10.11.2016

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ — АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ!

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партия­сидан номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловчилар билан учрашувлари қизғин давом этмоқда. Номзоднинг Тошкент шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви ҳам самимий руҳда, фикр-мулоҳазаларга бой тарз­да ўтди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Ҳайдар ­Бобохонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништиргандан сўнг, Хатамжон Кетмонов ўз дастурида илгари сурилган ғоялар, белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Номзод, аввало, азим пойтахтимиз, бу ерда яшаётган оқкўнгил, меҳрибон инсонлар ҳақида илиқ сўзлар ­айтди, кўҳна ва навқирон Тошкент мустақиллик йилларида ­дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бирига айланганини, бундан ҳар бир юртдошимиз ҳақли равишда фахрланишини таъкидлади.

Хатамжон Кетмонов ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, пойтахт аҳолиси учун муҳим масала — аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифлари ва нархларини мақбуллаштириш йўналишларига алоҳида тўхталди.

— Аввало таъкидлаш керакки, ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган соҳадаги айрим муаммолар мутасадди ташкилотлар иштирокида бос­қичма-бос­қич ҳал этиляпти, — деди Хатамжон ­Кетмонов. — Табиий монополия субъектлари томонидан тақдим этиладиган хизматлар — электр ва иссиқлик энергияси, газ таъминоти, ичимлик суви нархлари ва тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини ­такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Ижтимоий ҳимоя борасида ҳам бир қатор масалаларни илгари ­суряпмиз. Хусусан, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижти­моий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакл­лантириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Номзод, шунингдек, аҳоли банд­лигини таъминлаш тизимига замонавий усулларни жорий қилиш, кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш, юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларида ўз таклифларини билдирди.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида белгиланган вазифалар бўйича муносабат ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Акмал ИНОҒОМОВ, Олмазор туманидаги «Акмал Зиё» хусусий корхонаси раҳбари:

— Номзоднинг Сайловолди дас­турида, биринчи навбатда, мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш масаласи илгари сурилмоқда.

Маълумки, аҳоли турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бунинг учун меҳнатга лаёқатли кишилар муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлиши, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур. Аввало, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар биринчи иш ўринларига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш талаб этилади.

Шу жиҳатдан олиб қарасак, номзод дастурида илгари сурилган бу ғоялар мамлакат тараққиёти, хал­қимиз фаровонлиги учун хизмат қилади, деб ўйлайман.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Мен номзод дастурида илгари сурилган аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масалаларига эътибор қаратишингизни хоҳлардим.

Хатамжон ­Кетмоновнинг имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солиш, бу борада тегишли қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назорат самарадорлигини ошириш ҳақидаги таклифларини жуда ўринли, деб биламан.

Сабаби, биринчи тиббий ёр­дамдан барча қулай ва тезкор фойдаланиши, кам даромадли одамлар учун ҳам унинг мақбуллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун оилавий поликлиникаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, одамларнинг тиббий-ҳуқуқий билимини юксалтириш талаб этилади.

Нуриддин ЖАЛОЛОВ, Юнусобод туманидаги «Оқтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Номзод дастурида белгиланган яна бир муҳим вазифа диққат-эътиборимни тортди. Бу — адолат ва меҳр-оқибат, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кенг қўллаган ҳолда, маҳалла институтининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириб бориш масаласидир.

Номзоднинг маҳаллаларга чуқур кириб бориш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд оилалар билан мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни жойида ҳал этиш ҳақидаги таклифлари жуда маъқул бўлди. Бу ғояларни фаол қўллаб-қувватлайман.

Дилафруз УСМОНОВА, Тошкент шаҳридаги Конфуций номли Ўзбек-Хитой институти ўқитувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— Менга номзоднинг ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналарни ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш ҳақидаги таклифлари маъқул келди.

Бир нарсага кўп гувоҳ бўлганман. Жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, қўлидан иш келадиган кишилар бор. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади.

Хатамжон Кетмоновнинг таклифлари ана шу жиҳати билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Учрашувда сўзга чиққанлар иштирокчиларни Президентликка номзод — Хатамжон Кетмоновга овоз беришга чақирди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.