алоҳида таъкидлаш керакки, кичик бизнес, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорлик, деҳқон ва фермер хўжаликларида аҳолини ишга жойлаштиришнинг реал, мақбул шакллари танлаб олинди.

Келгуси йилдан бошлаб Дас­тур ижросини мониторинг қилишнинг самарали меха­низм­лари жорий қилинади. Барча туман ва шаҳарларда аҳоли, ёшлар, биринчи навбатда, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг янги, амалиётда (Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида, Наманган вилоятининг Уйчи, Фар­ғона вилоятининг Қўштепа, Сирдарё вилоятининг Ховос, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ҳамда Сурхондарё вилоятида) синовдан ўтган усулларини қўллаш белгиланган. Коллежларда битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича махсус ўқув-амалий курсларни ташкил этиш, «Ўз бизнесингни ярат» махсус порталини яратиш ва тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, хом-ашё, ускуналар билан таъминлаш режалаштирилган.

— Бугун мамлакатимизда ҳар бир ота-она бандлик дастурининг аҳамиятини фарзандлари тақдири билан боғлиқ ҳолда тасаввур этмоқда, ўқишни тамомлаб, ҳаётга кириб келаётган ёшларимиз бу дастурга жуда муҳим ҳужжат, келажагимиз кафолати, деб қарамоқда. Келгуси йилда касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича қандай масалалар белгиланган?

Мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари улар ўқишни тугатганидан кейин эмас, балки ундан анча олдин кўрилаётгани жуда муҳимдир. Бундай ёндашув ёшлар бандлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўляпти.

2017 йилда битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашишнинг янги, самарали шакл ва усуллари жорий этилади. Хусусан, коллежлар таълим дастурига ишга жойлашиш ва ўз ишини очиш масалалари бўйича иккита ўқув-амалий курс киритиш, интернет тармоғида махсус портал очиш, меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар ва мутахассисликлар ҳақида маълумотларнинг намойишини ташкил этиш режалаштирилди.

Тўрт томонлама шартномаларнинг самарадорлигини ва ҳаққонийлигини ошириш, битирувчиларни ишга қабул қилганлик учун кичик корхоналарга тақдим этилган имтиёзлардан кенгроқ фойдаланиш белгиланган.

Тижорат банклари томонидан битирувчиларга ўз ишини бошлаши ва юритиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш амалиётини изчил давом эттириш кўзда тутилган.

Кези келганда айтиш керакки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тиямиз гуруҳлари ва фракция­миз ҳамкорлигида бандлик дастури ижросини ўрганиш, бу борада депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича муайян тажриба тўпланган. Ана шу тажриба Дастур ижросига ҳисса қўшишимизда, партиямиз электорати манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишимизда асқотади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: