Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
08.11.2016

АМНИСТИЯ – АДАШГАНЛАРГА БЕРИЛАЁТГАН ИМКОНИЯТ

«Амнистия» сўзининг луғавий маъноси «кечириш», «гуноҳидан ўтиш» тушунчаларини англатади. Бош­қача айтганда, жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан ва жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш, жазо муддатини камайтириш ёхуд мазкур шахслардаги мавжуд судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш ҳисобланади.

Бундан кўзланаётган асосий мақсад адашиб жиноят кўчасига кириб қолган шахсларга бир маротаба имконият бериб, уларни маҳалласи, оиласи ва фарзандлари бағрига қайтариб, жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарори ўн бир банддан иборат бўлиб, унда жиноят содир этган шахс­ларни жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш ҳамда ўталмаган жазо муддатларини қисқартириш назарда тутилган.

Амнистия тўғрисидаги қа­рор талабига кўра, биринчи навбатда аёллар; жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар; 60 ёшдан ошган эркаклар ва чет давлатлар фуқаролари; амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек, жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари хулосасига асосан сил касаллигининг фаол шаклига чалинган, деб топилган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

Бунга кўра, ёшидан ва фуқароликка мансублигидан қатъи назар барча аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, фуқароликка мансублигидан қатъи назар, 1956 йил 13 октябрга қадар туғилган эркаклар ва чет давлатлар фуқаролари бўлган шахслар жазодан озод қилинади.

Фуқароликка мансублик миллий паспорт ва бошқа ҳужжатлар асосида, шу жумладан тегишли давлатлар элчихоналари ёхуд консуллик муассасаларининг расмий тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аниқланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, чет давлатларнинг фуқаролари амнистия тўғрисидаги қарор билан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилингач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарорида белгиланган тартибда Ўзбекистондан чиқариб юборилади.

Бироқ Жиноят кодексининг 167 ва 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаганлиги, ўта оғир жиноят, шунингдек, Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок қилганлиги, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган бўлсалар, аёллар, 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари ҳам амнистия таъсир доирасига тушмайди, яъни улар жазодан озод қилинмайди.

Қарорнинг 2-бандида эҳтиётсизлик сабабли жиноят содир этган шахслар, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланган.

Жиноят кодексининг 167 ва 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаганлиги, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок қилганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган бўлсалар, қарорнинг 2-бандида қайд этилган шахслар ҳам жазодан озод қилинмайди.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3-бандига асосан содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси ва тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар озодликдан маҳрум қилиниб, амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташ учун амалда уч йилдан кўп бўлмаган муддат қолган маҳкумлар, шу жумладан озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, жазонинг ўталмай қолган қисми енгилроғига алмаштирилган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

Бироқ Жиноят кодексининг 167 ва 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаганлиги, Жиноят кодексининг 97-моддаси, 104-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида назарда тутилган жи­ноятларни содир этганлиги, тақиқланган ташкилотлар фао­лия­тида иштирок қилганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавф­сизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган бўлсалар қарорнинг учинчи банди таъсир доирасига тушмайди ва жазодан озод қилинмайди.

Қайд этиш жоизки, амнистия тўғрисидаги қарорда билиб-билмай жиноятга қўл урган, аммо кейинчалик қилмишидан астойдил пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни озод этишга ҳам алоҳида эътибор берилган. Чунончи, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга нисбатан Ўзбекис­тон Республикаси МХХ ва Ички ишлар вазирлигининг хулосаси, маҳкумнинг чин кўнгилдан пушаймонлик тўғрисидаги ёзма аризаси, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг маҳкумнинг амалда пушаймон бўлганлиги тўғрисидаги хулосаси ва маҳкумнинг яқин қариндошлари ҳамда унинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органининг кафиллик хати бўлган тақдирдагина амнистия тўғрисидаги қарорнинг тўртинчи банди қўлланилиши мумкин.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди Жиноят кодексининг 68-моддасидаги асослар бўйича қўлланилади. Хусусан, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод этилганда терговга қадар текширув материаллари ҳамда амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятларга оид ишлар амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 ва 7-бандлари билан белгиланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда тугатилади.

Қарорнинг 6-бандида ­қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддатини учдан бир қисмига; қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддатини тўртдан бир қисмига қисқартириш назарда тутилган.

Қарорнинг ушбу банди қўлланилганда жазо муддатининг амалда ўталмай қолган қисми 2016 йил 13 октябрдан бошлаб қисқартирилади ва унинг таъсир доирасига озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиниб, жазонинг ўталмай қолган қисми озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган, шунингдек, озодликдан маҳрум қилишга шартли ҳукм қилинган маҳкумлар ҳам тушади.

