05.11.2016

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ТАШАББУСКОРЛИККА ЙЎЛ ОЧИШИ КЕРАК

Хатамжон Кетмонов наманганлик сайловчилар билан учрашди

Учқўрғон туманида видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган учрашувда барча туман ва шаҳарлардаги сайловчилар қамраб олинди. Учрашувни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев кириш сўзи билан очди ва ­Президент сайлови мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа эканини, бу жараёнда сайловчиларнинг фаоллиги долзарб аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгашининг раиси, Президентликка номзоднинг вилоятдаги ишончли вакили Дилором ­Абдураҳимова сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Кетмонов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод аввал Наманган вилоя­тида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлашга вилоят аҳлининг қўшаётган катта ҳиссасини эътироф этди.

Айтиш керакки, номзодимиз дастури Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғоя ва мақсадларига, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг парламентдаги кўпчилик — Демократик кучлар блокига нисбатан мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланган. Унда аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, бунда давлатнинг тартибга солувчилик ­ролини мустаҳкамлаш масалалари илгари сурилган.

Шунингдек, энг кам истеъмол харажатлари стандартларини белгилашда замонавий механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, бу борадаги дастурнинг сўзсиз бажарилиши юзасидан парламент назоратини кучайтириш билан боғлиқ режалар белгиланган.

— Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади, — дея таъкидлади Хатамжон Кетмонов. — Иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифаларимиз бу — давлатимизнинг молиявий-иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш, шу орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашдан иборатдир.

Ўзимизда ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобига ички бозорни тўлдириш, нарх-наво ошишининг олдини олишга қаратилган товар ҳамда хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини яратиш ва амалга ошириш, бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини янада кучайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Бу масаланинг аҳамиятли томонларига тўхталадиган бўлсак, бозорларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш орқали биз нафақат нарх-наво арзонлашишига эришамиз, балки янги иш ўринлари очилиши учун имкон яратган бўламиз. Демак, мазкур йўналишдаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда ўша жойдаги аҳолининг қизиқиш ва имкониятларини ўрганиш яхши самара беради, деб ўйлайман. Ўз-ўзидан бу маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини кучайтиришни тақозо этади.

«Иқтисодий ислоҳотларга — ижтимоий самарадорлик!», «Кам таъминланганларнинг кучли ижтимоий ҳимояси учун курашамиз!», «Ижтимоий ҳимоя ташаббускорликка йўл очмоғи даркор», «Кексаларимиз учун муносиб пенсия таъминоти!» каби ғоялар сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Айниқса, аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш долзарб вазифа экани қайд этилди.

Учрашувда Косонсой туман ­маданият ва спорт ишлари бўлими мутахассиси, «Ёш сиёсатчи — 2016» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби Хуршида Бобожонова, партия ва меҳнат фахрийси ­Маматвали Тур­ғунов, Уйчи спорт коллежи ўқитувчиси Адиба Абдураҳмонова, «Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Маҳмуджон Парпиев ва бош­қалар номзоднинг дастурий мақсадлари юзасидан сўзга чиқиб, сайловчиларни Хатамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Президентликка номзоднинг сайловолди дастуридаги пенсия таъминотини такомиллаштириш, коммунал хизматлар тарифларини мақбуллаштириш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ёндашувлар сайловчиларни кўпроқ қизиқтирди. Учрашувдаги савол-жавоблар асосан ана шу масалаларни қамраб олди.

Ўзекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этиб, сайловчиларни фаолликка чақирди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.