05.11.2016

ҚИШДА ҲАМ ДАСТУРХОНИМИЗ ТЎКИН БЎЛАДИ

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада бозор муносабатларини жорий қилиш, хусусий мулкчилик шаклини тараққий эттиришга йўналтирилган изчил ислоҳотлар самарасида мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириш сердаромад тармоқлардан бирига айланди.

Юртимизда пишиқчилик мавсуми март ойидан декабрь ойига қадар — қарийб йил бўйи давом этади. Ҳосил йиғиш мавсуми якунлангач, маҳсулотлар нест-нобуд бўлишининг олдини олиш, уларни халқимиз дастурхонига узлуксиз етказиб бериш, аёзли кунларда ҳам нарх-навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш доимий эътиборда.

Бу йилги мавсумда мамлакатимиз аҳолиси учун қиш-баҳор ойларида талаб этиладиган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми, уларни экспорт қилиш имконияти, маҳсулотларни сақлаш учун қурилаётган совутгичлар хусусида «Ўзбекозиқ­овқатзахира» уюшмаси раиси Зафар ФАЙЗИЕВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

— 2016-2017 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 660 минг тонналик захирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. 175 минг тонна картошка, 139 минг тонна пиёз, 46 минг тонна бошқа сабзавотлар, 105,8 минг тонна мева шулар сирасидан. Бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқислиги ва нархлар ошишининг олдини олиш мақсадида совутгичли ­омборхоналарда керакли миқдорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари жамғарилди. Бунинг учун зарур бўлган 93 миллион сўмнинг 38,4 миллиони корхоналарнинг ўз маблағлари, қолган қисми тижорат банклари кредитлари эвазига молиялаштирилди. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси бозорни сархил мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари, узум ва гуруч билан тўлдириш, муҳим озиқ-овқат товарлари захирасини ғамлаш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Тайёрлов корхоналари билан деҳқон ва фермер хўжаликлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ҳар икки томон контрактация шартномаларини тузиш, унинг изчил ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Масалан, мавсум аввалида ажратилаётган бўнак пуллари уруғлик, кўчатлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий ўғит харид қилиш, техника таъмири учун эҳтиёт қисм­лар сотиб олишга йўналтирилмоқда.

Омборлар мавсумга талаб даражасида тайёрланса, аҳолини келаси пишиқчилик мавсумига қадар сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилади. Корхоналардаги илиқ ва салқин омборхоналар, совутиш ва музлатиш камераларида маҳсулотларни янги ҳосил пишиб етилгунча бемалол сақлаш мумкин. Тухум, гўшт ва сут маҳсулотлари совутиш камераларида, алоҳида ҳарорат талаб қилмайдиган дуккакли дон, макарон, чой, шакар, қандолат каби маҳсулотлар омборларда сақланади. Маҳсулотлар сифати, совутгич ва омборлар ҳарорати тўла назорат қилиб борилади.

2011-2016 йилларда бу йўналишга қарийб 70 миллиард сўм йўналтирилиб, умумий сиғими 68 минг тоннага тенг бўлган элликдан зиёд совутгичли камералар фойдаланишга топширилди. «Наманганулгуржисавдоинвест», «Қашқадарётижоратсавдо» жамиятларидаги ҳар бири 3 минг тонналик, «Бекободгўштсутсавдо»даги 2 минг тонналик, «Фарғонагўштсутсавдо»даги 4,2 минг тонналик омборлар шулар жумласидандир. Уюшма корхоналари ва шаҳарларда жамғарилган 330 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазкур омборларда сифатли сақланиб, қиш-баҳор ойларида ички бозорга пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Албатта, аҳоли ва харидорларга маҳсулотни сифатли етказиб бериш учун, энг аввало, ихтисослаштирилган ва мослаштирилган омборларга талаб ортиб бормоқда. Шу йилнинг ўтган даврида корхоналаримизда 4 минг тонналик совутгичли сиғим ишга туширилди. Натижада юртимизда фойдаланишга топширилган бундай объектларнинг умумий ҳажми 98,5 минг тоннага етади. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, 2016-2020 йилларда 325 минг тонналик совутгичли замонавий омборхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида махсус омборлар қурилиб, маҳсулотларни сақлаш технологияси такомиллаштирилаётгани сақланадиган мева-сабзавотлар тури ва ҳажми ошишида муҳим омил бўлмоқда. Тизимдаги корхоналар маҳсулотлар захирасини яратиш билан бирга, уни етиштириш билан ҳам шуғулланмоқда. Мисол учун, 1900 гектардан зиёд майдонда озиқ-овқат экинлари парваришланмоқда. Қашқадарё, Бухоро, Тошкент ва бошқа вилоятларда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиб, 122 гектар интенсив боғ яратилди. Андижон, Фарғона вилоятларида сутни қайта ишлаш, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ун, дуккакли дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, Самарқанд вилоя­тида ўсимлик ёғини қадоқлаш цехлари ишлаб турибди. 400 гектар майдонда қовуннинг тезпишар навлари етиштирилди.

Маҳсулотларнинг ички бозордан ортгани экспортга чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида карам, гилос, помидор, бодринг, сабзи, кўкат, қуритилган мева каби маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа давлатлардаги буюртмачиларга етказиб берилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, ­Сурхондарё, Андижон, Бухоро, ­Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари корхоналарининг улуши салмоқли бўлди.

Мутахассисларимиз юри­таётган мониторинг натижаларига кўра, ташқи бозорда қуритилган мевалар, мева-сабзавотлар пюреси ва концентрати, консерва маҳсулотларига талаб нисбатан юқорилиги аниқланди. Шунга кўра 23 истиқболли лойиҳа тайёрланди. Ҳозир ­Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қиймати 8 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, меваларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналарини келтириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Аҳолига савдо хизмати кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш мақсадида тизимдаги чакана савдо тармоқлари кўпайтирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Термиз шаҳри, Денов ва Зомин туманларида йирик супермаркетлар ишга туширилгач, уюшма тизимида фаолият кўрсатаётган фирма дўкони, минимаркет ва супермаркетлар 5 мингдан ошди.

Кўрилаётган бундай чора-тадбирлар қиш мавсумида бозорларимизда ноз-неъматлар арзонлиги ва тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

ЎзА мухбири

Сайёра ШОЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.