Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
05.11.2016

ХАЛҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ИНСТИТУТИ

судлар фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилади

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясининг қарорига асосан судлар халқ маслаҳатчиларининг сайлови ўз ниҳоясига етди. Айтиш жоизки, юқори даражада ташкил этилган мазкур жараёнда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органлари, ҳарбий қисм­лар қўмондонлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг тавсия, таклиф ва мулоҳазалари асосида энг муносиблар сайланди. Шу муносабат билан Олий суд ­Ахборот хизмати раҳбари, 1-даражали юрист Олимжон ЎСАРОВга мазкур жараённинг ўтказилиши, халқ маслаҳатчилари институтининг аҳамияти билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилдик.

Аввало, судлар халқ маслаҳатчилари сайловини ўтказишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот берсангиз.

— Жамиятимизда қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Мамлакатимиз суд тизимида жамоатчилик вакилларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилаётган эътибор одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис халқ маслаҳатчилари институти шакллангани ва уларнинг жиноят иши муҳокамасида иштирок этаётгани бунинг амалдаги ифодасидир.

Асосий Қонунимизнинг 32-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари ор­қали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Айтиш жоизки, бугунги кунда фуқаролар нафақат жамият ва давлат ишларида, айни чоғда судларда жиноят ишларининг адолатли тарзда кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилишида ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Аниқроқ айтганда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 13, 14 ва 30-моддаларига мувофиқ, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, оғир ва ўта оғир тоифали жиноят ишини биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш ва ҳал этишда судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси иштирок этади.

Шунингдек, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 62-моддаси ҳамда «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги Низомга мувофиқ, халқ маслаҳатчилари икки ярим йил муддатга сайланади.

Жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар ­судьяларининг тегишли малака ҳайъатларида 2014 йилнинг июль ойидан буён фаолият кўрсатиб келаётган халқ маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясининг қарорига асосан, 2016 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида жойлардаги ҳокимликлар ва ҳарбий қисмлар қўмондонликлари билан ҳамкорликда халқ маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш ва уларни ўқитиш ишларини ташкиллаштириш белгиланганди.

Жорий йилда ҳисоб-китоб­ларга кўра, жиноят ишлари бўйича судларга жами 10 минг нафардан ортиқ халқ маслаҳатчиси сайланди.

— Халқ маслаҳатчиларининг жорий сайловини юқори даражада ташкил этиш ва уларнинг жиноят ишларини кўришдаги иштирокини янада фаоллаштириш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

— Сайловни ташкил этишда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий қисм­лар қўмондонлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг тавсия, таклиф ва мулоҳазалари алоҳида эътиборга олиниб, тавсия этилган номзодларнинг шахсини атрофлича ўрганишга катта аҳамият берилди. Шунингдек, ҳар бир ҳудуд бўйича сайланган халқ маслаҳатчиларининг оғир ва ўта оғир жиноятларни судда кўришда иштироки фақатгина ўзи сайланган ҳудуддагина йўл қўйилиши амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Жиноят ишларини кўришда халқ маслаҳатчиларининг иштироки ва суд амалиётидаги долзарб масалалар» мавзусида бў­либ ўтган давра суҳбатида халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини кўришдаги иштирокини янада фаоллаштириш, бунинг учун фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юк­салтириш долзарб вазифа ­эканлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Олий суд ҳузуридаги тад­қиқот маркази томонидан ўтказилган мониторинг жараёнида халқ маслаҳатчилари инс­титутини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқ маслаҳатчиларининг суд ишларини кў­ришдаги иштироки, мазкур масала билан боғлиқ хорижий тажриба чуқур ўрганилган. Шунингдек, судьялар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ҳамда жиноят ишларини халқ маслаҳатчилари иштирокида кўришда юзага келаётган ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлар таҳлил этилган. Мазкур таклиф ва тавсиялар халқ маслаҳатчилари сайлови жараёнида инобатга олинди.

— Судларда халқ маслаҳатчилари иштирокининг зарурияти ва аҳамияти нимадан иборат?

Халқ маслаҳатчиларининг суддаги иштироки адолатни қарор топтириш, айбдорга қонун доирасида жазо тайинлашга хизмат қилади. Зеро, халқ маслаҳатчилари иш натижаларидан манфаатдор бўлмаган шахс сифатида судланувчига қандай жазо тайинлаш кўпроқ самара бериши ҳа­қида фикр билдиради ва бу суд томонидан инобатга олинади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, халқ маслаҳатчилари ­судьяларнинг мустақиллигига мутлақо дахл қилмаган ҳолда фаолият кўрсатади ва бу суд ҳокимияти фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қи­лишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эгадирлар.

Ўз навбатида, жамоатчиликнинг жиноят ишларини судларда кўришдаги фаоллиги ошгани сари қонунийликка тўлиқ риоя қилишни таъминлаш борасидаги назорат кучайиб боради. Айни чоғда халқ маслаҳатчилари ва жамоатчиликнинг жиноят ишларини кўришдаги иштирокига оид маълумотларни жамлаш ва уларни қайд этиб бориш қонунчилигимизда кўзда тутилмаган. Бугунги суд амалиёти жиноят ишларини судларда кўриш чоғида халқ маслаҳатчилари ва жамоатчилик иштирокига доир статистик маълумотларни жамлаб боришни тақозо этмоқда. Зотан, жамоатчилик иштирокига оид статистик ҳисоботни юритиш соҳани тизимли таҳлил этишда муҳим бўлган ахборот-таҳлил ва методик асосларни такомиллаштиришда алоҳида ўрин тутади.

Шунингдек, халқ маслаҳатчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини мунтазам равишда юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Бу эса, жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш, суд ҳокимиятининг обрў-эътибори янада ошишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишлари бўйича судлардаги иштироки шахс, жамият ва суд ҳокимияти ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши баробарида қонун устуворлиги ҳамда ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омили саналади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: