08.11.2016

САЙЛОВЧИЛАР НОМЗОДИМИЗ ДАСТУРИНИ ФАОЛ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов андижонлик ва фарғоналик сайловчилар билан учрашди

Андижон вилоятида бўлиб ўтган учрашувда номзод дас­турида белгиланган муҳим ҳаётий масалалар қизғин ­муҳокама қилинди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашув аввалида Президент сайловининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаё­тидаги аҳамияти хусусида сўз юритилди. Юртимизда мус­тақиллик йилларида фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун ­дунёда эътироф этилган меъёрларга мувофиқ сайлов тизими шакллантирилгани таъкидланди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси ­Абдулҳамид Нурматов сайловчиларни Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Дастурда аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, бандликни таъминлаш тизимини замонавий усулларни жорий қилиш орқали доимий такомиллаштириб бориш каби устувор йўналишларга кенг ўрин берилган.

Номзод ушбу мақсадда ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун ҳар йили қабул қилинадиган аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтиш, ҳудудларни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаш, корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли банд­лигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, хизмат кўрсатиш соҳасига бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш бўйича таклифларни илгари сурмоқда.

Дастурда кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланиши учун янада мақбул шароитлар яратиш лозимлиги қайд этилган.

Шунингдек, Президентликка номзод аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, энг кам истеъмол ҳаражатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиб, жорий қилиш, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш, шу орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш тарафдори эканини қайд этди.

 

Илёсбек ЙЎЛДОШЕВ, Андижон туман тиббиёт бирлашмасининг бош шифокори:

— Номзоднинг дастурида аҳоли соғ­лиғини сақлашга доир муҳим масалалар қамраб олинган. Тиббий хизмат кўрсатишни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, айниқса, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, малакали мутахассислар билан таъминлаш долзарб масаладир. Ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, фикр юритадиган бўлсак, номзод дастурида илгари сурган ғоялар тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришда, фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Зуҳра ОХУНОВА, Андижон давлат университети магистранти, ЎзХДП фаоли:

— Президентликка номзод Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастурида ёшлар тақдири учун масъуллик ва ғамхўрлик ғоялари мужассамлашган. Бизнинг етук мутахассис бўлишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз учун қулай шароитлар яратиш масалаларига ҳам кенг ўрин ажратилган.

Чунки ёшлар олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларини битирганидан кейин муқим иш жойига эга бўлиши уларнинг кейинги тақдирида муҳим ўрин тутади.

 

Имомназар ЭГАМБЕРДИЕВ, «Нуроний» жамғармаси Бўз туман бўлими раиси:

— Дастурда кексаларнинг манфаатларига ҳам эътибор берилганидан мамнунман. Боиси, ҳаёт ҳикматлари мағзини чаққан, оқил оқсоқоллар, маърифатли онахонлар ўғил-қизлари, набиралари, умуман, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, эзгуликка садоқат руҳида тарбиялайдилар. Номзод дастурида ана шулар инобатга олингани унинг қанчалик ҳаётий эканини кўрсатиб турибди.

 

Барно СОЛИЕВА, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши сектор мудири:

— Президентликка номзоднинг дас­тури партиямиз мақсадлари билан бевосита уйғундир. Айниқса, дастурда илгари сурилган хотин-қизларга алоҳида эътибор кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш сингари аниқ таклифлар партия электорати манфаатлари ҳимоясида муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун жойлардаги тадбирлар ва учрашувларда хотин-қизлар, опа-сингилларимиз номзод дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқдалар.

Учрашувда сўзга чиққанлар сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Президентликка номзод сайловчиларнинг муҳим ижтимоий масалалар ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Кетмоновнинг фарғоналик сайловчилар билан учрашувида ҳам кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Видеоконференцалоқа шаклида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчиларни қамраб олган учрашув Риштон туманида бўлиб ўтди. Вилоят партия кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили Дилбар ­Мамаджанова йиғилганларни ­Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан кейин Президентликка номзодга сўз берилди. Номзод дастлаб сайловда халқимиз, жумладан, бутун Фарғона аҳли Ўзбекистон танлаган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлига содиқлигини яна бир марта намоён этишига катта ишонч билдирди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Фарғона вилоятида ҳам тўла маънода ўз ифодасини топганини таъкидлади.

— «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи», «Фарғонаазот», «Қувасой цемент», «Қувасой шифер», «Кварц» акциядорлик жамиятлари, «Фарғона кимё заводи» каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари нафақат ви­лоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади, — деди Хатамжон Кетмонов. — Бугун ­Марғилон атлас ва адраслари, Қува анорлари, Олтиариқнинг бодринг, турп ва бошқа маҳсулотлари мамлакатимиз бозорларида машҳурдир. Энг муҳими, фарғоналиклар азалдан меҳнатга ижодкорона ёндашади. Шу ­боисдан эл-юртимиз ҳурмат-эҳтироми ва эътирофига сазовор бўлган инсонлар вилоятда кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида Комилжон Мамажонов (мар­ҳум), Манзура Мадалиева, Улуғбек Умаров, ­Юрсинбой Жўраев, Ботир Темиров, Абдуғани Абдуллаев, Патила ­Эргашева каби «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонига сазовор бўлган фидойи инсонлар борлиги барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, албатта. Бундай халқ ўз она юртининг келажагига дахлдор ҳар бир ишга жонкуярлик ва катта масъулият билан муносабатда бўлиши табиий.

Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, унда, аввало, Конс­титуциямизга қатъий амал қилиниши, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, ­Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлашдек эзгу мақсадлар мужассамлигини тилга олди.

— Партиямизнинг энг асосий ғояси — аҳолининг давлат ва ­жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари ман­фаатларини ҳимоя қилишдан ­иборат, — деб таъкидлади Президент­ликка номзод. — Бу мақсадни ­самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти — бандликни таъминлашдир. Бунинг учун, аввало, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур, деб биламиз.

Ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаё­қатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш, шулар билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ижтимоий ва коммунал хизматларнинг сифатини ва аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари учун мақбуллигини таъминлаш тарафдоримиз.

Хатамжон Кетмонов ёшларни иш билан таъминлаш энг муҳим масала эканини алоҳида таъкидлади.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзини ўзи мустақил иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш масаласи муҳимдир.

 Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, йирик корхоналар томонидан мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 44 фоизи ишлаб чиқилиб, улардан 89,8 фоиз солиқ ва тўловлар ундирилса-да, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,1 фоизни ташкил этиб, солиқ ва тўловлари атига 10,2 фоизни ташкил этмоқда. Кичик корхоналар томонидан ишчиларга тўланадиган ўртача иш ҳақи эса йирик корхоналар тўлаётганидан 2 бараваргача пастдир.

— Ҳозирги солиқлар ва имтиёзлар тизими кичик корхоналарнинг йириклашишига халақит қилмоқда, — дейди номзод. — Мазкур масалаларни тартибга солишда даставвал соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусан, кичик корхоналар йириклашиш жараёнида катта солиқ юкламасига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида «ўрта корхона» тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналар мезонларини белгилаш, кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш лозим.

Ўзбекистонда бир йилда 550-600 минг йигит-қиз касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларни битиради. Лекин уларнинг атига 56-57 мингги олий ўқув юрт­ларига қабул қилинади.

— Ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар бериш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чораларини кўриш лозим, — деди Х. Кетмонов.

Шундан сўнг дастур муҳокамаси бўлиб ўтди. Сўзга чиққан ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши сектор мудири Аҳмадали Ҳакимов номзодимиз Сайловолди дас­турида ёшлар масалаларига катта эътибор қаратилганини таъкидлади.

— Дастурда мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий мақбул шароитларни яратиш долзарб масаладир. Мен номзодимизнинг бу борадаги таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, — деди у.

— Маълумки, уй-жой муаммоси ҳар бир давлат ва ҳар бир жамиятнинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Чунки инсон сувга, озиқ-овқатга ва кийим-кечакка доимо эҳтиёж сезганидек, турар-жойга ҳам худди шундай эҳтиёж сезади, — деди халқ ­депутатлари Фарғона шаҳар ­Кенгаши депутати, тадбиркор ­Дилшод Омонов. — Номзоднинг уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакл­лантиришга йўналтириш ҳақидаги фикрлари ғоят долзарб, деб ҳисоблайман.

ЎзХДП Данғара туман кенгаши раиси Зиёдахон Ҳамралиева Номзоднинг дастурида суд-ҳуқуқ соҳасини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида белгиланган вазифалар ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида ­фаолият юритадиган кичик корхоналарни ташкил этиш, шу ор­қали меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш жараёнларини янада фаоллаштиришга қа­ратилган мақсадлар ҳунарманд ва тадбиркор одамларимиз учун айни муддао, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Риштон туманидаги «Мискин» ­маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Дилоромхон Назирова. — Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, риштонликлар кулолчилик билан дунёга донг таратган. Улар томонидан яратилаётган маҳсулотлар сифати, табиийлиги, экологик тозалиги билан ажралиб туради. Номзодимиз дастурида белгиланганидек, маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналари мо­лия­вий, иқтисодий жиҳатдан рағбатлантирилса, имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш орқали юқори технологиялар билан жиҳозланган корхоналар ташкил этилса, ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Сўзга чиққанлар иштирокчиларни Президентликка номзод — ­Хатамжон Кетмоновга овоз беришга чақирди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган учрашувда 4,5 минг нафардан зиёд сайловчи қамраб олинди.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари. 



DB query error.
Please try later.