05.11.2016

ЗАМОН ТАЛАБЛАРИ АСОСИДА

Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Минтақавий марказ Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнлари таълим дастурлари ва илғор тажрибаларни кенг жорий этиш, сифатини ўрганиш, таҳлил этиш ва баҳолаш йўналишларида фаолият олиб боради.

Марказда тингловчиларнинг педагогик амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш учун СамДУнинг етакчи кафедралари таянч кафедралар сифатида белгиланган. Мазкур мақсадлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.

Марказда махсус фанлар блокидан ўқув-машғулотларини олиб боришга жалб этилган профессор-ўқитувчилар учун мунтазам ўқув семинарлари ташкил этилиб, қабул режаларининг бажарилиши ва фаолият натижалари бўйича алоҳида мониторинглар олиб борилади.

Шу билан бирга, тингловчиларнинг хорижий тил ва ахборот коммуникация технологияларини ўзлаштириш даражасига қараб, уларни гуруҳларга бўлиб ўқитиш, минтақавий марказ томонидан тузилган тест­лар базасидан фойдаланган ҳолда кириш-чиқиш ­тестларининг онлайн тарзда умумий порталда қабул қилиниши йўлга қўйилган.

Тингловчилардан махсус шаклда олинган аноним сўровномаларни мунтазам таҳлил этиш асосида профессор-ўқитувчилар фаолиятининг натижавий статистик кўрсаткичлари илмий-методик кенгашларда муҳокама этиб борилмоқда.

Тингловчилар билан амалий семинар-тренинг ва кўчма маш­ғулотларни ЎзРФА Археология институти, СамДУ ­«Афросиёб» илмий маркази, музейлар, илмий лаборатория­лар, Зарафшон қўриқхонаси, ­Са­мар­қанд шаҳрининг маданий-маърифий марказлари ва тарихий ёдгорликлар жойлашган мажмуаларда ўтказиш самарали натижалар бермоқда.

Хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳларининг етакчи мутахассислари ўқув жараёнларига жалб қилинган. Ўтган давр мобайнида Прага Метрополитен университети, Лондон Метрополитен университети, Латвия­нинг Резекне Технологиялар академияси вакиллари ва марказ ходимлари, профессор-ўқитувчилари, тингловчилари иштирокида мазкур тизимни модернизациялаш, Европа андозаларига мослаштириб тузилган ўқув-режаси ва дастурлари бўйича бир қатор семинар-тренинглар ўтказилди. Тадбирларда таълим соҳасидаги сифат кўрсаткичлари, уларнинг меъёрлари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида олиб борилаётган ўқув-машғулотлари ахборот коммуникация технологиялари ва интерфаол усулларда ноанъанавий тарзда ташкил этилишига жиддий эътибор қаратилган. Жумладан, 2016 йилнинг январь-июнь ойларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим жараёнида дарс машғулотлари олиб бораётган 12 нафар профессор-ўқитувчининг очиқ дарс­лари ва ўзаро дарс машғулотлари таҳлил этилиб, очиқ дарс­ларни қайд этиш журнали ҳамда таҳлил карточкаларида расмийлаштирилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида минтақавий марказ ходимлари ва профессор-ўқи­тувчилари томонидан хорижий журналларда 8, Республика журналларида 14 илмий мақола нашр эттирилди. 16 Халқ­аро конференция 22 Республика конференция тезислари чоп эттирилди. 7 ўқув услубий қўлланма ва 2 монография ­нашриётларга топширилди.

Марказда битирув лойиҳа ишлари олдиндан белгиланган мавзулар бўйича тингловчилар томонидан танланади ва мутасаддилар билан маслаҳатлашиб тасдиқланади ҳамда илмий раҳбарлар тайинланади. Тизимда бўлаётган ўзгаришлар мунтазам равишда таҳлил қилиниши билан бирга, марказнинг моддий-техник базаси, дарс машғулотларининг сифати, хорижий тилларни ўрганиш ва АКТлардан кенг фойдаланиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Нуриддин ИНДИАМИНОВ,

СамДУ ҳузуридаги Минтақавий марказ директори.



DB query error.
Please try later.