08.11.2016

САЙЛОВ ЖАРАЁНИДА МАҲАЛЛАЛАР ФАОЛ ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда семинар ўтказилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ­М.Абдусаломов, «Маҳалла» фонди республика бошқаруви раиси Ж.Иноғомов ва бош­қалар мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасини тубдан янгилаш ҳамда модернизация қилиш жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида демократик стандартларга мос бўлган сайлов тизими яратилганини қайд этишди.

Маҳаллалар аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айланаётгани, шунингдек, уларнинг фаол иштирокида давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати олиб борилаётгани эътироф этилди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дас­тури ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Жамиятни янада янгилаш ва демократлаштириш фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи амалга оширилиши билан ҳам узвий боғлиқ. Шу боис сайлов жараёнининг барча босқичларидан сайловчилар хабардор бўлиши, уларнинг ҳуқуқий маданиятини, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бу эса сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлақонли риоя этилиши ва сайлов куни ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдиришларини кафолатлайди.

Президент сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчиларнинг ҳуқуқий мада­ниятини юксалтириш бўйича маҳаллаларда тар­ғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан, аҳолининг ҳуқуқий ва сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган ташвиқот ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини янада ошириш мақсадида маҳаллаларда «Мен шахсан ўзим овоз бераман», «Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз», «Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор», «Биз танлаш ҳуқуқига эгамиз», «Сайловчилар рўйхатида бормисиз?» каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Семинарда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда фуқаролар йиғинлари раислари ва жамоатчилик комиссия­ларининг ўрни, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамияти, участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишда маҳалла фаолларининг роли ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш даврида тар­ғибот тадбирларини аҳоли ўртасида, оилаларда изчил давом эттириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси А.Арипов иштирок этди ҳамда сўзга чиқди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.