05.11.2016

«БИЗНИНГ ОВОЗИМИЗ МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА»

Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қанотига мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 18 дан 30 ёшгача бўлган партиямиз аъзолари ва хайрихоҳлар бирлашган. Айни пайтда сафимиздаги 150 минг нафарга яқин ёш 4 декабрь куни бўладиган сайловга пухта ҳозирлик кўришмоқда.

Ҳар бир мамлакатда демократик жараёнлар даражаси, аввало, сайловлар қанчалик очиқ, ошкора, адолатли ўтиши ва албатта, фуқаролар фаол­лиги билан белгиланади. Сайловчи қайси номзодни қўллаб-қувватлайди, бу танловда қайси мезонларга суянади? Сайловда илк бор овоз берадиган ёшлар-чи? Улар сайлов нима экани, ўз овозлари мамлакат тараққиётида қандай аҳамиятга эгалигини қанчалик тушуниб етишяпти?

Шу ҳақда айрим ёшларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

 

Шодия ЭРГАШЕВА, Тошкент вилояти, каратэ бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори:

— Мен бу йил сайловда биринчи марта овоз бераман. Бундан жуда ҳам хурсандман. Сайлов кунини ҳаяжон билан кутяпман. Биринчи марта сайловда иштирок этиш ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлади. Биз, ёшларнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқимиз қонун билан мустаҳкамланган ва биз унга, албатта, риоя қилишимиз, ўз фуқаролик бурчимизни фаоллик ҳамда юксак масъулият билан адо этишимиз лозим.

Президент сайлови мамлакатимиздаги демократик юксалишнинг муҳим омили саналади. Шу боис унда иштирок этадиган ҳар бир фуқаро ўз ҳаёти, келажаги, давлат ва жамият равнақи учун овоз бериши керак, деб ўйлайман. Президентликка номзодлар томонидан таклиф этилаётган дастурлар ўзига хос йўналишларга эга. Шунинг учун уларни чуқур ўрганиш катта масъулият юклайди. Сайловолди учрашувлар эса фуқароларнинг, айниқса, биз каби сайловда илк бор иштирок этадиган ёшларнинг билим ва сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Давлат иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлса, халқ фаровонлиги ортади. Шу боис Президент, аввало, узоқни кўра биладиган, эртанги кун учун, юксак тараққиёт йўлидаги муҳим режаларни амалга ошира оладиган, жасоратли ва албатта, халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган инсон бўлиши керак, деб ўйлайман.

 

Дилшод РАҲИМОВ, Тошкент шаҳри, Тошкент туризм касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

— Мен ҳам Президент сайловида биринчи марта иштирок этаман. Албатта, бундай ҳуқуққа эга бўлиш катта бахт. Чунки биз ҳам эндиликда жамиятимизнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш, давлат раҳбарини сайлашдек масъулиятли жараёнда ўз овозимиз билан қатнашиш имкониятига эгамиз.

Ҳозир сайловга оид сиё­сий-ҳуқуқий билимимни бойитиб боряпман. Сиёсий партиялар нашрларини мунтазам кузатяпман, сайлов билан боғлиқ қонунчиликни ўрганяпман. Таълим даргоҳларида, маҳаллаларда ўтказилаётган семинар ва давра суҳбатлари орқали бу борадаги тушунча ва тасаввуримни янада бойитяпман.

Яқинда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланганидан ҳаммамиз хабардормиз. Энди сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда ҳам фаол қатнашиб, номзодларнинг Сайловолди дастури билан тўлиқ танишиш ниятидаман.

Очиғи, Президент сайлови яқинлашган сари ҳаяжоним ортмоқда. Бунинг масъулиятини ҳис этиб турибман. Мен шу юрт тақдирини белгиловчи ёшлардан бири эканимдан фахрланаман.

 

Кумуш ШЕРҚЎЗИЕВА, Андижон вилояти, Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

— Албатта, олдимизда турган муҳим сиё­сий воқелик биз ёшларда катта ҳаяжон уйғотади. Ҳозирги сиёсий жараёнларни кузатиб боряпман.

Президент сайлови фуқароларнинг эркин овоз бериши орқали бўлиб ўтадиган муҳим ҳуқуқий ва сиёсий жараёндир. Унда ҳар биримиз иштирок этишимиз, Ватан тақдирини ўз тақдиримиз билан чамбарчас боғлаб, энг муносиб номзодга овоз беришни фуқаролик бурчимиз, деб биламан.

Менинг хулосам шундай: Президент жамиятда ўз обрў-эътиборига эга бўлган, халқ дарди билан яшайдиган, юртдошларимизнинг оғирини енгил қила оладиган, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган инсон бўлмоғи керак.

4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда менинг овозим ҳам аҳамиятга эга эканини биламан. Албатта, бу имкониятдан фойдаланиб, ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бераман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.