Бироқ Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги, тақиқланган ташкилотлар фао­лиятида иштирок қилганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавф­сизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жи­ноятлар содир этганлиги учун судланган бўлсалар, бундай маҳкумлар қарорнинг 6-банди таъсир доирасига тушмайди ва жазодан озод қилинмайди.

Қарорнинг 7-бандида амнис­тия акти татбиқ этилмайдиган шахслар тоифаси алоҳида кўрсатилган. Унга кўра, узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга; ўта хавфли рецидивистларга; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этганларга; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек, ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан амнистия қўлланилмайди.

Қарор талабига кўра, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар деганда, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қўлланилиб, амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар тугалланмаган ва олиб ташланмаган иккита ва ундан ортиқ интизомий жазоси бўлган маҳкумлар; озодликни чеклаш тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахслар; ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахслар; жарима тариқасидаги жазо ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахслар; шартли ҳукм қилиниб, ҳукм билан тайинланган жазони ўташ учун юборилган маҳкумлар; манзил-колониялардан тегишли тартибли колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумлар; жазони ўташ вақтида, ҳукм ижроси кечиктирилган даврда ёки синов муддатида қасддан жиноят содир этганлар тушунилади.

Асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазодан озод қилинмайди. Амнистияни қўллаш тўғрисидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан алоҳида қабул қилинади. Зарур маълумотлар бўлмаган тақдирда, амнистия актини қўллаш масаласини кўриб чиқиш қўшимча материаллар олингунга қадар, лекин икки ойдан кўп бўлмаган муддатга кечиктириб турилади. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллашда қонунда белгиланган тартибда тугалланган ёки олиб ташланган судланганлик ҳолати ҳисобга олинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 16-сонли қарорининг (2010 йил 14 майдаги 06-сонли қарори билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган) 6-бандига кўра, амнис­тия актини қўллаш ҳар доим жиноят содир этган шахснинг ҳуқуқий ҳолати билан боғлиқ бўлиши туфайли, судлар ҳар бир ҳолда шахснинг қонунга кўра, судланган ёки судланмаганлик ҳолатини аниқлашлари шарт. Чунки амнистияга асосан жазо тайинланмасдан айб­лов ҳукми чиқарилган шахс судланмаган ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди ва унинг ижроси уч ой мобайнида таъминланади.

Бинобарин, белгиланган уч ойлик муддат судларга алоҳида масъулият юклайди. Чунки судлар барча инстанцияларда ўзларининг иш юритувида қайси шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар бўлса, шу шахсларга нисбатан; ҳукм қонуний кучга кирган, бироқ ижро этилмаган, қамоқда сақланмаётган шахсларга нисбатан жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар тергов ва суриштирув органлари иш юритувида бўлган шахсларга нисбатан прокурорнинг илтимосномасига кўра, жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан — жазони ижро этиш муассасаси ёхуд органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида прокурорнинг илтимосномасига асосан амнистия тўғрисидаги қарорни қўллайдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва очиқ-ошкораликни таъминлаш вазифаси қўйилган.

Ҳозирда Республика умумий юрисдикция судлари амнистия қарорини белгиланган муддатларда сифатли қўллашга масъулият билан ёндашиб, бунда холислик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида прокурорлар томонидан амнистия қарорини қўллаш ҳақида киритилаётган илтимосномаларни биринчи нав­батда жазони ижро этиш муассасаларига, фуқароларнинг яшаш, ишлаш ва таълим олиш жойларига бориб, сайёр суд мажлислари тартибида уюшқоқлик билан ўтказишга, шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорни ижро қилиш жараёнини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга алоҳида аҳамият бермоқда.

Амнистия тўғрисидаги қарор, аслида тўғри йўлдан адашиб, жиноят кўчасига кириб қолган шахслар учун берилаётган имкониятдир. Лекин, бу имкониятни тушунмасдан, амнистия тўғрисидаги қарорга асосан жазодан озод этилганидан кейин ҳам жиноят содир этаётган шахслар учраётганлигини афсус билан таъ­кидлаш баробарида, уларга амнис­тия тўғрисидаги қарор фақат бир маротаба қўлланилишини эслатиб ўтамиз. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қи­линган мазкур амнистия тўғрисидаги қарорнинг таъсир доирасига тушадиган ҳар бир шахс буни авваламбор ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиб олиши учун берилаётган имконият сифатида қабул қилмоғи даркор.

 

Исматулла МАМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: