05.11.2016

ЎЗБЕКИСТОН — ЕВРОПА ИТТИФОҚИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ИСТИҚБОЛДАГИ БОСҚИЧЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитаси 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Европа ­Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувга мувофиқ ташкил этилган бўлиб, парламентаризм соҳасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида фаолият олиб боради. Парламент ҳамкорлиги қўмитаси фаолияти орқали парламент депутатлари шерик мамлакатларда ўтказилаётган энг муҳим ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тадбирлар ҳақида хабардор қилинмоқда, турли халқаро ва бошқа тадбирларни ўтказишга ёрдам кўрсатилмоқда.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни, хусусан, ижтимоий-иқтисодий, инвестиция, молия ва ҳуқуқ соҳаларидаги, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни янада фаоллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, тарафлар минтақавий ва халқаро хавфсизликка бўлган таҳдидларга қарши курашиш, минтақанинг барқарор ижти­моий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш юзасидан амалий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишга доир чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Мажлис иштирокчилари Ўзбекистон — Европа Иттифоқи ҳамкорлиги изчил ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.

Қўмита мажлисида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгиланган демократик ислоҳотлар йўлига, ўзининг халқаро мажбуриятларига содиқ қолаётганлиги муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Давлат бошқаруви тизими етуклиги ва барқарорлигининг юқори даражаси, демократик жараёнлар ва институтларнинг ривожланганлиги халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг янада ошишига асос бўлмоқда.

Мажлисда демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш юзасидан Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил ахборот тақдим этилди.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг демократик жа­раёнларни амалга ошириш ва жамиятни ривожлантириш борасидаги роли ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунга парламент фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий механизм­ларни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўмаклашмоқда. Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимият юқори органининг қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлаш борасидаги ролини оширишга, электоратнинг халқ сайлаган вакилларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи жорий йилда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти қайд этиб ўтилди.

Шу йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови доирасидаги тадбирларни муҳокама қилиш чоғида Ўзбекистонда очиқ ва адолатли демократик сайловни ўтказиш учун барча зарур шарт-шароит яратилганлиги, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг боришини мониторинг қилишга халқаро кузатувчилар кенг жалб қилингани таъкидланди.

Европа парламенти аъзолари Ўзбекистонда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига юқори баҳо берди. Европарламент депутатлари ўз чиқишларида Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан, жумладан, терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш масалаларида Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи таркибига кирувчи мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.

Умуман, «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг мажлиси амалий ва ишчанлик муҳитида ўтди. Мажлис натижаларига кўра парламент ҳамкорлигини янада ­фаоллаштириш, 2014-2020 йилларда индикатив кўмаклашиш дастурини амалга ошириш, Ўзбекис­тон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, парламент аъзоларининг тажриба алмашинувига доир халқ­аро конференциялар, тренинг­лар, семинарлар ва бошқа тадбирларни биргаликда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинди.

 

Ивета ГРИГУЛЕ, Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия билан алоқалар бўйича делегацияси раиси (Латвия):

— Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Ислом Каримов ўзининг бутун куч-ғайратини ва тафаккурини Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантиришга, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга бағишлади.

Европапарламент ва Ўзбекистон ҳамкорлиги сўнгги йилларда янада ривож топмоқда. Европа Иттифоқи ва Европапарламентнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати доимо илиқ ҳамда дўстона бўлиб келган. Ўтган йиллар давомида барча соҳалар бўйича, жумладан, таълим, ижтимоий соҳа, минтақавий тараққиёт, қишлоқ хўжалигида кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Булар бизнинг яқин келажакдаги ­шериклигимизнинг ҳам устувор йўналишлари бўлиб қолади. Европа Иттифоқи бундан кейин ҳам мамлакатингизни қўллаб-қувватлайверади.

 

Брандо БОНИФЕЙ,  делегация аъзоси (Италия):

— Бугунги йиғилиш долзарб масалаларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш учун қулай имконият бўлди. Бизнес тузилмалар билан янги алоқалар ўрнатиш, иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўлиши керак.

 

Марк ТАРАБЕЛЛА, делегация аъзоси (Бельгия):

— Ўзбекистон изчил иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмоқда ва халқаро кооперация учун ўз бозорини очмоқда. Бу кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Бу ерда ишбилармонларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база барпо этилган. Бундан ташқари, мамлакатингизда ҳукм сураётган бар­қарор вазият ҳам хориж инвестицияларини жалб этишда муҳим аҳамиятга эга.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: