03.11.2016

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ – ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

Бугун мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари тобора обод бўлиб бораётгани, янгидан-янги корхоналар барпо этилиб, барқарор иш ўринлари яратилаётгани туфайли фуқароларимизнинг турмуши фаровонлашиб, ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланмоқда.

Сўнгги йилларда, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг йирик корхоналар билан саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ютуқларга эришишда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам қонуний асослар муҳим аҳамият касб этмоқда. Қонун устуворлиги тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишнинг кафолати бўлмоқда.

Самарқанд вилоятида ҳам прокуратура органлари томонидан мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, инвестиция, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этишга йўналтирилган қонунлар ва ҳукумат қарорларининг ижросини таъминлаш, шу орқали янги иш ўринлари яратилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, қонун ҳужжатлари асосида берилаётган қулай имкониятлар, енгилликлар ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, яқинда қабул қилинган Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармонда ўта муҳим қоидалар ўз аксини топганлиги кенг тар­ғиб қилинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида прокурорлар томонидан жойларда 9599 нафар тадбиркор ҳамда 5511 нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашган 376 тадбир ўтказилди. Учрашувлар жараёнида мурожаат қилган 258 нафар тадбиркорга амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Прокуратура органлари ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбирларда маҳаллий ҳокимликлар, адлия, солиқ, савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари, давлат бош­қаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, коммунал хизматлар кўрсатувчи идоралар, «Ягона дарча» марказлари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг ўзида прокуратура томонидан кўрсатилган амалий ёрдам натижасида муқаддам ишини тўхтатган тадбиркорларнинг фаолиятини тиклаш натижасида 96, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш натижасида 500 янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни, «2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури»нинг ижроси юзасидан олиб борилаётган доимий прокурор назорати тадбирлари ҳам соҳадаги ишлар самарасини оширишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Вилоятда бу борада қабул қилинган дастурга асосан 61 мингдан ортиқ, яъни белгиланган режага нисбатан 101,8 фоиз ҳисобида янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

Шундан 21 мингдан зиёди тижорат банкларининг кредитлари, 8 мингдан ортиғи якка тартибдаги тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобига ташкил этилган. 8647 янги иш ўрни деҳқон ва фермер хўжаликларида, 3514 таси саноатда, 2981 таси қурилишда ва 3503 таси хизмат кўрсатиш соҳасида барпо этилган, 1201 иш ўрни эса фаолияти қай­тадан тикланган тадбиркорлик субъект­ларида яратилган.

Вилоят прокуратураси томонидан Самарқанд шаҳрида аҳоли ва меҳмонларга транспорт хизмати кўрсатишда қулайликлар яратиш, ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий савияси, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш масаласига ҳам жиддий қаралмоқда. Жумладан, лицензия олмасдан фаолият юритиб келган ҳайдовчиларга транспорт корхоналарига аъзо бўлишларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 300 га яқин фуқаронинг банд­лиги таъминланган.

Айни вақтда, ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари прокурор назорати ҳужжатлари асосида бартараф этилган. Жумладан, 2015 йилда Нур­обод, Нарпай, Пастдарғом ва Оқдарё туманлари ҳокимликлари ҳузуридаги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурини бажариш юзасидан мувофиқлаштирилган ишларни ташкил этиш бўйича доимий комиссиялар масъул ходимлари қонунга зид ҳаракат қилишди. Улар томонидан аслида яратилмаган 612 янги иш ўрни ҳисоботларда қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазо ­муқаррарлиги таъминланди.

Нуробод тумани Бандликка ­кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази мансабдор шахслари эса иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳақида мурожаат қилган М.Ҳайдарова ва бошқа 7 нафар фуқаро мурожаатларини кўриб чиқмасдан, йўқотиб юборганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, олиб борилган назорат тадбирлари жараёнида тадбиркорликнинг ривожланишига ҳамда янги иш ўринлари яратилишига ғов бўлаётганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Масалан, Самарқанд шаҳар ер тузиш ва давлат мулк кадастри хизмати бўлими мансабдор шахслари якка тартибдаги тадбиркор И.Саиджоновдан савдо дўконига тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига пора талаб қилганлиги ёки Ургут тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Б.Бойматов тадбиркор М.Ибодуллаевни молиявий жаримага тортиш билан қўрқитиб, таъмагирлик қилгани учун суднинг қора курсисидан жой олди.

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 350 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилганлиги, шундан 35 ҳолатда давлат хизмати кўрсатиш тартибини бузиш, 22 ҳолатда тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз муддатида кўриб чиқмаслик, 7 ҳолатда ортиқча маблағ ундириш, 3 ҳолатда тадбиркорларни ноқонуний жавобгарликка тортиш ва 280 ҳолатда бошқа қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Ўтган даврда тадбиркорларга ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги бинолар қуриш учун жами 28,6 гектар ер майдонлари олиб берилиши, банклардан 218,6 миллион сўмлик кредит ажратилиши таъминланди. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор М.Ҳамидовага Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2016 йил 17 мартдаги қарори билан 72 кв. метр ер майдони ажратилди ва пировардида янги иш ўринлари яратилиши таъминланди.

Ўтказилган тадбирлар натижаларига кўра, аниқланган қонун бузилишлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб      бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 41 тақдимнома киритилиб, ноқонуний қарорларни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш тўғрисида 32 протест келтирилди. Шунингдек, 29 нафар мансабдор шахс маъмурий, 54 нафари интизомий жавобгарликка тортилди. Тадбиркорлар манфаатига етказилган 357 миллион сўм зарар ихтиёрий ундирилди. Қонуннинг қўпол бузилиши ҳолатлари юзасидан 7 та жиноят иши қўзғатилиб, 253 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ишлар натижасида шу йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлар томонидан 1231 кичик, 183 оилавий ва 9 қўшма корхона ишга туширилди.

Албатта, бу муваффақиятлар ҳукуматимиз томонидан иқтисодиёт соҳасида амалга оширилаётган оқилона сиёсат туфайли эканини яхши биламиз.

Масаланинг бир жиҳатини чуқур англаб олишимиз керак. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш замирида янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётимизни ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини муттасил ошириб боришдек муҳим мақсад турибди. Бошқача айтганда, бутун халқимиз манфаатига дахлдор иш бу. Шундай экан, қонунда белгиланган вазифаларни тўла-тўкис бажарилишини таъминлаш зиммамизга катта масъулият юклайди.

 

Темур ҚОДИРОВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси

Қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: